08:20 / 02.07.2022
1 012

Самвел Бабаян: "Турнир жадвалида мухлисларимизни хурсанд қиладиган ўриндамиз"

Самвел Бабаян: "Турнир жадвалида мухлисларимизни хурсанд қиладиган ўриндамиз"
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг 13-туридан ўрин олган АГМК — “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Самвел Вячеславович ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- Аввало “Навбаҳор” мухлисларини бугунги ғалаба билан табриклайман. Шунингдек, бугун ажойиб ўйин намойиш этган йигитларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шогирдларим ҳақиқий профессионал эканликларини исботлашди. Бугун майдонда ҳақиқий жанг кечди. Сабаби, ютуқ икки жамоа учун жуда муҳим эди. Менимча, мазкур баҳс шу кунгача бўлиб ўтган чемпионатнинг энг қизиқарли учрашуви бўлди. Бизга муносиб рақиблик қилган мезбонларни ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Улар бизга муаммо яратишди. Аммо бугун ўйин ташкил қилишда биз бор эътиборимизни бир жойга жамлагандик. Лекин иккинчи бўлим бошида ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Умуман олганда, жамоамиз жуда яхши ўйнади. Турнир жадвалида мухлисларимизни хурсанд қиладиган ўриндамиз. Мухлисларимиз ўйинимиздан қониқишлари учун барча ишни қиламиз.

- Боян Цигерни чап қанот ҳимоясида ўйнатдингиз. У бироз секин ҳаракатланди. Унинг ўйини ҳақида гапирсангиз...
- Умуман олганда, Цигер кўп қиррали ҳимоячи эмас. У чемпионат бошида ёмон ўйнамади. Бу мажбурий қарор эди. Цигер майдонга тушишидан олдин фақатгина бир марта машғулотларда қатнашди. Унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолари бор эди. Умуман олганда, профессионал футболчи қайси позицияда ўйнамасин, у мураббий талабларини бажариши керак. Цигер бугун буни уддалади. Уни алмаштирганимизга келсак, Цигерда сариқ карточка бор эди. Унда иккинчи сариқ карточкани олиш хавфи бўлгани учун Боянни алмаштирдик.

- Жамоа яқинда Диёр Туропов билан шартнома имзолади. Давралар оралиғида таркибда яна янги футболчилар пайдо бўладими?
- Диёр Туропов масаласига келадиган бўлсак, Шаҳбоз Беғамов исмли инсон бу янгиликни бутун мамлакатга эълон қилиб юборди. Туропов билан расман шартнома имзоласак, буни эълон қиламиз. Умуман олганда, жамоадаги селекцион ишлар давом этмоқда.

- Зоран Марушич борасида Москванинг “Торпедо” жамоаси билан музокаралар бўлаётгани борасида клуб сайтида эълон қилинганди. Шу масалага тўхталиб ўтсангиз...
- Тўғри, “Торпедо” клуби Марушичга қизиқмоқда. Жамоа спорт директори Марушични анчадан бери кузатмоқда. У Грузияда ажойиб мавсум ўтказди. Бироқ, Марушичнинг шартномаси бор ва ҳозирда у “Навбаҳор” аъзоси ҳисобланади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Самвел Бабаян: "Турнир жадвалида мухлисларимизни хурсанд қиладиган ўриндамиз"