Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров 5 йиллик фаолиятидан кейин ёзги трансфер ойнасида «Шаржа»дан «Фотиҳ Карагюмрук» клубига ўтди. 26 ёшли футболчининг Бирлашган Араб Амирликларидан Туркия Суперлигасига кўчиб ўтиши олдинга ташланган қадам экани шубҳасиз. Айниқса, ўзбек яримҳимоячисининг Андреа Пирло қўл остида тўп суриши барчани хурсанд қилади. Отабек Шукуров Туркияда Tribuna.uz ва Kun.uz мухбирига илк эксклюзив интервью берди.
«Шаржа»дан кетиши ва Европа клубига ўтиш мақсади
- Ҳали Туркияга келганимизга икки кун бўлди. «Шаржа»дан «Фотиҳ Карагюмрук»га ўтишим мақсадим билан боғлиқ. Аввалдан Европада тўп суришни истаганман, Туркияда эса Европада ном таратган кучли клублар бор. «Шаржа» билан олдиндан шу масалани муҳокама қилиб келганмиз. Охирги шартномаларимда ҳам шундай банд киритгандикки, Туркия, Россия ёки кучли бешлик чемпионатларидан таклиф бўлса, «Шаржа» мени қўйиб юбориши талаб этиларди. Шунга асосан БАА клубини тарк этиб, Туркияга келдим.
«Фотиҳ» клуби дастлаб агентимга таклиф берган, кейин эса «Шаржа»га расмий таклиф билан чиққан. «Шаржа» раҳбарияти эса кетмаслигимни хоҳлаб, ҳатто менга айтмаган. Бу нарсани кейин билиб олдик. Шу бир ой ичида бўлган бу. Агентим ҳам таклифни айтиб турганди.
Нега айнан «Фотиҳ Карагюмрук»ни танлади?
- Туркиянинг бу жамоасидан тушган таклиф мени шу жиҳати билан эътиборимни тортдики, бу клуб бош мураббийи – Андреа Пирло экани билан боғлиқ эди. Чунки фаолиятимдаги чўққимни Европада тўп суриш деб мақсад қилганман. «Шаржа»га ўтишим ҳам ўзи айрим сабаблар билан рўй берган ва бу ерда қолиб кетдим. Лекин ҳаммаси Аллоҳдан, насиб қилгани бўлади, барибир. Биз амалини, ҳаракатини максимал даражада қилиб келганмиз ҳар доим, қолганини Худога таваккал қилганмиз. Мана, Туркияга ўтиш насиб қилган экан. Тезроқ мослашиб олишга интиляпмиз.
«Шаржа»дан кетиш ҳам осон бўлмади. Улар мажбур қўйиб юборишди. Бу клубда 4-5 йил ўйнаб, нафақат клуб раҳбарияти, ходимлар, мухлислар, умуман бутун Шаржа билан жуда яқин бўлиб қолгандик. «Шаржа» раҳбариятидан бошқа таклифлар борлиги, БАА ва Саудия Арабистони клублари ҳам чақираётгани, аммо янада ўсиш учун ҳам Европага ўтишга рухсат беринглар деб сўрадим.
Пирло қўл остида ўйнаш учун нималардан воз кечгани ҳақида
- Пирло жамоасига ўтиш учун нималардан воз кечдим? Тўғрисини айтсам, бугунлардан ўзимга келдим. Чунки футболчи учун 4-5 йил кичик вақт эмас. 21 ёшимда Шаржага келган бўлсам-да, бу ердан жуда кўп нарса топганман. Фақат молиявий тарафдан эмас, футболчи сифатида 100га яқин давлатда бўлганман, аммо Шаржадагидек яшаш муҳити, менга мос жойни топиш қийин. Бу шаҳардаги исломий муҳитдан кўп нарса олдим. Шаржада мени танийдиган инсонлар борки, яхши кўрарди. Ёши катталари ҳатто «ўғлим» дерди. Клубдан кетганимга улар ишонмай, ҳаммаси ёзишмоқда. Бундай қадриятларни сўз билан ифодалаш қийин. Энг асосийси мана шундай муҳитни йўқотдим.
