07:30 / 17.06.2022
1 100

Терма жамоамиз аъзоси билан финал олдидан суҳбат: "Ўйиндан олдин бизга жуда яхши мотивация беради"

Терма жамоамиз аъзоси билан финал олдидан суҳбат: "Ўйиндан олдин бизга жуда яхши мотивация беради"
Ўзбекистон U-23 терма жамоамиз ярим финалда Япониядек кучли рақибни хотиржамлик билан доғда қолдиришга муваффақ бўлди.

Гарчи стадионга мухлислар киритилмаганига қарамасдан йигитларимиз ватан учун бор кучини беришди. Энди бўлса, олдинда охирги ўйин – Саудия Арабистонига қарши финал турибди.

Терма жамоамиздаги барча йигитлар юқори салоҳиятга эга ва катта иқтидори борлиги билан ҳам мақтана оламиз. Ана шундай йигитларимиздан бири ҳимоячи Одилбек Абдумажидов бўлиб, японларга қарши баҳсда ўз позициясида бехато тўп сурди. Sports.uz мухбири эса ушбу футболчи билан суҳбатда бўлди.

- Одилбек, Японияга қарши муҳим учрашувда терма жамоамиз ҳар жиҳатдан яхши ўйин намойиш этди. Бундай катта ўйидан қандай таассуротлар қолди?
- Биласиз, Япония термаси Осиёда жуда кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Шунга яраша учрашув ниҳоятда қийин кечди. Аллоҳга шукр, Яратган эгам бизга ютишни насиб қилган экан, мана, муҳим ғалабани қўлга киритдик.

- Стадионга мухлислар киритилмади. Ишқибозларсиз ўйнаш қандай туюлди? Барибир бундай муҳим паллада уларнинг далдасини ҳис қилмаслик жамоага таъсир кўрсатиши ҳам мумкин эди. Айтинг-чи, бу жараённи қандай енгиб ўтдинглар?
- Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Стадионга мухлислар киритилмаган тақдирда ҳам ортимизда бутун Ўзбекистон турганини ҳис қилиб турдик. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди.

- Ўйиндан олдин бош мураббий Тимур Кападзенинг кўрсатмаси қандай эди? Ҳар қалай японларга деярли имконият қолдирмадик...
- Уларнинг кучли ҳамда кучсиз тарафларини бизга яхшилаб тушунтириб берди. Шунга асосан қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Гарчи бизга берган кўрсатмаларини тўлиқ бажара олмаган бўлсак-да, муҳими ғалаба қозониш насиб қилди.

- Умуман олганда, Кападзе сизларни қандай сўзлар билан руҳлантирди?
- Ўйиндан олдин бизга жуда яхши мотивация беради. Буни оддий сўз билан ифодалашим қийин.

- Япония терма жамоасида айниқса Сузуки футболчиларимизга бир мунча муаммолар туғдиришга уринди. У захирага олингач, сизларга анча енгиллик бўлдими?
- Бу футболчини яхши маҳоратга эгалигини айтишганди. Биз ҳам шунга қараб яхшилаб тайёрландик. Лекин ўша ўйинчи бизга унчалик қийинчилик туғдирмади.

- Финалдаги рақибимиз – Саудия Арабистони ҳам муносиб ўйин кўрсатиб келяпти. Сизнингча, рақиблар орасида энг кучлисими?
- Албатта. Ахир улар бекорга финалгача етиб келишмади.

- Демоқчиманки, ҳар қилувчи учрашувга доимгидан-да бошқачароқ тайёргарлик кўрасизларми? Финалдан нимани кутяпсиз?
- Ҳаммаси Аллоҳдан. Биз сабабчимиз холос. Худо хоҳласа, яхши тайёргарлик кўриб, чемпион бўламиз. Бу асосий мақсадимиз.

- Саудияликларни финалгача ўтказган ўйинларини кўрдингизми? Масалан, қайси позицияси анча кучли?
- Ҳа, уларнинг ўйинларини кўрдим. Саудия Арабистони термаси ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этади. Шунга монанд барча футболчилари тезкор. Лекин биз пухта тайёргарлик кўриб, энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз.

- Адашмасам, фаолиятингизда бу биринчи финал, шундайми?
- Бундай катта чемпионатда биринчиси.

- Сиз учун дастлабки финал эканини ҳисобга олсак, қўшимча ҳис-ҳаяжонлар сезиляптими? Бундай маҳалда руҳан кучли бўлиш ҳам жуда муҳим...
- Ҳаяжон йўқ, аммо учрашувга бўлган масъулият бор. Худо хоҳласа, биз учун ота-онамиз, мураббийларимиз, халқимиз, барча-барчалари дуодалар. Насиб бўлса, ҳаммаси жамоамиз учун яхши якун топади.

- Демак, фаолиятингизда бўлажак энг катта ва энг жиддий ўйин, тўғрими?
- Шунақа деса ҳам бўлади. Чемпионликни қўлга киритиш албатта бизга насиб қилади, деб умид қиламан.

- Ўта муҳим баҳс олдидан мухлисларга қандай гапингиз бор?
- Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам Худодан. Биз ғалаба учун боримизни берамиз, бу аниқ. Чунки бутун эътиборимизни ушбу учрашувга қаратганмиз. Халқимиздан дуода бўлишларини сўрайман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамиз аъзоси билан финал олдидан суҳбат: "Ўйиндан олдин бизга жуда яхши мотивация беради"