13:00 / 19.06.2022
1 234

Тимур Кападзе: "Жасур Жалолиддинов финалда улар билан қандай натижа қайд этишимизни айтган"

Тимур Кападзе: "Жасур Жалолиддинов финалда улар билан қандай натижа қайд этишимизни айтган"
Яқиндагина “SPORTS.uz” сайтининг “You Tube” платформасидаги расмий саҳифасида Ўзбекистон U-23 жамоаси бош мураббийи - Тимур Кападзе билан телефон орқали суҳбат уюштирилди. Ҳозирда финалга тайёргарлик кўраётган мутахассис сайтимиз журналисти томонидан берилган саволларга жавоб бериб ўтди. Жонли эфирни томоша қилишга улгурмаган кузатувчиларимиз учун, ушбу суҳбатни ёзма версиясини тақдим этамиз.

- Авваламбор, Япония устидан қозонилган ғалаба билан табриклаймиз.
- Раҳмат, ўйлашимча бу барчамизнинг ғалабамиз бўлди. Насиб қилса, финалда ҳам юзимиз ёруғ бўлади деган умиддамиз.

- Келинг, суҳбатни Япония билан ўйин ҳақидаги савол билан бошлайман. “Бунёдкор” стадионидаги баҳсда сиз япониялик мураббийдан бир қадам олдинда бўлдингиз. Йигитлар ҳам совуққонлик намойиш этди. Ғалабанинг асосий омили нима деб ўйлайсиз?
- Очиғи, Японияни яхшилаб ўрганиб чиққан эдик. Қайси аспектларда кучли эканлигини билар эдик. Уларнинг майдондаги ҳар бир ҳаракатида мантиқ бор. Ҳар бир футболчисининг қаерга очилиши ва қандай комбинациялар уюштиришини билар эдик. Шу боис, йигитларга барчасини тушунтирдик. Кўрганингиздек, рақибга деярли имконият қолдирганимиз йўқ. Прессинг қилган ҳолда, 90 дақиқа ўз ўйинимизни рақибга ўтказа олдик. Натижада, уларда ҳеч нарса ўхшагани йўқ.

- Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мухлислар киритилмагани ҳам фойдангизга ишлаганини, шогирдларингиз ҳар бир кўрсатмаларингизни эшитиб тургани ҳақида айтдингиз?!
- Бу ҳазил тариқасида айтилган сўзлар. Мухлисларимиз бўлганида, бундан-да яхшироқ ўйин ўтказган бўлар эдик. Уларнинг ёрдамида биз янада кучли бўлаётганимизни барча кўриб турибди. Ватан жамоаси майдонга чиққанида, мана шундай жипслашган ҳолда ҳаракат қилиш лозим. Ишқибозларнинг ҳар бирига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Кеча фанатлар бўлмаганидан сўнг, йигитлар бўм-бўш стадионда мени кўрсатмаларимни кўпроқ эшитди. Шу воқеага асосланиб қилинган ҳазил эди бу.

- Айтинигчи, Ироқ билан ўйиндаги қизил карточка ва ўтказиб юборилган голдан кейин ҳам совуққонликни йўқотмадингиз. Ғалаба қозонишга ишонч шу қадар баландмиди?
- Мураббийлик фаолиятим давомида биринчи бор шундай ҳолатга тушиб қолдим. Учрашувнинг бошида четлатиш ва ўтказиб юборилган гол. Ҳар бир ўйинга тузилган режа бўлади. Бизни ҳамма ўйлаганларимиз 10 дақиқа ичида йўққа чиқиб кетди. Ўша пайтда, нима қилишни билмай қолдим. Кимни майдондан олишни узоқ ўйлашга тўғри келди. Ҳужумчини олай десам, ҳали 80 дақиқа олдинда турибди ва гол киритишимиз шарт. Ўйинни охирлари бўлса, ўйлаб ўтирмай ҳужумчини олган бўлар эдим. Бу вазиятда футболчиларга раҳмат айтиш керак. Улар охиригача ҳаракат қилиб, вазиятни биз томонга ўзгартирди. Шунингдек, мухлисларнинг ҳам ғалабада ҳиссаси катта. Гарчи бир киши кам бўлсак-да, улар бизнинг 11-ўйинчимиз бўлиб, йигитларга ишонч бера олишди.

- Финалда Саудия Арабистони билан тўқнаш келамиз. Айнан саралаш доирасидаги учрашувда бу жамоа билан Тошкентда тўқнаш келгандик. Айтингчи, Саудия Арабистонини финалга чиқишини кутганмидингиз?
- Ҳа, ростини айтиш керак финалда бу жамоани кутмаган эдик. Лекин мусобақа олдидан Жасур Жалолиддинов финалда улар билан тўқнаш келиб, бош совринга эга чиқамиз деган фикрни айтган эди. Аммо булар шунчаки тахминлар, холос. Албатта, Саудия кучли жамоа. Улар билан Тошкентда икки марта ўйнадик. Қандай ўйнашидан хабаримиз бор. Рақиб таркибида ҳам етарлича ижрочилар бор. Бироқ, Худо хоҳласа, ғалаба қозонамиз деб умид қиламан. Мухлислар майдонга киритилиши ҳам яхши янгилик. Умид қиламизки, биз ўз мақсадимизга етамиз.

- Охирги савол! Олдинроқ, финал “Пахтакор”га кўчганида йигитлар янада тезкорроқ ўйин кўрсатиши мумкин эди деб айтган эдингиз. “Бунёдкор” стадионининг ҳозирги аҳволи футболчиларимизнинг ўйинига салбий таъсир ўтказмайдими? Шу ҳақида ҳам икки оғиз гапирсангиз.
- Тўғрисини айтсам, халақит қилиши мумкин. Сабаби, нафақат чим, балки стадион ичида ҳаво ҳам жуда дим. Шу сабабдан болаларда тезда чарчоқ аломатлари сезилиб қолмоқда. Шунингдек, майдоннинг аҳволи тўп узатмаларида ҳам камчиликларни юзага келтирмоқда. Бироқ, иложимиз йўқ. Биз охиригача ҳаракат қиламиз. Мухлислар биздан қандай натижа кутаётганидан хабаримиз бор.

- Мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
- Биринчи навбатда мухлисларга катта раҳмат. Биз яхши биламиз, улар ажойиб тарзда мухлислик қилиб, бизга катта куч бермоқда. Менимча,бу яхши ҳолат. Чунки, бу — ватан жамоаси. Уларни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаш керак. Бу эса бизга куч бериб, йигитлар янада катта куч билан ҳаракат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе: "Жасур Жалолиддинов финалда улар билан қандай натижа қайд этишимизни айтган"