1 489
Катанец олдида турган энг асосий муаммо ёхуд Ўзбекистон МТЖ Коста-Рикадан қай тарзда мағлуб бўлди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Кореядаги иккинчи ўртоқлик ўйинини ўтказди. Сречко Катанец шогирдларига жаҳон чемпионатининг яна бир иштирокчиси Коста-Рика рақиблик қилди.
Сречко Катанец бу ўйинда таркиб ва тактикада ўзгаришни амалга оширди. Ҳимоячилар яна “Насаф”лаштирилди. Рустам Ашурматов учрашувда иштирок этмагани боис ҳимоя маркази Ҳусниддин Алиқулов ва Умар Эшмуродовга ишониб топширилди. Қанотда Шерзод Насруллаев тўп тепди. Қолаверса, Сардор Собирхўжаев рақиб ҳужум қилганда ҳимояга ёрдам бериши учун таянч ҳудудга туширилди.
3-дақиқада стандартдан оширилган тўпни Коста-Рика футболчиси жарима майдони ичидан боши билан зарба йўллади. Ўткир Юсупов ушбу вазиятда жамоасини қутқарди.
10-дақиқадан сўнг вакилларимиз ҳам олдинга ўтишни бошлади. Унгача КОНКАКАФ жамоаси устунлик қилди. Аммо бизнинг ҳаракатларимиз охиригача етиб бормади.
26-дақиқада Элдор Шомуродов жамоадоши Одил Ҳамробековнинг битта паси орқали қулай вазиятга чиқиб борди ва дарвозабонга имконият қолдирмай гол урди.
Кейинроқ Шомуродов яна бирга-бир вазиятга эга бўлди. Сардоримиз бу гал посбонни ҳам алдаб ўтишга уринди. Аммо дарвозабон тўпни ушлаб олди.
Гол терма жамоамизда ишончни оширди чоғи, кейинги дақиқаларда футболчиларимиз ўз омадини яна рақиб жарима майдонидан излади. Ўз навбатида Шимолий Америка жамоасида хатолар юзага келди, футболчилар тўпни кўп бор олдириб қўйди.
Тайм охирида Коста-Рика футболчилари катта куч билан олдинга ўтишди. Хато қилмаслик учун яқин масофадаги шериклари билан пас ўйнаб, ҳужум тайёрлади. Ҳатто охирги сонияларда жарима майдони ичида ўта хавфли вазият содир этишди. Бироқ танаффусгача ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи бўлим худди дастлабки 45 дақиқалик стартдагидек бошланди. Рақиб ҳужум қилди, вакилларимиз кутиб олди.
54-дақиқада ҳамюртларимиз марказда тўпни олиб қўйиб, ҳужумга ўтди. Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродов тандеми ажойиб ҳаракат қилди. Шукуровнинг пасидан сўнг Шомуродов дарвозага ноодатий зарба берди. Бироқ ноаниқ.
Учрашувнинг учдан икки қисми ўтиб бораётганда рақиб яна стандартдан фойдаланишга уринди. Ҳимоячимиз охирги сонияда тўпни боши билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Одил Ҳамробеков беллашувнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Унинг паслари аниқ ва жамоадошларини қулай вазиятларга олиб чиқди. Жумладан 67-дақиқада Ҳамробеков ўнг қанот ҳимоячиларига ёрдамга бориб, олдиндаги Ойбек Бозоровга узатмани амалга оширди. Бозоров марказроқда бошқа футболчи йўқлиги учун зарба берди. У тепган тўпни дарвозабон иккинчи уринишда ушлаб олди.
Икки терма жамоа таркибида футболчилар алмашди. Бу ўзгаришлардан сўнг бизникилар ҳисобдан келиб чиққан ҳолда ҳимояга эътиборни қаратиб, қарши ҳужум тактикасига таянди.
92-дақиқада жарима майдони ичида Ҳусниддин Алиқулов рақибнинг зарба беришига йўл қўймади. Аммо...
Аммо Антони Эрнандес кейинги ҳужумнинг ўзидаёқ мувозанатни тиклади. Марказий ҳимоячиларимиз бўш қолдирган футболчи гол урди.
Ўйин ҳали тугамаганди. Фарруҳ Сайфиев бурчакка яқин жойда қоидани бузди. Стандартдан оширилган тўпни Кендалл Уостон боши билан Ўткир Юсупов постига жойлаб қўйди.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани сақлаб қола олмай, имкониятни бой берди. Ўйин ҳакамнинг ҳуштаги чалингунча давом этиши ва энг асосийси концентрацияни ушлуб туришни ўрганишимиз жуда муҳим. Сречко Катанец бу жиҳатлар устида ишлаши шарт. Бу бизга ҳар доим панд берган. Яхши ўйнаб кўп ютқазганмиз. Аввалги рақиблар билан ўйинларда бу кўринмагандир. Лекин мана шундай жиддий жамоалар камчиликларимизни очиб ташлайди.
Бекзод ИСАЕВ
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?