07:00 / 20.06.2022
2 197

Кападзе ҳам мағлубиятга бардош бера олмади! "Ҳа, у йиғлади, чунки ҳамма нарсага жонини берди"

Кападзе ҳам мағлубиятга бардош бера олмади! "Ҳа, у йиғлади, чунки ҳамма нарсага жонини берди"
Афсуски, U-23 Осиё Кубоги финалида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонига 0:2 ҳисобида ютқазди, аламли мағлубият. Шунча йўл босиб келдик ва бир қадам қолганида “йиқилдик”.

Лекин бу бизни кучли қилади, биз йигитларга ишонамиз. Бу жуда таъсирли ўйин. Ҳатто, Темур Кападзе ҳам мағлубиятга бардош бера олмади ва кўз ёшларини майдонга тўкди. Биз мағлубиятга лойиқ эмасдик, аммо рақибни кучини ҳам тан олиш марднинг иши.

Саудия Арабистони гол ўтказмасдан чемпион бўлди. Терма жамоамиз эса ҳар қандай ҳолатда ҳам биз учун қаҳрамонлар. Биз ҳали бошлаган ишимизни тугатганимиз йўқ, барчаси олдинда. Шунчаки, финалдаги мағлубиятдан аниқ хулосаларни чиқариш лозим ва ушбу ўйин бизни янада кучли жамоага айлантиради.

Ушбу финал ҳамда Кападзе жамоаси ҳақида яна кўп ёзилади. Ҳозир эса учрашувдан кейин Жасур Абдураимов билан ўйинни таҳлил қиламиз.

- Жасур ака, финал ўйинини кўрдингиз. Учрашувдан кейин қандай хулосаларга келяпсиз?
- Йигитларга қойил, улар ҳаракат қилишди. Асосийси, ўз ўйинини кўрсатишга интилишди. Лекин тўғрисини айтганда, Саудия Арабистони кучли экан. Барибир ўзимизни ўйинчиларимизга раҳмат. Охиригача курашишди. Тимур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар штабига ҳам албатта раҳмат айтиш керак.

- Финалдаги муҳим баҳсда бизга нима етишмади, деб ўйлайсиз?
- Барча курашларни ютқаздик. Бу бўлиб туради, лекин кўрсатмаларни аниқ бажаришга ҳаракат қилиш керак. Энг муҳими, жамоа бор. Улар олдинги чизиқда индивидуал қолганда бемалол алдашади. Жамоамиз ўз йўналишида ишласа, жисмоний ҳамда атлетизм томондан ҳам яна қўшишса ҳаммаси яхши бўлади.

- Саудия Арабистони термаси финалгача гол ўтказмасдан келганди. Биз уларнинг ушбу сериясини бузмоқчи эдик. Бироқ якунда саудияликлар гол ўтказмасдан мусобақа ғолиблигига айландилар...
- Ўйлашимча, Саудия зўр жамоа. Биринчи навбатда тактик жиҳатдан ажойиб ўйин кўрсатиши муҳим ролни ўйнаяпти. Учрашув давомида ҳам қачон максимал ишлаш ва қачон “пауза” қилиш, тўпни назоратга олиш – бу борада уларда барчаси юқори даражада. Вақтида югуришади ва бирга-бир вазиятларда ҳам алдаб ўтиб кетишяпти. Ўйин ташкилотчилигини яхши йўлга қўйишган. Шунинг учун ҳам гол ўтказишмади. Индивидуал тарздаги маҳоратлари ҳам жойида. Саудия Арабистонида жамоавий ўйин яхши.

- 0:2 ҳисоби кўпчилигимиз учун кутилмаган натижа бўлди-да! Сиз ғолиб ўйин вақтида аниқланишини ўйлаганмидингиз ёки пенальтилар сериясигача боришини тахмин қилаётганмидингиз?
- Бу натижа бўйича биринчи навбатда мураббийлар штаби таҳлил қилиб, қайси вазиятларда ютқаздик, йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаш керак. Албатта, бу нарсалар ҳам ёрдам беради. Энг муҳими, Олимпиадага чиқиш лозим. Финалдаги хатоларни тузатиш даркор. Аммо мен асосий вақт дуранг билан тугаса керак, деб ўйлагандим. Барибир Саудия ҳам яхши ўйнади-да. Бизда бироз босим бўлди. Ҳеч қиси йўқ, бундай ўйинлар бизни янада кучли қилади. Барча деталларни айтсак ҳам кўпчилик тушунмайди.

- Ўйин тугагач, Темур Кападзе ҳам ҳиссиётларни беркита олмасдан йиғлаб юборди. Унинг ҳолатига нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, йиғлади. Мен уни тушунаман. Бундай жараёнларни фақат мураббийлар ич-ичидан яхши ҳис қилишади. У ҳамма нарсага жонини берди. Фақат охири бироз ёқимсиз бўлди. Асосийси, ўзимиздан мана шундай ажойиб мураббийлар чиқяпти. Кимдир финалда ўйнаяпти, кимдир чемпион бўлди. Бизда ҳам яхши мураббийлар бор. Фақат ишонч билдириш керак.

- Умуман олганда, мазкур Осиё чемпионатидаги иштирокимизни қандай баҳолайсиз ва келажакда бу футболчилардан нима кутяпсиз?
- Умумий ҳолатда йигитларимиз яхши ўйнадилар. Замонавий талаблар, ўйиндаги ҳужумкорлик, ҳар бир учрашувда тинимсиз ҳаракатлар бўлди. Жамоамизнинг ўйини менга ёқди. Биз яна ишлашда давом этишимиз лозим. Биринчи навбатда мураббийлар штаби ва Кападзени табриклаш керак. Уни яна қўллаб-қувватлашда давом этиш муҳим. Стадионга шунча мухлислар келди, уларга ҳам раҳмат. Бу терма жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатяпти. Худо хоҳласа, бу жамоамиз Олимпиадага чиқади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кападзе ҳам мағлубиятга бардош бера олмади! "Ҳа, у йиғлади, чунки ҳамма нарсага жонини берди"