1 219
"Иштаҳаси карнай" жамоалар охири нима бўлди? ёхуд Суперлига клубларидаги ўсиш ва пасайиш ҳақида
Баҳордан старт олган Суперлига карвони куз фаслига келиб манзилига етиб келди. Ким чемпион бўлгани, совриндорлар қаторидан қайси клублар жой олгани ва элитани кимлар тарк этгани энди маълум. Биз клубларнинг жорий мавсумдаги иштирокини ўтган йилги қайд этган натижалари билан таққослаб чиқдик.
“Пахтакор”
Ўтган йили: 1-ўрин
Бу йил: 1-ўрин
2019 йилги мавсумдан бери чемпионлик камарини ўзида сақлаб келаётган “Пахтакор” клуби “мавсум-2022”ни ҳам олтин медал билан якунлашга муваффақ бўлди. Ҳолбуки, чемпионат бошида “Пахтакор”нинг якунда чемпионликни қўлга киритишига ишонмаганлар кўп бўлганди. Чунки таркиб ўзгариши, мураббий янгиланиши фонида жамоа бироз кучсизланганлиги иддао қилинганди. Бироқ клуб раҳбарияти ёзги селекцияда зарур ўзгаришларни вақтида амалга ошира олдилар. Максим Шацких бош мураббийлик постини эгаллади. Унда ҳам аввалига ишлар кўнгилдагидек кечмади. “Бунёдкор”га қарши чемпионлик ўйинидан кейинги матбуот анжуманида ўзи айтганидек, яхши от кейин чопади. “Пахтакор” кетма-кет тўртинчи маротаба мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Шацких эса “Шерлар” сафидаги дебютидаёқ олтин медалга эга чиқди. Хуллас, “Пахтакор” 4 йилдан бери 1-ўринни ҳеч кимга бермасдан келяпти. Статистика бўйича айтсак, “Шерлар” 2021 йили 19 ғалаба қозониб, 60 очко жамғариб чемпионликка эришди. Бу йил эса 15 марта ғалаба қозонди ва тўплаган 54 очкоси 1-ўринни қўлга киритишига етарли бўлди.
“Навбаҳор”
Ўтган йили: 6-ўрин
Бу йил: 2-ўрин
“Навбаҳор” Самвел Бабаян бошчилигида жорий чемпионатда катта ўсишга эришди. Наманганликлар ўтган йили 39 очко билан 6-ўринни эгаллаганди. Тан олиш керакки, Бабаян жамоаси “Мавсум-2022”да мухлисларининг ҳурматини қозонди. Чемпионлик учун охиригача курашди. Натижада “Пахтакор”дан кейин мусобақа жадвалида 2-ўрин билан кумуш медалга сазовор бўлди. Қизиғи, “Навбаҳор” клуби илк бор кумуш медалга эга чиқди. Бунгача жамоа тарихида ҳали 2-ўрин бўлмаган. Ўтган йилги натижаси билан солиштирганда табиийки, бу сафар яхши томонга ўзгариш катта бўлди. Бунинг устига “Навбаҳор” Ўзбекистон Кубоги финалигача ҳам етиб боргани эътиборга молик.
“Насаф”
Ўтган йили: 4-ўрин
Бу йил: 3-ўрин
Эҳ, “Насаф”, “Насаф”! Ушбу мавсумда “Аждарлар”да чемпионликни қўлга киритиш учун жуда яхши имконият пайдо бўлганди. Бироқ ҳаммаси ўз қўлида бўлиб турган вазиятда Рўзиқул Бердиев жамоаси оғзидаги ошни олдириб ўтирибди. “Олтин дубл”ни қайд этишга жуда яқин турганди. Албатта, яна бир бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритгани “Насаф” учун навбатдаги титул. Лекин ҳаммасидан ҳам кўра улар чемпионликни жуда ва жуда хоҳлашаётганди. 25-турда ўз уйида “Нефтчи”га 0:1 ҳисобида ютқазиб имкониятини кескин пасайтириб юборди. Охирги турда эса сафарда “Олимпик” жамоасига ҳам мағлуб бўлди. Натижада қаршиликлар 3-ўрин билан чекланди. Лекин ўтган йилги натижаси билан солиштирганда бир поғона юқорилаб, бронза медални қўлга киритди. “Насаф” Ўзбекистон чемпионатида 10-бронзасига сазовор бўлди.
АГМК
Ўтган йили: 3-ўрин
Бу йил: 4-ўрин
Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган АГМК клуби ўтган йилга нисбатан бу йил бир поғона пастлаб қолди. Чунки 2021 йилги мавсумда бронза медални қўлга киритган бўлса, бу йил 4-поғонани банд этди. Лекин олмалиқликлар Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф йўлланмасига эга чиқди. Бир қатор учрашувларда АГМКга барқарорлик етишмади. Натижада қимматли очколарни бой бергани эвазига жамоа совринли ўринлардан қуруқ қолиб кетди.
