21:05 / 20.09.2022
2 422

Шомуродов таслим бўлгани йўқ!

Шомуродов таслим бўлгани йўқ!
Италия А Сериясининг еттинчи тури марказий учрашувида “Рома” ўз мухлислари кўз ўнгида асосий рақобатчиларидан бири – “Аталанта”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бу мағлубият римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо учун жуда аламли бўлганини таъкидлаш лозим.

Италиянинг спортга ихтисослашган энг нуфузли нашрлари чемпионат ўйинлари ва футболчиларнинг иштирокини таҳлил қилишда давом этмоқда. La Repubblica газетаси журналист Андреа Ди Карлонинг Элдор Шомуродов ҳақидаги мақоласини эълон қилди.

- “Рома” ва “Аталанта” учрашуви Элдор Шомуродов учун “ёпиқ эшикларни очиш” учун жуда яхши имконият эди. Аниқроғи, ўзбекистонлик легионерда кераксиз ўйинчидан ўйин қаҳрамонига айланадиган вазият юзага келганди.

Майдонни кам кўрганингдан кейин ўзингга берилган кичик имконият ҳам олтиндек товланади ва уни қўлдан чиқариш сени қайғуга ботиради. “Олимпико” қайнаётган пайтда ўзбек ҳужумчисига икки бор озгина аниқлик етишмади.

Яна бир вазиятда бир неча ҳимоячиларни ортда қолдириб, вазиятдан чиқишнинг энг содда йўлини танлади ва Белоттига тўпни оширишга қарор қилди. Буни энг тўғри қарор дейиш қийин. Тўп манзилга етиб бормади, қайтарилди.

“Олимпико” учун аччиқ алам келтирган бу ўйинда “Рома” 21 маротаба зарба йўллади, уларнинг орасида Шомуродовнинг ҳам уринишлари бор.

Жозе Моуриньо Болгарияда “Лудогорец” билан ўйинда гол урган Элдор Шомуродовдан яна бир бор фойдаланиб кўрмоқчи бўлди ва бутун ёз давомида жамадонини қўлдан қўймаган ҳужумчини майдонга туширди.

Энг эътиборли жиҳати, ўзбекистонлик легионер Тригориядаги жавонини Андреа Белоттига бўшатиб бериши кутилган эди. Тақдирни қарангки, бу икки ҳужумчи “Аталанта”га қарши беллашувни елкама-елка якунлади, - деб ёзди таниқли журналист Андреа Ди Карло.

Таъкидлаш жоизки, мутахассислар “Рома” ҳужум чизиғида вазиятлардан фойдаланиш бўйича муаммо кузатилмоқда. Ўтган мавсум асосий тўпурарга айланган Тэмми Абрахам ўзини кўрсата олгани йўқ. “Аталанта” билан бўлган ўйиндан кейин англиялик футболчи самарасиз ўйини учун мухлислардан узр сўради.

Римликларнинг етакчисига айланиб олган Пауло Дибала машғулотда жароҳат олгани учун “Олимпико”даги ўйинда кўриниш бермади. Жамоа ҳужумларини ташкил қилишда жуда фойдали бўлган Лоренцо Пеллегрини ҳам мушакларидаги шикастланиш сабабли ўз даражасида ўйнай олмади.

Николо Дзаньоло энди жароҳатдан қутилди ва ҳали юқори спорт формасига чиққани йўқ. Стефан Эл-Шаарави ҳам саломатлигини тиклаш билан банд.

Ҳозир “Рома” ҳужумчилари орасида Андреа Белотти ва айниқса, Элдор Шомуродов яхши спорт формасида. Бироқ, Жозе Моуриньо ўзбек ҳужумчисига ишонч билдиришдан кўра, майдонда йўқолиб қолаётган Тэмми Абрахамга кўпроқ суянмоқда.

Элдор Шомуродов эса, рақобатда таслим бўлгани йўқ, у мураббийлар штаби яна қачон майдонга туширишини ва ўша пайт берилган имкондан унумли фойдаланиб қолишни кутиш билан машғул бўлади.

Унгача мамлакатимизнинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Сречко Катенец таклифига биноан Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинида иштирок этади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини Жанубий Кореяда ўтказади ва сафар давомида жаҳон чемпионати иштирокчилари - Камерун ва Коста-Рика футболчилари билан ўртоқлик учрашувида куч синашади.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жами 56 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 30 маротаба ишғол қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов таслим бўлгани йўқ!