1 244
Ҳафта трансферлари: «Челси» катта харидлар қилди, «Юве» текинга топ футболчилар олишда давом этади...
Европа клублари бозорда фаоллашмоқда — сўнгги ҳафтада 20 дан ортиқ келишув имзоланди. Қуйида сўнгги кунларнинг асосий трансферлари келтирилади.
Раҳим Стерлинг: «Манчестер Сити» → «Челси» (56,2 млн евро)
Раҳим Стерлинг «Челси»нинг Роман Абрамовичдан кейинги даврдаги илк трансфери бўлди - энди америкалик Тодд Боэли бошқарувига ўтган Лондон клуби ушбу футболчи учун 45 млн фунт сарфлади. Англиялик футболчи «Ман Сити» сафида 2015 йилдан бери тўп сурди ва 200 дан ошиқ ўйинда майдонга тушди. Якунланган мавсумда у 47 ўйинда 19 гол уриб, етти голли узатмага муаллифлик қилди. «Челси» бош мураббийи Томас Тухел Стерлингнинг ёши, тажрибаси ва ўйин услуби жамоага мос келишини айтган. Раҳимнинг Англия миллий жамоасидаги сафдошларидан бири Мэйсон Маунт у лондонликлар клубини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаган. 27 ёшли Стерлинг 2027 йил ёзига қадар амалда бўлувчи шартномага имзо чеккан («5+1» схемаси бўйича).
Стерлинг - «Интер»га ижарага берилган Ромелу Лукаку учун ўринбосар эмас, у енгилроқ, тезкорроқ, технар ва белгиялик форвард каби марказда эмас, қанотда ўйнашни афзал кўради. У «Сити»даги етти йилда кўп бор позициясини ўзгартирган ва кўпроқ чап қанотда фойдали ўйин кўрсатган. Тухел янги мавсумда ҳам марказда Ҳаверцдан фойдаланади, ҳужум учлигидаги яна бир ўринни шубҳасиз Маунт банд этади: Пулишич ва Ҳадсон Одои ўсишга эришмади, Зиёш «Милан»га кетмоқчи, Вернер ҳужумларни якунлашда самарали эмас. Стерлинг эса олдинги чизиқдаги исталган позицияни ёпа олади. «Челси»да 2016/17 йилги мавсумдан буён барқарор гол урувчи тўпурар бўлмаган, ўшанда Коста АПЛ ўйинларида 20 гол урганди. Стерлинг бу натижадан ўта олмаса ҳам, клубнинг самарадорлиги ошиши тайин.
Калиду Кулибали: «Наполи» → «Челси» (38 млн евро)
Ёзда «Челси» икки марказий ҳимоячисини йўқотди. Антонио Роюдигер «Реал» билан, Андреас Кристенсен — «Барселона» билан шартнома имзолади. Уларнинг иккиси ҳам «Челси»ни эркин агентлар мақомида тарк этишди ва клубга бу трансферлар фойда келтирмади. 31 ёшли Кулибали «Наполи»да 2014 йилдан буён ўйнаб келади, ҳар йили унинг номи қатор клублар билан боғлаб келинган бўлса-да, клуб раҳбари Аурелио Де Лаурентис уни клубда олиб қолишда давом этди. Энди эса сенегаллик футболчи Англия топ-клуби билан 2026 йилга қадар амал қилувчи шартномага имзо чекди.
Кристиан Эриксен: «Брентфорд» → «Манчестер Юнайтед» (эркин агент)
Бир йил олдин даниялик футболчининг карьераси якунига етгандек эди. Ушбу футболчи Евро-2020 ўйинида клиник ўлимни бошдан кечирган ва кўпчилик уни пенсияга жўнатишганди. Кристиан «Интер»ни тарк этишига тўғри келди, футболчига кардиостимулятор ўрнатилганди, Италияда эса бундай мослама билан майдонга чиқиш тақиқланган. Шунга қарамай, 30 ёшли Эриксен жиддий шуғулланишда давом этди ва ўтган йил охирида, қишки трансферлар доирасида «Брентфорд» сафига қўшилиб, ярим мавсумда эътиборли натижа қайд этди (11 ўйин, бир гол, тўрт узатма). Энди эса Кристиан яқин уч йилни «Манчестер Юнайтед»да ўтказадиган бўлди.
Артуро Видал: «Интер» → «Фламенго» (эркин агент)
Ўтган мавсум якунлангач «Интер» маошлар ведомостини қисқартириш учун бор имкониятни ишга солган ҳолда Видалдан қутулишга ҳаракат қилиши маълум эди. Якунда томонлар ўзаро розилик асосида шартномани бекор қилишди. 2021/2022 йилги мавсумда Видал 40 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урди ва Италия Кубогини қўлга киритди. Чилилик футболчи қаршисида фаолиятининг янги босқичи — у Бразилиянинг «Фламенго» клуби билан шартнома имзолади.
