07:57 / 23.09.2022
1 044

Иброҳимҳалил Йўлдошев: Рақобатдан қўрқмайман, ўзбек ва рус футболи ўртасида катта фарқ бор (интервью)

Иброҳимҳалил Йўлдошев: Рақобатдан қўрқмайман, ўзбек ва рус футболи ўртасида катта фарқ бор (интервью)
Биласиз, Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ушбу йиғин давомида Жанубий Корея майдонларида Камерун ва Коста-Рика термаларига қарши ҳалқаро ўртоқлик ўйинини ўтказади. Мазкур баҳслар олдидан "оқ бўрилар" ҳимоячиси Иброҳимҳалил Йўлдошевнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Терма жамоа йиғини қандай ўтмоқда? Машғулотлардан кўнглингиз тўляптими?
- Йиғин яхши ўтмоқда, машғулотларда ҳаммаси доимгидек ажойиб. Тайёргарлик жараёнидан кўнглим тўлмоқда.

- Сизнинг чизиғингизда Насруллаев ва Сайфиев каби футболчилар чақирилган. Улар билан рақобат ҳақида қандай фикрдасиз?
- Мен рақобатдан қўрқмайман. Футболчи рақобатга қарамасдан ўз ўйинини яхшилаб бораверса, шунинг ўзи етади. Соғлом рақобат бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Кимдандир ўтиб кетиш учун ўйнаса, футболчи тез синади ёки ўйин даражаси пастга қараб кетади.

- Икки ЖЧ иштирокчилари билан ўйиндаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?
- Ҳозир яхши тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Кечадан машғулотларни бошлаб юбордик. Камеруннинг ўйинларини кўриб чиқдик. Ҳар бир чизиғини таҳлил қилишга уриндик. Мураббий ҳимоя ва ҳужумда қандай ўйнашимиз кераклигини тушунтириб ўтди. Иншааллоҳ, мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

– Катанецнинг ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деган фикрига қандай қарайсиз?
- Тўғри, Катанец ҳимояга кўпроқ эътибор қаратмоқда. У "Нижний Новгород"даги ўйинларимни кўрганини, у ерда йўл қўяётган камчиликларимни айтиб ўтди. Ҳимояда кўпроқ ҳаракат қилишимни сўради. Бу ҳақда фикрим ижобий. Мураббий шу каби нарсаларни яхшироқ билади.

- Кападзе жамоасида ўзингизни кўряпсизми ёки бор эътиборни миллий термага қаратмоқчимисиз?
- Албатта, у жамоада ҳам ўйнасам бўларди. Жароҳатим сабаб 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогини ўтказиб юбордим. Шундай бўлиши керак экан.

Тимур Кападзе МТЖ йиғинидан олдин мени Олимпия машғулотларига чақирган экан. Йиғилишга 1-2 кун қолганда менга МТЖга боришимни айтишди. Аммо Кападзе дастлаб мени ўз таркибига киритган эди.

- Россияда икки маротаба тур рамзий жамоасига киритилдингиз. Клубда асосий таркибдан муҳим ўрин эгалладингиз. Бу мавсумдаги режалар ҳақида нима дея оласиз?
- Биринчи голимни ўтган мавсум ургандим. Бу йил ҳам гол уришга муваффақ бўлдим. Ўзимга бўлган ишончим ортганини ҳис қиляпман. Россиядаги шерикларим билан янада яхши чиқишиб кета олдим. Иншааллоҳ, янада яхши ўйнаб, кейинги турларда ҳам гол уришга ҳаракат қиламан.

Таъкидлаш лозим, бу мавсум РПЛда аввалгисидан кўра яхшироқ иштирок этмоқдамиз. 10-турга келибоқ, ўтган йилгига қараганда кўпроқ очко йиға олдик. Мураббийимиз бизга керакли сўзларни айта олмоқда ва тепага чиқа олишимиз учун қўлидан келганини қилмоқда.

- РПЛга анча мослашиб олдингиз. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ва Россия футболи ўртасида қандай фарқ бор?
- Бу ҳақда кўп сўрашди. Икки мамлакат футболи ўртасида жуда катта фарқ бор. Сабаби, Россия барибир Европа мамлакатлари қаторига киради. Чемпионати ҳам анча кучли. Нафақат легионерлар, балки маҳаллий футболчилар ҳам юқори савияда. Ташкилотчилик борасида ҳам фарқ борлиги сезилади. Бу билан Ўзбекистон чемпионати ёмон, демоқчи эмасман. Аммо барибир Россияга ўтганимда, анча катта фарқ борлиги билинди.

- Бу мавсум янги имижда ҳаракат қиляпсиз. Бу қайсидир футболчига тақлидми?
- Йўқ, йўқ. Бу ҳеч бир футболчига тақлид эмас. Буни услуб ҳам демаган бўлардим. Шунчаки суннатга мувофиқ соч ўстирдим. Кимгадир ҳавас қилиб, соч ўстирганим йўқ.

Жалолиддин Қобилжонов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Иброҳимҳалил Йўлдошев: Рақобатдан қўрқмайман, ўзбек ва рус футболи ўртасида катта фарқ бор (интервью)