13:32 / 19.09.2022
1 336

Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани ўтказилди
Фото: ЎФА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Камерун ва Коста-Рика терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувларидан олдин матбуот анжуманида иштирок этди.

Ўйин ҳақида

Бизни жуда қийин иккита ўйин кутяпти. Мундиалда иштирок этадиган юқори даражадаги жамоалар. Шу вақтга қадар бундай жамоаларга қарши ўйнамаган эдик. Хавотир олмаяпман, бироқ уларга қарши қандай ўйнашимиз қизиқ туюляпти. Уларнинг ўйинини кузатдим, жуда яхши жамоалар.

Эҳтиёткор ва диққатни жамлаган ҳолда ҳаракат қилишимиз зарур. Охирги вақтлар чемпионатни кузатдим, легионерларимизни кузатдим, яхшилашимиз керак бўлган жиҳатлар жуда кўп. Бундай даражадаги икки ўйинда улар ўзини қандай кўрсатишини кузатамиз.

Кутилаётган натижа ҳақида

Бу шунчаки ўртоқлик ўйинлари. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳар бир ўйин бир-биридан фарқ қилади. Жаҳон Чемпионатига қадар уларда ўйинлар кам, шунинг учун улар бор кучи билан ҳаракат қилади. Мундиалга қадар барча футболчиларини синаб кўришга уринади. Умуман хавотир олмаяпман, бу ўртоқлик ўйинлари. Лекин бу футболчиларимиз учун Осиё ўйинларига тайёргарлик бўлади. Улар ҳам ўзини кўрсатиши учун бир синов бўлади.

Қайдномага киритилган футболчилар ҳақида

Бу босқичда кимдир яхшироқ ҳолатдадир, балки йўқ, лекин фикримча, Шахбоз Умаров, Остон Ўрунов каби футболчиларда сифат юқори. Улар ҳали ёш ва қисқа муддатда терма жамоага ёрдам берадиган ҳолатга чиқиши мумкин. Баъзи футболчилар бор 30 га кирган бўлса-да ҳали терма жамоада ўйнамади.

Ҳамон ўйинчиларни кузатаман, улар ўз ҳолатини яхшилаши лозим. Ҳозир қайдномага киритилган футболчилар замонавий футбол учун керак бўладиган хусусиятларга эга.

Кучли терма жамоаларга қарши дуч келган футболчини терма жамоага жалб эта олмаймиз. Масалан, ФИФА рейтингида кучли юзталикка кирадиган жамоаларга қарши ўйнашимиз мумкин, бироқ кучли терма жамоаларга қарши оптимал формада бўлган футболчиларни чақиришимиз керак. Ҳозир термага чақирмаган футболчиларимни ушбу ўртоқлик ўйинлари учун шартмас деб ҳисобладим, лекин келажакда улар терма жамоадан чақирув олиши мумкин. Ҳали олдинда қийин ўйинлар бор.

Суперлигада терма жамоага чақирилишга лойиқ футболчилар борлиги ҳақида

Доим барча футболчиларни ҳурмат қилганман. Барчани ўз фикри бор. Масалан, чемпионатда яхши ўйин кўрсатаётган Жамшид Искандаров Камерунга қарши ўйинда ўзини кўрсата олмаслиги мумкин. Барча ўйинларни кузатиб боряпман. Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бораман. Бироқ у бошқа даража.

Камерун терма жамоаси футболчиларининг энг бўйи кичкинаси 1,80 см. Жисмоний жиҳатдан жуда кучли терма жамоага қарши ўйин кутиб турибди. Улар тезкор, улар кучли, улар Европада ўйнайди. Чақирилмай қолган футболчиларни Осиё Кубогидан олдинги ўйинларда терма жамоага жалб қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Балки улар ноябрдаги йиғинларга чақирилар. Футболчилар яхши формада бўлса, уларга имконият берилади.

Ҳамма футболчилар ҳам доим идеал формада бўлмайди. Балки легионерларимиз формада бўлмас. Сиз айтишингиз мумкин, нега Элдор Шомуродов «Рома»да захирада бўлса ҳам, терма жамоага чақиряпсиз деб. Элдор захирада бўлмаган вақти ҳам уни терма жамоага жалб этаман. Нега чемпионатда тўпурар бўлиб турган бошқа бир футболчига имконият бермаяпман? Чунки Камерун ва Коста-Рика каби жамоаларга мен билан бир йил давомида ишламаган ўйинчини чақириш тўғри бўлмайди.

Чап қанотда Машариповнинг ўрнини қандай ёпмоқчилиги ҳақида

Шунчаки кузатамиз. Бу ўртоқлик ўйини, Ойбек Бозоров ушбу позицияда қанчалик ўзини кўрсатишини кўрамиз. Бизда бошқа ечим йўқ эди. Тўғри, бундан қониқмаяпман, бироқ бизда бори шу.

Сречко Катанецнинг терма жамоаси клубга ўхшаб қолаётгани ҳақида

Бу бизнинг ишимиз. Бизда масъулият бор. Сиздан (журналистлар) кўра ким таркибга муносиб эканлигини яхшироқ кўраман деб ўйлайман. Йил давомида яхши ўйнаган футболчи ноябрда имконият берилишини кутиши ҳақида тўғри гапиргандирсиз, лекин бунда мураббий нима қила олади? Биламан, мураббий журналистни юта олмайди. Бор гап шу. Мен ҳозир нима десам ҳам бошқача фикр бўлади. Чунки журналистларда доим аргумент бўлади. Сизнинг ишингизни ҳурмат қиламан, мен ҳам ўз ишимни қиляпман.

Ўзбекистон терма жамоасидаги бир йиллик фаолиятида нималарни ўзгартира олгани ҳақида

Ўзимга баҳо бериш менинг ишим эмас. Натижа тарафдан қарасак, менимча, яхши ўйинлар кўрсатяпмиз. Сўнгги ўртоқлик ўйинларини кузатаётган бўлсак, масалан, Таиландга қарши ўйинда жуда яхши томонлама ўзимизни кўрсата олдик.

Ноябрда Россияга қарши ўртоқлик ўйини бўлиши ҳақида

Билмайман. Шундай миш-мишларни эшитдим. Билишимча, Россия 3 та ўртоқлик ўйинида қатнашиш борасида келишиб бўлган. Ҳозирча ноябрь ойида қайси терма жамоага қарши ўйнашимизни билмайман. Бу ёмон, аммо ҳақиқат шундай.

Ўзбекистон U-23 терма жамоасидан футболчилар жалб қилмагани ҳақида

Терма жамоага чақирилиши мумкин эди, бироқ ҳозир улар мен кутган ўйинни намойиш этмаяпти. Шунингдек, терма жамоадаги баъзи футболчилар ҳам олдинги ўйинларини намойиш этмаяпти. Улар ҳозир буни тушунса яхши, лекин тушунмасдан, худди шундай ўйнашда давом этса, бу яхши эмас.

Эслатиб ўтамиз, 19-сентябр куни Ўзбекистон терма жамоасининг сентябрь ойидаги йиғинлари бошланади. Ушбу йиғин давомида терма жамоа Камерун (23-сентябр) ва Коста-Рика (27-сентябр) билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани ўтказилди