Анхел Ди Мария: «ПСЖ» → «Ювентус» (эркин агент)
Аргентиналик футболчи икки ҳафта муқаддам эркин агентлар бозорида пайдо бўлди, унинг «ПСЖ» билан шартномаси узайтирилмади. 34 ёшли Ди Мария тезда ўзига янги клуб топди ва «Ювентус» билан шартнома имзолади. Италияда хабар қилишларича, ушбу футболчи трансферига туринликлар бош мураббийи Массимилиано Аллегри шахсан қизиқиш билдирган. Анхел «Ювентус» Италиянинг асосий клуби эканини эътироф этиб, унда янги клуби билан кўплаб совринлар ютиб олиш имконияти борлигини таъкидлаган. «ПСЖ» сафида аргентиналик 2015 йилдан буён тўп суриб келаётганди ва қарийб 300 ўйинда майдонга тушганди.
Пол Погба: «Манчестер Юнайтед» → «Ювентус» (эркин агент)
Олти йил олдин «Ювентус» Погбани «Манчестер Юнайтед»га 105 млн евро эвазига сотганди, энди эса уни текинга қўлга киритмоқда. «Пол Туринга қайтди. У бу ердан ёш йигитчалигида кетганди, энди эса ҳақиқий эркак ва чемпион бўлиб қайтди», — дея французнинг трансферини эълон қилган «Ювентус» матбуот хизмати. 29 ёшли футболчи Англияда унда кўплаб муаммолар бўлгани, юраги эса туринликлар жамоаси фойдасига танлов қилганини айтган. Ўтган мавсумда 29 ёшли жаҳон чемпиони 26 ўйин ўтказиб, атиги бир гол урган.
Рафинья: «Лидс» → «Барселона» (58 млн евро)
«Барселона» олдинги чизиқни бразилиялик футболчи билан мустаҳкамлади. 25 ёшли футболчи трансфери арзон тушмади, аммо ўтган мавсумда у деярли ҳар учинчи ўйинида гол урган (АПЛнинг 35 ўйинида 11 гол). Бундай самарадорликни Рафинья 2018 йилдан буён (ўшанда Португалия чемпионатида эди) кўрсатмаганди. Аввалроқ каталонлар клуби ҳимоячи Андреас Кристенсен ва яримҳимоячи Франк Кессьени эркин агентлар сифатида таркибга қўшиб олганди. «Бавария» билан шартномасини узайтирмаган Роберт Левандовскининг трансфери ҳам текинга тушмоқда.
Лука Йович: «Реал» → «Фиорентина» (эркин агент)
Сербиялик ҳужумчи трансфери ноодатий схемаларда кечди. «Фиорентина» футболчи учун бир евро ҳам тўламади, «Реал» эса 2024 йил ёзига қадар унинг маошининг ярмини тўлаб боради. Шу билан бирга, мадридликлар жамоаси унинг кейинги сотувидан 50 фоизлик улуш олади. Йович тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтиб, «2+2» шаклидаги шартномага имзо чеккан. 24 ёшли ҳужумчи 2019 йилда «Реал» томонидан сотиб олинганди, аммо асосий таркибдан ўрин ололмади ва 51 ўйинда атиги учта гол урди. Энди Лука фаолиятини Италия чемпионатида қайта тиклаб кўришга уринади.
Клеман Лангле: «Барселона» → «Тоттенҳэм» (ижара)
Лондонликлар клуби яна бир янги футболчи билан сафини тўлдирди, аммо бу сафар ижара асосида. Аввалига Лангле «Тоттенҳэм»га ўтишга рози бўлмаётганди, аммо Антонио Конте уни кўндирди. Бош мураббий футболчи билан суҳбат ўтказган ва унга кўпроқ ўйин амалиёти беришни ваъда қилган. Лангле бир мавсумга ижарага олинган, келишувда уни сотиб олиш ҳуқуқи йўқ. 27 ёшли француз вазиятини ўзгартириши зарур эди, чунки у ўтган мавсумда Ла Лигада фақат бешта ўйинда тўлиқ ўйнаган. «Тоттенҳэм» бунгача Иван Перишич, Ив Биссума, Ришарлисон ва Фрейзер Форстер каби футболчилар билан бойиганди.
Андреас Перейра: «Манчестер Юнайтед» → «Фулҳэм» (9,5 млн евро)
Бразилиялик футболчи 2015 йилдан буён «МЮ» аъзоси эди ва бу вақтда кўп бор ижарага берилди. У Испания, Италия ва Бразилияда ўйнаб келди. Ўтган мавсумда «Фламенго»да 29 ўйинда уч гол урган. Андрес ниҳоят «Манчестер Юнайтед»ни тарк этди, аммо АПЛда қолди. Июн ойи охирида Перейра «Фламенго»да барча нарса ўзини қониқтираётгани ва шу ерда қолишини айтганди. У «МЮ»нинг асосий жамоаси учун жами 75 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урган.