“Қизилқум”
Ўтган йили: 9-ўрин
Бу йили: 5-ўрин
Навоийликлар жорий чемпионатда ўз олдига совринли ўринлардан бирини қўлга киритиш вазифасини қўйганди. Шунга яраша улар чемпионатни анча ишончли бошлашди. Лекин орада жамоа қоқилди, очколарни йўқотди. Тан олиш керак, ўтган йили бундан ҳам ёмонроқ эди. Чунки 2021 йилди 31 очко билан 9-ўринни банд этганди. Бу йил 39 очко тўплаб, 5-поғонадан жой олди. Агар таркибдаги ижрочиларни инобатга оладиган бўлсак, клуб бундан ҳам юқори ўриндан жой олишга қурби етарди.
“Олимпик”
Ўтган йили: про лигада 3-ўрин
Бу йили: 6-ўрин
Бу жамоа алоҳида мавзуга айланди. Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” клуби Ўзбекистон олимпия терма жамоаси асосида ташкил этилди. Шунинг учун “Олимпик” сафида терма жамоа негизи шаклланмоқда. Илк уринишдаёқ Суперлигага чиққан жамоа йўқолиб қолмади, аксинча, барча клублар учун чинакам бош оғриғига айланди. Биров уларни чемпионат охирида 6-ўринни эгаллайди деса ишонмасди. Бироқ Кападзе мавсум бошидаёқ маррани катта олди ва совринли ўринлар учун курашиш асосий вазифаси эканлигини айтганди. Бу йилги дебют мавсум Кападзе ва “Олимпик” учун катта тажриба бўлди.
“Сўғдиёна”
Ўтган йили: 2-ўрин
Бу йили: 7-ўрин
Ўтган мавсумда кумуш медални қўлга киритган “Сўғдиёна”нинг бу йил ҳам мақсади жиддий эди. Бошида улар учун ҳаммаси режа бўйича кетаётганди. Аммо учта фронтда курашиш барибир жиззахликлар учун оғирлик қилиб қолди. ОФК Кубоги ярим финали пенальтилар сериясида аламли тарзда ютқазди. Бу ҳам етмаганидек Ўзбекистон Кубоги ярим финалида яна пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўйди. Бу эса футболчиларга руҳий томондан оғир зарба бўлди. Натижада Кубокларда финалагача бир қадам қолганида қоқилиши фонида бу чемпионатдаги иштирокига қаттиқ таъсир кўрсатди. Бош мураббий Улуғбек Бақоев эса чемпионат тугашига икки тур қолганида истеъфога чиқди. Якунда жамоа вақтинчалик Ёрқин Назаров бошчилигида иккита ўйинни ўтказди ва чемпионатда 7-ўрин билан кифояланди.
“Бунёдкор”
Ўтган йили: 5-ўрин
Бу йил: 8-ўрин
“Қалдирғочлар” учун ушбу мавсум қийин ўтди. Сабаби кўплаб ўйинларда очколарни бой берди. Мураббийлар алмашинуви ҳам рўй берди. Шуҳрат Мақсудов билан чемпионатни бошлаган клуб кейинчалик Виктор Карпенко ва Иван Бошкович бошчилигида иштирок этди. Мураббийлар ўзгариши натижага ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Аммо жамоа сафида иқтидорли ёшлар етишиб чиқяпти. Клуб ўтган йилгига нисбатан бу йил 3 поғона пастлаб қолди.
“Нефтчи”
Ўтган йили: про лигада 1-ўрин
Бу йил: 9-ўрин
Фарғоналикларни бу йил иштаҳаси карнай эди. Лекин сал қолса, клуб яна лигада қолиш учун курашадиган жамоалар орасида қолиб кетарди. Илҳом Мўминжонов бошчилигида Суперлигага қайтиб, катта мақсадларни қўйишганди. Лекин элитада клубнинг ишлари ўхшамади. Жамоа охирги ўринларда юраверди. Шунинг учун вилоят ҳокими бош мураббийликка хорижлик мутахассис Виталий Левченкони олиб келди. Шундан сўнг жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди ва бу ҳол натижага ҳам таъсир кўрсатди.
“Металлург”
Ўтган йили: 11-ўрин
Бу йил: 10-ўрин
“Металлург”да деярли ўзгариш бўлмади. Ўтган йилги билан таққослаганда фақат бир поғонага фарқ қилди, холос. 2021 йилда 11, бу сафар 10-поғонадан жой олди. Испаниялик Луисма Эрнендес ўтган мавсум охирларида клубни қабул қилиб олиб, Суперлигада сақлаб қолишга эришган. Бу сафар унинг бошчилигида клуб турлича таассурот қолдирди. Гоҳида яхши ўйинлар ва шунга яраша яхши натижалар ҳам бўлди. Лекин бу ҳолат барқарор равишда давом этмади.
