00:10 / 29.10.2022
3 043

Шомуродовга ишонч йўқ(ми?)

Шомуродовга ишонч йўқ(ми?)
Ўзбек футболидаги энг ёрқин ҳужумчилардан бири Жаъфар Ирисметов Россиянинг https://metaratings.ru сайтига берган интервьюсида бугунги кунда юртимизнинг энг машҳур футболчиси ҳисобланган Элдор Шомуродовнинг Италия чемпионатидаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Элдор айни пайтда жуда қийин даврни бошидан ўтказмоқда. “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо ёзги трансферлар вақтида легионеримизга ўнга яқин жамоадан қизиқиш бўлгани қарамай, уни Римда олиб қолишга қарор қилди, имкон берилишини таъкидлади, бироқ амалда ҳали етарли даражада ўйин амалиёти тақдим қилаётгани йўқ ва бор-йўғи бир неча марта, бир неча дақиқа ўйнатди холос.

Жаъфар Ирисметов борада берилган саволларга қуйидагича жавоб берди.

- Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятини кузатиб боряпсизми?
- Албатта. Элдор Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси, у мамлакат бош жамоасига ёрдам бериш муҳим. Шомуродовнинг ўсишини кузатиш спорт директори сифатида менга жуда зарур. Фақат шу даражадаги ўйинчининг кам майдонга тушаётгани ачинарли ҳолат.

У бемалол ўйнай олади. “Рома”га катта умидлар билан ўтганди, лекин вақти-вақти билан унга ишонишмаётгани билиниб қоляпти.

Ўтган мавсумда Элдор ва Тэмми Абрахам бор эди. Кейин Андреа Белоттини олишди. Демак, ишончсизлик бор. Уларни нимадир қониқтирмаганини ҳис қилиш мумкин, чунки бир ҳужумчи билан ўйнаганда Шомуродовнинг ўзи етарли бўларди. Пауло Дибалани ўз сафларига қўшишди.

Аргентиналик футболчини 10-рақам эгаси сифатида қабл қилишимиз табиий, лекин Шомуродов, Абрахам ва Дибала борлигида “Рома” Белоттини олмасдан, Элдорга ишонса ҳам бўларди. Моуриньо ҳамюртимизга у қадар ишонч билдирмаган кўринади. Бунинг оқибатида Шомуродов деярли майдонга тушмаяпти.

Аввал ҳам айтганимдек, “Рома” захирасида ўтирадими ёки футбол ўйнашни маъқул кўрадими, буни Элдорнинг ўзи ҳал қилади. Бизда бу масала ҳақида кўп ёзишяпти, муҳокама қилишяпти, ўйин амалиётига эга бўлиши учун бошқа жамоага кетишини маслаҳат беришяпти. Италияда унинг клубида нима бўлаётганини билмайман, маслаҳатни эса ҳамма бераверади. Нега клубдан кетмади, буни фақат унинг ўзи билса керак.

Менинг ҳам фаолиятимда шундай ҳолат ҳам бўлган ва захирада ўтириб, пул ишлашим мумкин эди, лекин мен кетганман – вазиятга қараб, ўзим қарор чиқарганман.

Қишда Элдор кетиши мумкин, чунки 3-4 та ўйин ўтказди холос, у ҳам бўлса, бошланғич таркибда эмас.

Дарҳақиқат, Элдор Шомуродов мавсум бошланганидан бери А Серияда тўрт маротаба, Европа лигасида икки бор майдонга тушиб, жами 78 дақиқа ҳаракат қилди. Бу уч ой давомида битта тўлиқ ўйинга етмайдиган вақт.

Шунга қарамай, Элдор “Рома”нинг Европа лигасидаги биринчи голига муаллифлик қилди. Италия матбуоти ўзбекистонлик ҳужумчига “Болонья” ва “Торино”дан жиддий қизиқиш бўлаётганини ёзмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори “Рома” ўтганидан бери жами 46 маротаба майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига олтита тўп киритган. Бундан ташқари, Элдор жамоадошларининг олтита голига ҳаммуаллиф бўлган. Унинг Рим клуби билан шартномаси 2026 йилнинг ярмигача имзоланган.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 57 та учрашувда рақиблар дарвозасини 31 маротаба ишғол қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовга ишонч йўқ(ми?)