Федерико Бернардески: «Ювентус» → «Торонто» (эркин агент)
Канада клуби италиялик футболчиларни жамламоқда. Бунгача Доменико Кришито ва Лоренцо Инсинье «Торонто» билан шартнома имзолаганди, энди эса «Ювентус»нинг собиқ футболчиси Шимолий Америкага келмоқда. Бернардески туринликлар клуби сафида 2017 йилдан буён ўйнаётганди, ўтган мавсумда 36 ўйинда «гол+пас» тизими бўйича 8 (2+6) очко тўплади. Европа чемпиони энди ўз кучини Шимолий Американинг асосий лигасида синаб кўради, «Торонто» эса итальянлар мослашишда қийналмаслиги учун барча ишни қилмоқда.
Андрей Ярмоленко: «Вест Ҳэм» → «Ал-Айн» (эркин агент)
Украина терма жамоаси футболчиси БААга йўл олди, у айни вақтда «Ал-Айн»ни бошқараётган украиналик Сергей Ребров билан ишлайди. Аввалроқ Украина нашрлари Киевнинг «Динамо» клуби президенти футболчига шартнома таклиф қилгани, аммо Ярмоленко бошқа вариантни афзал кўрганини хабар қилганди. Ўтган мавсумни Андрей Англияда ўтказди ва шартномаси муддати якунлангани туфайли «Вест Ҳэм»ни тарк этди. Ребров Ярмоленко келиши биланоқ БААда жуда қизиқарли чемпионат борлиги ва бу ердаги рақобат УПЛдагидан кам эмаслигини айтди.
Пепе Рейна: «Лацио» → «Вильярреал» (эркин агент)
Тажрибали испан дарвозабони ватанига қайтди ва бир йиллик шартнома имзолади. Сўнгги йилларда Рейна Италияда («Наполи», «Милан», «Лацио») ўйнади, аммо ўтган мавсум у учун кўнгилдагидек кечмади. Чемпионатнинг иккинчи даврасида дарвозабон захирада қолиб кетди ва фақат Италия Кубогидаги икки ўйинда ўйнади. Бир ярим ойдан кейин Рейна 40 ёшга чиқади, аммо у ҳозирча фаолиятини якунламоқчи эмас. Дарвоқе, Пепе «Вильярреал»да аввал ҳам ўйнаган (2002 йилдан 2005 йилгача), кейин «Ливерпул»га кетганди.
Нани: «Венеция» → «Мельбурн Виктори» (эркин агент)
Европа чемпиони сўнгги беш йилда кўп бор клуб алмаштирди. 35 ёшли португалиялик ватанида ҳам, Италия ва АҚШда ҳам ўйнади. Ўтган мавсум «Венеция» аъзоси эди, аммо клуб А Серияда жон сақлаб қололмади. Нани Италия футболининг юқори дивизионида 10 ўйинда майдонга тушди, аммо мавсумнинг сўнгги ойларида захира ўриндиғида қолиб кетди. Энди ушбу фахрий футболчи Австралия клуби билан бир йиллик шартнома тузган.
Бошқа трансферлар:
Сўнгги тўрт йилни Италияда ўтказган колумбиялик 33 ёшли дарвозабон Давид Оспина «Наполи»ни эркин агент сифатида тарк этди ва пул ишлаш учун Саудия Арабистонини танлади. Унга «Реал» ва «Атлетико»дан қизиқишлар бор эди, аммо бу клублар унга «Ал-Наср»дан кўра каттароқ маош ҳам, асосий таркибдан ўрин ҳам таклиф қила олмасди.
Мали терма жамоасининг 22 ёшли таянч яримҳимоячиси Шейк Дукур «Ланс»дан «Кристал Пэлас»га ўтди. У беш йиллик шартнома имзолаган.
«Ливерпул» тарбияланувчиси Неко Уильямс «Ноттингҳем Форест» билан тўрт йиллик шартномага имзо чекди. 21 ёшли футболчи мерсисайдликларнинг асосий жамоасида 33 ўйинда майдонга тушишга улгурди.
Швециялик ҳимоячи Людвиг Аугустинссон «Севилья»дан «Астон Вилла»га йўл олди. Англия клуби футболчини бир мавсум учун ижарага олган.
«Барселона» ҳужумчиси Рею Манай «Уотфорд» аъзосига айланди. Каталонлар клуби футболчининг қайта трансферидан 50 фоиз улуш олади.
«Спортинг» «Барселона»дан 22 ёшли яримҳимоячи Франсиску Тринканни ижарага олди. Икки йил олдин каталонлар уни «Брага»дан 31 млн еврога харид қилишганди.
18 ёшли украин яримҳимоячиси Егор Ярмолюк «Брентфорд» билан «3+1» схемасида шартнома имзолади. «Днепр-1» футболчиси трансферидан 1,5 млн евро ишлади.
«Монако» гладбаҳнинг «Боруссия»сидан ҳужумчи Брила Эмболони сотиб олди. Келишув қиймати 12,5 млн еврони ташкил этган.
Яримҳимоячи Маттиас Сванберг «Болонья»дан «Вольфсбург»га ўтди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди