14:37 / 17.09.2022
1 279

Никола Лазаревич: "Ўзбек футболи ҳақидаги фикрим анча ўзгарди, бу йил "Қизилқум" чемпион бўлади!"

Никола Лазаревич: "Ўзбек футболи ҳақидаги фикрим анча ўзгарди, бу йил "Қизилқум" чемпион бўлади!"
“Навбаҳор” – “Қизилқум” ўртасидаги ўйин анча тортишувларга сабаб бўляпти. Барчаси тўп Азим Аҳмедовнинг қўлига теккан вазиятда ҳакам пенальти қўймагани билан боғлиқ. Ўйиндан кейин “Қизилқум” бош мураббийи Никола Лазаревич матбуот анжуманида ичидаги бор гапни айтиб юборди.

Ютқазган жамоа устози сифатида ўша ҳолат унга ҳам алам қилиши аниқ эди. Лазаревич матбуот анжуманига кириб чиққанидан кейин барибир ўзи билан гаплашмасак бўлмасди.

Чунки унинг гаплари ва пенальти қўйилмаган вазият акс этган видео ижтимоий тармоқларда бош мавзуга айланди. Лазаревич ярим тунда бизнинг сўровимизга жавоб қайтарди.

- Келинг, ҳаммасини бошидан бошлайлик. Намангандаги ўйин, белгиланмаган пенальти ва матбуот анжуманидаги гапларингиз...Ҳаммаси интернетда, ижтимоий тармоқларда роса “айланяпти”. Энди барчаси тугади. Ҳозир нима ҳақида ўйлаяпсиз?
- Ҳа, ўша вазиятда ҳаммаси тушунарли эди. Бутун Ўзбекистон ўша ҳолатни кўрди. Ҳакам яққол қоида бузилишини кўриб турганига қарамай, пенальти белгилашга жазм этмади. Ўзингиз ҳам менинг бу фикримга қўшилсангиз керак. Энди нима ҳам қилиш мумкин? Ҳаммаси тугади. Энди воқеалар ривожини ортга қайтаришнинг асло иложи йўқ.

Бундан кейин бошни тик тутган ҳолда йўлимизда давом этмоғимиз керак. Албатта, бугунги ўйинни обдон таҳлил қилиб чиқмоқчимиз. Ҳали олдинда талайгина учрашувлар бор. Охиригача кураш олиб борган ҳолда олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз. Менинг иштирокимдаги матбуот анжуманига келсак, доим, ҳар қандай вазиятда ҳаммасини очиқ-ойдин, рост гапиришга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, ўзингиз ҳам айтган гапларимда жон борлигига ишонган кўринасиз. Мен бу гапни фақат бугунги ўйин тафсилоти ҳақида эмас, балки умумий маънода айтмоқдаман.

- Ўйиндаги ҳолатлар бўйича сизда қандайдир шубҳа пайдо бўлдими?
- Албатта, ҳар қандай можароли ҳолат юзасидан кишида шубҳа пайдо бўлиши тайин. Аммо учрашув ҳақидаги таҳлиллар обдон ўтказилмасдан туриб бир нарса дейиш қийин. Чунки можароли вазиятни ҳар ким ўз назари билан кўради, қаричи билан ўлчайди. Мураббий ўз қарашига, мухлислар ва ўйинчилар эса ўзларига хос қарашларга эга. Шукрки, атрофимда менга ишонадиган, тушунадиган одамлар бор. Шубҳа билан исбот талаб қилмайдиган ҳолат ўртасида фарқ бор, албатта. Агар қўлимда аниқ исбот далил бўлмаса, шунчаки, гапиришга одатланмаганман.

- Бу йил “Қизилқум” “Навбаҳор”га қарши уч марта ўйнади ва барчасида мағлуб бўлди. Сизнингча, “Навбаҳор” кучлими?
- Ҳа, “Навбаҳор” билан жорий йилда уч бор учрашдик ва ҳар сафар мағлуб бўлдик. Биринчи ўйинни ёдга оладиган бўлсак, ўшанда йўл қўйган хатоларимиз эвазига мағлубият аламини тотишга мажбур бўлгандик. Дарвозамиздан ўтказиб юборилган иккита гол йўл қўйилган қўпол хатоларимиз туфайли амалга ошганди. Ўшанда ҳам ўйинни бошқарган ҳакамлар ўз ишларини ҳалол олиб боришган эди, дея олмайман. Умуман олганда, ҳакамлар билан боғлиқ можароли ҳолатлар ҳақида гапириш унчалик тўғри ҳам бўлмаса керак.

Лекин ҳакам рақиб фойдасига қарорлар қабул қилаётган учрашувда кураш олиб бориш жуда ҳам мушкул. Иккинчи ўзаро тўқнашувимизда мағлубиятга учрамаслигимиз ҳам мумкин эди. Бироқ аксига олиб охирги паллаларда омад биздан юз ўгирган. Ваҳоланки, дуранг натижани сақлаб қолишимиз ҳам мумкин эди. Энг ачинарлиси ўйиндаги тўхталишлар учун қўшиб берилган дақиқаларда дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Ҳолбуки, баҳснинг иккинчи ярмида кўрсатган ўйинимиз билан бундай мағлубиятга лойиқ эмасдик.

- Хўш, бу йил ким чемпион бўлади?
- Бу йил ким чемпион бўлади? Албатта, “Қизилқум”! Чунки бизда ҳали охиригача курашиш учун имконият сақланиб турибди. Охирида нима бўлишини вақт кўрсатади. Бунга қадар эса максимум даражада ўйинларни ўтказишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бошқа даъвогарларни ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Масалан, “Насаф”ни. Шунингдек, “Пахтакор” билан “Навбаҳор” ҳам чемпионлик учун яхши имконият ҳосил қилиб турган клублар саналишади. Ҳали мавсум тугашига яна 7 та ўйин бор. Шундай экан, кўп нарса ўзгариб кетиши тайин.

Юқорида айтганимдек, нима бўлишини охирида кўрамиз. Назаримда, “Насаф” ва “Олимпик” ҳам жуда яхши таассурот қолдирадиган ўйинлар намойиш этишяпти. Мен замонавий футбол тамойилларига таянган ҳолда тўп сураётган ва чемпионликка даъвогар клублар ҳақида гапиряпман. Яна такрорлайман: чемпионлик учун яхши имконият “Насаф”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор”да юзага келган.

- Демак, “Қизилқум”да чемпионлик имконияти сақланиб турибди...
- Юқорида айтганимдек, ҳали “Қизилқум”ни чемпионлик курашидан чиқариб юборишга эрта. Кўриб турганингиздек бизда ҳам имконият сақланиб турибди. Имконият бор экан, курашишда давом этиш керак. Нима бўлишини охирида кўрамиз. Бир сўз билан айтганда, “Қизилқум” чемпионлик учун охиригача курашишда давом этади. Қолганини эса олий ҳакам вақт кўрсатиб беради.

- Ўзбек футболи ҳақидаги фикрларингиз ўзгардими?
- Ўзбек футболи ҳақидаги қарашларим ўзгарганми? Ҳа, олдингига нисбатан анча ўзгарган. Бу ерга келиб иш бошлаганимдан бери ўтган 9 ой давомида кўп нарса ўзгарди. Сизларда иқтидорли футболчилар жуда кўп экан. Шундай экан, сизларда ҳали катта имкониятлар юзага келади. Энг асосийси, Ўзбекистонда футбол даражаси анча баланд. Бир сўз билан айтганда, бу ердаги футбол мақташга арзигулик. Ўйинлар анча ранг-баранг кечяпти, чемпионлик учун бир қатор клубларда яхши имконият юзага келган.

Шу боис 100 фоиз ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистонга келиб ишлаш ҳақидаги қарорим жуда тўғри бўлган. Албатта, баъзи ҳолларда футболни безамайдиган вазиятларга ҳам дуч келиб турибмиз. Бинобарин, худди бугунги ўйиндаги каби ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатоларга ўхшаш. Бундай нарсалар эса футболни безамайди. Умуман, шунга ўхшаш ҳолатлар фақат футбол ривожига салбий таъсир кўрсатади, холос.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Никола Лазаревич: "Ўзбек футболи ҳақидаги фикрим анча ўзгарди, бу йил "Қизилқум" чемпион бўлади!"