21:13 / 03.06.2022
1 364

"Актёрлар" ҳали катта саҳнага чиқмади, Кападзе жамоасининг Осиё Кубогидаги имкониятлари қандай?

"Актёрлар" ҳали катта саҳнага чиқмади, Кападзе жамоасининг Осиё Кубогидаги имкониятлари қандай?
Темур Кападзе бошчилигида Париж Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган жамоамиз юртимизда старт олган қитъа биринчилигида иштирокини бошлаганидан хабарингиз бор. Хўш, биринчи учрашувдан сўнг ёшларимиз ҳақида қандай тасаввур пайдо бўлди? Жамоанинг потенциали қандай? Имкониятлари-чи? Бугун шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

Биринчи учрашув ҳеч қачон осон кечмаган. Боз устига, деярли бир жамоа бўлиб 15 кун ҳам машғулот ўтказмаган, турнир олдидан назорат ўйинида иштирок этмаган йигитлардан бундан ортиқ нима кутиш мумкин? "Пахтакор" стадионидаги ўйинни Кападзе шогирдлари шунчаки характер эвазига қутқариб қолишди. 70-дақиқага қадар барча аспектларда устунлик бизда бўлгани рост, аммо бу таблода кўринмаса, у нолга тенг! Бу футболнинг ёзилмагани қонуни. Туркманистонда билан баҳс бизга йигитлар ҳали бир жамоага айланишга улгурмаганини кўрсатди. "Насаф" аъзолари майда пасга ихтисослашган 3-4-3 га тобора кўникаётган бўлса, "Пахтакор" 5 йилдан бери 4-2-3-1 схемасидан фойдаланади.

"Олимпик"даги йигитлар эса, 4-3-3 нинг асл версиясида 2 йилдан бери тўп тепиб келмоқда. Бирваракайига 3 хил схема ва ўйин фалсафасида суяги қотган йигитларни 1 ой ичида қайта тарбиялашнинг имкони йўқ. Агар мусобақада фақат "Олимпик" клуби аъзоларигина ҳаракат қилганида, мураббийга бир мунча осон бўлар эди, бироқ катта ўйинларни фақатгина кучли жамоавий ўйин билан ютиб бўлмайди.

Баъзида ижрочилар даражаси оғир вазиятларда асосий қуролга айланади. Айниқса, тенг кучли рақибларга қарши тўқнашувларда. Мутахассис буни тўғри тушунгани учун ҳам Ҳусайн Норчаев, Ҳожимат Эркинов, Жасур Жалолиддинов сингари йигитларга каттароқ юклама бермоқда. Улар ҳали тўлиқ бир темпга тушиб олмасдан туриб катта ҳажмдаги ишни бажаришига тўғри келмоқда. Соддароқ қилиб айтсак, Ўзбекистон U23 100 фоиз бир жамоага айланганича йўқ.

Катта эҳтимол билан, Қатарга қарши ўйинда ҳам бу муаммо кўзга ташланиши мумкин, лекин 3-турга келиб, йигитлар бир ритмни ушлаб олишига ишончим комил. Агар гуруҳдан чиқсак, вакилларимиз янада йиғиқ ва тезкорроқ ҳаракат қилишни бошлайди. Ҳозирча, "Олимпик"нинг меҳнаткаш йигитлари ва катта номлар уйғунлашиб кетишни уддалагани йўқ. Бу омил Туркманистонга қарши беллашувда яққол кўзга ташланди. Бироқ унутмаслик лозим, бу шунчаки репетиция.

Очиғи, Темур Кападзе мусобақада иштирок этадиган футболчилар рўйхатини эълон қилганида, енгил тортдим. Юртимизда бўлаётгани ва бизда қилинган меҳнат натижа билан баҳоланишини инобатга олиб, 23 ёшли йигитлардан иборат жамоа йиғилишидан хавотирим бор эди. "Олимпик" ғояси ўз кучида эканлигидан хурсанд бўлдим. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон мезбонлик қилаётган қитъа биринчилиги олтин медаллари 3 кунлик эйфориядан бошқа ҳеч нарса бермайди. Хитойдаги чемпионлик сўзимизга исбот бўлади.

Япония ва Жанубий Кореяни ортиқча муаммосиз плей-оффда енгган йигитларимизнинг ҳозир 70 фоизи кутилган даражага кўтарилмади. Қолган 30 фоизи эса, футбол радаридан чиқиб ҳам кетди. Шундай экан, Ўзбекистон Олимпия термасининг турнирдаги исталган натижасини муносиб қабул қилишга тайёр бўлиш лозим. Хатто, гуруҳда қолиб кетсак ҳам бундан фожиа ясаш ноўрин. Асосий мақсадимиз Париж Олимпиадаси бўлар экан, катта ғалаба олдидан кичик тўқнашувларда енгилишни ўрганиш шарт.

Тўғри, бу сўзларим ғалати эшитилиши мумкин, аммо бунга тайёр туриш шарт. Ҳозир Кападзе қўл остидаги йигитлар (фақат Абдувоҳид Неъматов бундан мустасно) учун бу илк Осиё чемпионати. U23 жамоамизнинг бор эътибори Париж йўлланмасига қаратилган. Ҳозир, Темур Тоҳирович ва унинг жамоасидан натижа талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Қайтараман, бу катта ўйин олдидан шунчаки репетиция! "Актёр"лар унда ўзини эркин ҳис қилиши, бемалол ишлаши учун имкон яратиш керак.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Актёрлар" ҳали катта саҳнага чиқмади, Кападзе жамоасининг Осиё Кубогидаги имкониятлари қандай?