08:31 / 05.09.2022
1 464

Ўйиндан ўт, "Локомотив"да ... чиқди. Ёхуд Кахи ёлғиз эмас

Ўйиндан ўт, "Локомотив"да ... чиқди. Ёхуд Кахи ёлғиз эмас
Сарлавҳани нотўғри тушунманг, Тошкент клубида катта муаммо чиққани назарда тутилган. Кеча ўзбек футболидаги барча ташкилот ва шахсларнинг почтасига хат келиб тушди. Унда "Локомотив" клуби ва жамоа сардори Кахи Махарадзе гўёки келишилган ўйинларда иштирок этгани иддао қилиняпти.

Аслини олганда бу мавзу ўзимизда анчадан бери ўрганилаётган эди. Мен "темирйўлчилар" атрофида шубҳали ишлар бўлаётганидан май ойида хабар топганман (пастроқда исбот ҳам бўлади). Табиийки, келишилган ўйинларга қарши курашувчи органлар биздан ҳам олдинроқ ҳолатни ўрганишни бошлашган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Нега оммага ошкор қилинмади ёки...

"ЛОКОМОТИВ" АЪЗОЛАРИ ЖАЗОЛАНМАЯПТИ?
Ҳаммаси оддий. Шубҳа остидаги 1 киши (дейлик, Кахи) сўроқ қилинса, унинг бошқа шериклари сергак тортиши мумкин эди. Биласиз, овга чиққан сайёд ўлжасини ҳуркитиб юбормаслик учун имкон қадар овозсиз бўлишга ҳаракат қилади. Шу туфайли мен ҳам манбадан каттароқ "балиқ" келишини кутаётган эдим. Аниқроқ айтилса, "Локо"да тотал билан фақат 1 киши шуғулланмаяпти. Уларнинг барчасини ушлаш учун яна озроқ вақт керак эди. Бугун ОАВга сиздирилган хабар эса сукунатни бузиб, "кийиклар тўдасини қочириб юборди". Начора, энди мен ҳам "карталарни" очишга мажбурман.

МАХАРАДЗЕНИ ШЕРИКЛАРИ СОТДИ
Кахи ҳақидаги хабарни тарқатган киши ўзини букмейкерлик компанияси инспектори сифатида таништиряпти. Аслида ундай эмас. Буни хат юборилган электрон манзиллар орасида СпортРадар борлигидан англаб олиш қийин эмас (бу ташкилот барча канторалар билан бевосита ишлайди). Шунингдек, "188bet" сингари легал компаниялар Ўзбекистон чемпионатида қизил карточкани "ставка" қилмаслигини ҳам унутмаслик керак (2016 йилда ҳакамларимиз ўз ўйинига пул тикаверганидан кейин ёпилган). Хатни "Локомотив" сардори билан қайсидир нолегал букмейкер ўртасида турган шахс (ҳамкор) ёзган. Воқеа эса у ерда кўрсатилганидан фарқ қилади:

Маълумотни сиздирган киши анчадан бери "темирйўлчилар" билан ишлайди. Охирги ўйинлардан бирида улар келишган "ставка" ўхшамай қолган. Маълумот учун, бунақа схемада ўхшамаган "ставка"дан кўрилган зарарни кейинги ўйинда ўша футболчилар қоплаб бериши керак.

Куйиб кетган пул муносабатларга совуқчилик солган. Шундан кейин "Локомотив" сардори тўғрисидаги маълумотларнинг бир қисми чиқарилди. Улар Махарадзе орқали бошқаларга таҳдид қилаётган бўлиши мумкин. Агар зарар қопланмаса, барча шарманда бўлади.

ОАВ хабар топгани...
Ёмон бўлди. Буни ишонч билан айта оламан. Тепада "Локо" атрофида шубҳали ишлар бўлаётганини май ойида сезганимни айтдим. Ҳозир сизга ҳеч қаерда тарқалмаган, ҳеч кимга юборилмаган маълумотни айтаман:

23 май куни ўтказилган Тошкент дербисидан жуда катта сумма кўтарилган эди (-1,5 "фора"га ишланган)...

Биласизми, тотализаторни аниқ ҳисобга ўйнашдан қийини йўқ ва буни 1 киши эплай олмайди. Кимларнинг қўли "кир" эканини тўлиқ билиб олиш учун эса яна бироз вақт керак эди. Ҳозирги ҳолатда Кахи барча айбни ўз бўйнига олиши мумкин. Унинг бошқа шериклари сувдан қуруқ чиқиб кетади. Шунинг учун 3 ойдан бери кутаётган эдик (кимдир ҳаммасини расво қилди).

МАХАРАДЗЕ ЁЛҒИЗ ЭМАС
Аниқ ҳисобни чиқариш учун майдондаги футболчиларнинг 4-5 нафари "ставка"га ҳаракат қилиши керак. Хуллас, Кахи гапирадиган бўлса, кўпчилик кетади. Мен ўрганишларим натижасида яна бир футболчидан жиддий тарзда шубҳаланиб келяпман. Бу "Оқтепа"дан "Локомотив"га кўчиб ўтган Самуэль Опех.

Тасаввурга эга бўлишингиз учун баъзи фактларни келтираман:

1. 10-тур: "Пахтакор" 2-голини ураётган лаҳзада "актёрлик" қилди.

2. 12-тур: Норхонов гол ураётган паллада уни тўлиқ ёпмади.

3. 15-тур: Мираҳмадов АГМКнинг 4-голини урганда балки уни айблаш қийиндир. Лекин ўша куни "темирйўлчилар" Олмалиқ клуби қарши ҳужумга қочиб, гол уриши учун барча нарсани қилишган эди.

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?
Махсус инспекцияда ер тагида илон қимирлашини олдиндан биладиган одамлар ўтирибди. Ўйлашимча, улар ҳам "балиқларнинг ҳаммаси сув юзига чиқишини кутиб", қармоқ ташлаб ўтирганди. Юқорида айтганимдек, битта хабар барчаси расво қилди. Ҳозир биттагина йўл қолди: Кахини гапиртириш.

Махарадзенинг айби исботланса, барча унвонлари бекор қилинади ва футболдан муайян муддатга четлатилади. Агар бу ишда жамоа раҳбариятидан кимнингдир қўли бўлса, "Локомотив" очколардан маҳрум қилиниши, қуйи лигага тушириб юборилиши ёки мусобақадан четлатиши мумкин. Воқеалар ривожини кузатамиз.

БОНУС
Айни кунларда "Локомотив" ўйинига қилинган охирги "ставка"ни ўрганаётган эдим. Бунақа ишларда шубҳа тасдиқланиши жуда кўп вақтни олади. Аммо гумонларим тўғри бўлса, тез орада футболимиз афсоналаридан бирининг асл юзини кўрасиз. Ваъда бераман!

Муаллиф: Faxriddin Ro'ziyev

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўйиндан ўт, "Локомотив"да ... чиқди. Ёхуд Кахи ёлғиз эмас