“Сурхон”
Ўтган йили: 10-ўрин
Бу йил: 11-ўрин
Ҳамон ўз уйида, Термизда уй ўйинларини ўтказа олмаётган “Сурхон” мезбон сифатида ҳам меҳмонда ўйнаб келди. Бу йил испаниялик Анхель Лопес иш бошлаганини биласиз. Ўзидан ёмон таассурот қолдирмаганди. Бироқ барибир мураббий учун натижа муҳим ҳисобланади. “Сурхон” эса натижа кўрсатиш борасида қийналди. Мавсум ўртасидан кейин Лопесга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Жамоага Ҳамиджон Актамов менежер бўлиб келди. Мигель Алварес Лопеснинг ўрнини эгаллади. Ушбу ўзгаришдан кейин жамоа анча ўзига келиб қолди ва аутсайдерлар орасидан узоқлашди. Бу йил жамоа асосан Суперлигада қолиш учун курашди ва буни удддасидан чиқди. Деярли ўтган йилги натижа билан ўхшаш.
“Локомотив”
Ўтган йили: 7-ўрин
Бу йил: 12-ўрин
“Темирйўлчилар” сал қолса про лигага тушиб кетиши мумкин эди. 2021 йили 7-поғонани банд қилганди, лекин бу йил қониқарсиз натижалар кўрсатди. Шу сабабли жамоа қийин аҳволда қолди. Вазиятдан келиб чиқиб мураббийлар ҳам ўзгартирилганини биласиз. Денис Коростиченко, Сервер Жепаров, Мирко Йеличич...Ушбу ўзгаришлар ҳам “Локомотив”га фойда келтирди, дея олмаймиз. Барибир Коростиченко яна клубга қайтди. Катта қийинчилик билан жамоа плей-оффга илашиб қолди. Акс ҳолда про лигага равона бўларди. Охирги турда “Металлург” устидан қозонилган ғалабадан кейингина “Локомотив” 12-ўринга илашиб қолди. Албатта, 2021 йилги чемпионатдаги кўрсаткичидан кўра анча суст қатнашгани рақамларда акс этиб турибди. Энди “Локо” плей оффда про лиганинг 3-ўрин эгаси билан ўйнайди.
“Қўқон-1912”
Ўтган йили: 8-ўрин
Бу йил: 13-ўрин
Кўпчилик кутмаганда “Қўқон-1912” клуби Суперлигани тарк этди. Ҳолбуки, жамоада яхши даражадаги футболчилар йиғилганди. Лекин ғалаба қозониши қўқонликлар учун машаққатга айланиб кетди. Бош мураббий ҳам ўзгартирилди. Бахтиёр Ашурматов ўрнига ёрдамчиси Даврон Файзиев тайинланди. Аммо бу ўзгариш ҳам наф бергани йўқ. Тўғри, орада маблағ масаласида ҳам муаммолар борлиги айтилди. Кейин эса бу борадаги ишлар жойига тушгани айтилди. Лекин бу ҳам иш бермади, шекилли. Қўқонлик ишқибозлар севимли жамоасининг Суперлига билан хайрлашганини хазм қилишлари қийин, албатта. Начора, Даврон Файзиев ҳам эплай олмади.
“Динамо”
Ўтган йили: про лигада 2-ўрин
Бу йил: 14-ўрин
Самарқандликларни ҳам чемпионат аввалида иштаҳаси карнай эди. Лекин клубда бошидан нимадир нотўғри кетаётгани сезилиб турарди. Бу натижаларда ҳам билинди. Мураббийларни ўзгартириш ҳам “Динамо”га наф келтирмади. Балки сербиялик Предраг Роганни ноҳақ истеъфога чиқаришгандир. Ундан кейин келганлар ҳам “Динамо”ни кучайтиргани йўқ. Андрей Шипилов, кейин Вадим Абрамов келди. Қизиғи, самарқандликлар муддатидан илгари Суперлигани тарк этгач, ғалаба қозонишни бошлади ва охирги иккита турда муваффақият қозонди. Айниқса, сўнгги турда ўз уйида “Қўқон-1912”ни мағлуб этиб, рақибини ўзи билан бирга про лигага тортиб кетди. Ҳайрон қоласан киши, “Динамо” ютишни биларкан, нега отни эртароқ қамчиламаган-а? “Динамо” про лигадан чиқиб, яна про лигага қайтиб кетди. Ўзи нима учун Суперлигага йўл олганди? Ҳайронмиз!
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”