Шаржанинг шайхи, клуб президенти кетмаслигимни бир неча бор сўради. Бу пулдан муҳимроқ. Дубай бошқа шароит, асосан сайёҳлар учун, аммо Шаржада яхши яшаш учун ҳамма нарса бор эди – тинч, сокинлик, ҳар 500 метрда масжид, биргина мен турган маҳалланинг ўзида 3та масжид бор эди. Тасаввур қилинг, иш билан банкгами, бирор идорагами борсам, ҳамма жойда менга «яшил чироқ» эди. Шунақа муҳитдан воз кечишимга тўғри келди. Бунинг барчасини карьерам учун қилдим – футболчи сифатида ўсиб, янги чўққиларни забт этиш учун.
«Қоғоз бериб, хоҳлаган рақамингни ёз дейишди»
- Ҳа, молиявий жиҳатдан ҳам катта рақамларни ташлаб келдим. 1,8 млндан 650 мингга тушдими маошим? «Шаржа» келишимдан аввал олдимга қоғоз ташлади. Майли, шунга хоҳлаган рақамингни ёз, агар биз қилиб бера олмайдиган бўлсак, унда жамоадан кетишингга қаршилик қилмаймиз, дейишди. Олдингиданам кўп. Аммо мен, «кетишга аҳд қилдим, рухсат беринглар, оқ йўл тиланглар, Инша Аллоҳ карьерам яхши бўлиб кетса, бир кун қайтарман», дедим. Тўғрисини айтсам, унданам каттароқ рақамларни йўқотдим. Оилам ҳам мен нима десам рози бўлиб, мени қўллаб-қувватлади. Улар ҳам Шаржага жуда ўрганишганди.
«Бу клубни трамплин бўлиши учун ҳам танладим»
- «Фотиҳ» билан расман шартнома имзоладим. Улар менга 2+1 шаклида келишув таклиф қилишди, мен эса фақат икки йиллик шартнома туздим. Бу жамоа мен учун трамплин бўлиши учун ҳам танладим. Туркия Суперлигасида ўйнаган биринчи ўзбек футболчиси бўласан дейишди. Бу ҳам ўзига хос катта масъулият. Кейинчалик ҳам ўзбек футболчиларига бу ерда талаб бўлиши учун ўзимни яхши томондан кўрсатишим керак. Аллоҳ юзимизни ёруғ қилиб, нима мақсадда келган бўлсак, хайрлисига етказишидан умидвормиз.
«Пирлонинг ўзи таклиф қилгани, сўраб тургани учун ҳам Шаржадаги муҳитга кўз юмдим»
- Ҳа, «Фотиҳ» Туркиянинг гранд клублари олдидан нисбатан кичик клуб. Бошида ҳам бу клубдан таклиф борлигини айтишганида, унчалик ҳам эътибор қаратмадим. Аммо бу жамоада мураббий Пирло экани таклифни қабул қилишимга етарли бўлди. Чунки футболни тушунган борки, Пирло қандай ўйинчи бўлгани, қандай ўйнаганини яхши билади. Айниқса, Пирлонинг ўзи менга қизиқиш билдириб, таклиф қилгани, ўзи сўраб тургани учун Шаржадаги муҳитга кўзни юмиб, келишга қарор қилдим. Инсон ҳаётида нимагадир эришиш учун, нимадандир воз кечишига тўғри келади. Эҳтимол, бу мен учун бурилиш нуқтаси бўлар.
«Пирлонинг ҳам, менинг ҳам мақсадим бир – кучлироқ чемпионатга ўтиш»
- Яна бир эътиборимни тортган жиҳат «Фотиҳ Карагюмрук» ўйинчиларни яхшироқ даражага кўтариб, бошқа жамоаларга трансфер қиладиган жамоа. Бу клуб уч йил аввал Суперлигага чиққан. Клуб президенти, спорт директори билан гаплашдим, бу клубнинг асосий мақсади трансферлардан даромад кўриш. Бу ҳам жамоани танлашимга туртки бўлди. Бу ерда яхши ўйнаб, янада кучлироқ чемпионатга йўл олиш мумкин. Пирлода ҳам мақсад шу – бу ерда ўзини мураббий сифатида яхшироқ кўрсатиб, яна А Серияга қайтиш. У ҳам биздек мақсадда келган. Клуб ҳам ваъда берди – яхши таклиф тушдими, қўйиб юборамиз, сотишга тайёрмиз деб. Энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, мухлисларимиз ва барчанинг ишончини оқлаб, юзимиз ёруғ бўлиши учун бор куч ва имкониятимни ишга соламан.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Отабек Шукуров, Шаржа, Туркия, Фотиҳ Карагюмрук “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди