19:19 / 23.11.2022
1 179

Фаррошликдан Мессини мағлуб этишгача. Эрве Ренар – Саудия мўъжизасининг асосий муаллифи

Фаррошликдан Мессини мағлуб этишгача. Эрве Ренар – Саудия мўъжизасининг асосий муаллифи
Саудия Арабистони миллий жамоаси Қатарда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида Месси бошчилигидаги Аргентинани 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Уларнинг ютуғида бош мураббий Эрве Ренар улуши жуда катта. Франциялик мутахассис фаррошликдан Мессини мағлуб этишгача бўлган йўлни ҳайратланарли тарзда босиб ўтишга эришди.

Россияда ўтказилган 2018 йилги жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида Саудия Арабистони миллий жамоаси мезбонларга 0:5 ҳисобида ютқазди. Орадан 4 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Қатардаги жаҳон чемпионатида саудияликлар мусобақанинг фаворитларидан бири сифатида саналаётган Аргентинани 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Энди ушбу ғалаба Месси ва унинг шерикларига қимматга тушиши мумкин.

Мутахассислар Саудиянинг ушбу ютуғини бош мураббий Эрве Ренар иши билан боғламоқда. 2019 йилда жамоани қўлга олган 54 ёшли француз ҳайратланарли тарзда иш олиб борди. Саралаш босқичидан ишончли тарзда ўтиб, жаҳон чемпионатини шов-шувли натижа билан бошлади.

Эрве Ренар ўзи ким, қаерда ўйнаган, қаерларда ишлаган, қандай натижаларга эришган. У ҳақдаги фактлар билан мақоламизда ўртоқлашамиз.

Фото: AP
Фаррошликдан мураббийликкача

Эрве Ренар 1968 йилда Францияда туғилган. Футболчилик фаолиятида ҳимоячи бўлган ва асосан мамлакатнинг қуйи лигаларида иштирок этувчи «Канн», «Стад де Валюри» ва «Драгиньян» клубларида ўйнаган. Ҳеч қандай ютуқларга эришмаган.

1999 йилда футболчилик фаолиятини якунлаб, «Драгиньян» клубида бош мураббий бўлиб қолган. Шу билан бирга, футболдан ташқарида ҳам пул топишга ҳаракат қилган, масалан, оддий фаррош бўлиб. Ренар гилам тозалаган, деразаларни ювган ва уйларни чиқиндилардан тозалаган. Кейинчалик бу ишини бизнесга айлантириб, клининг (тозалаш) компаниясини очган.

«Мен бу ишимдан уялмайман», дейди Ренар. «Футболчи бўлишдан кўра бу анча оғирроқ эди. Мен кунига тўрт-беш соат ухлардим, баъзан тушликдан кейин бироз мизғиб олардим. Шундай ритмда 8 йил яшадим».

Ренарнинг тақдирини ўзгартирган воқеа 2001 йилда юз берди. Машҳур франциялик мураббий Клод ЛеРуа уни Хитойга, «Гуйчжоу Жэнхе» клубига ёрдамчи мураббий сифатида ишга чорлади. Шундан сўнг, у бир неча йиллар давомида Клод ЛеРуа ассистенти бўлиб ишлаган.

Ренарнинг мураббийлик фаолиятида Англиянинг «Кэмбриж Юнайтед», Франциянинг «Шербур», «Лилль», «Сошо», Жазоирнинг USM клублари бор. Бироқ, уларнинг ҳеч бирида ютуқларга эриша олмаган. Унинг футболдаги муваффақиятлари фақат миллий жамоалар билан боғлиқ.

Миллий жамоаларда муваффақият қозониши

Мутахассис миллий жамоалар билан ишлашни кўпроқ ёқтиради. Ренар турли миллий жамоалар билан иккита Африка Кубогини ютган ягона мураббий ҳисобланади (Замбия билан 2012 йилда ва Кот-д'Ивуар билан 2015 йилда).

«Бу ўзига хос нарса – миллат шарафини ҳимоя қилиш. Футболчилар ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилганда доимо иштиёқ ва қалб билан ўйнашади. Шунинг учун миллий жамоалар билан ишлашни ёқтираман», дейди Ренар.

Фото: Getty Images
2012 йилда Эрве Ренар Замбия билан Африка Кубогида ғалаба қозонди. Бу мураббийнинг фаолиятидаги илк ютуқ эди.

Замбия халқи билан ўзбек халқини футбол билан боғлиқ фожиа бирлаштиради. 1993 йилда Замбия миллий жамоаси худди 1979 йилдаги «Пахтакор» жамоаси каби мудҳиш авиаҳалокатда қурбон бўлган эди. Фожиа Габон соҳилларида юз берди ва Замбия футболининг олтин авлодини олиб кетди. Тақдир тақозоси билан, орадан 19 йил ўтгач, айнан Габонда ўтказилган Африка Кубогида Замбия миллий жамоаси ғалаба қозонди. Эрве Ренар замбиялик иштиёқли ёшлардан ажойиб жамоа тузиб, финалда Дидье Дрогба бошчилигидаги Кот-д'Ивуарни мағлуб этди. Мураббийнинг эслашича, жамоа финалдан олдин фожиа юз берган соҳилга ҳам борган ва бу жуда эҳтиросли бўлган.

Қизиғи шундаки, Замбия финалда жуда кучли саналган Кот-д'Ивуарни тўхтатган бўлса, уч йилдан сўнг Ренар айнан ивуарликлар билан Африка Кубогини олиб кетди.

У ғалабалар орасидаги фарқни қуйидагича изоҳлади: «Замбияда меҳнат қилишни истаган ёш футболчилар кўп эди. Улар техник жиҳатдан иқтидорли эди, жамоадаги муҳит ажойиб эди. Кот-д'Ивуарда кўплаб зўр футболчилар, юлдузлар бўлган. Бизнинг муносабатларимиз яхши эди ва мен уларга ишонардим».

Бошқача айтганда, Ренар ёш, иқтидорли таркиб билан ҳам, юлдузли таркиб билан ҳам ишлай олишини, натижага эришишини исботлади. Бу камдан-кам мураббийларнинг қўлидан келади.

Навқирон мураббий

Ренарнинг ташқи кўриниши ҳам ҳайратга солади, у 54 ёшда эканига ишониш қийин. У футболчилар билан бирга спорт залида ишлашдан тортинмайди.

«Эрве ҳақидаги асосий хотираларимдан бири - унинг меҳнатга бўлган иштиёқи», - дейди ўз фаолиятини «Кэмбриж»да бошлаган дарвозабон Жон Рудди. «У биздан нафақат ишни талаб қиларди, балки машқлар залида ҳам ўрнак бўларди».

Ренар мураббийлик фаолиятида тўғри овқатланишга эътибор қаратган илк мураббийлардан бири бўлган. «Кэмбриж»да ўйнаган Жермейн Пастер шундай дейди: «Эрве 2004 йилдаёқ бунга эътибор берарди. Бошқа мураббийлар бу ишни беш ёки олти йилдан сўнг қилган. У овқатланиш ва жисмоний тайёргарлик борасида бошқа даражада ишлар эди. Овқатланганда ҳар қандай соусни тақиқлаб қўйди, бу футболчилар танасидаги ёғ даражасини пасайтиришга ёрдам беради. У ҳали ҳеч ким эътибор қилмаган даврларда илмий спорт билан қизиқа бошлади».

Ренар ўз ишида эътибор қаратадиган асосий жиҳат – жамоавий руҳ.

«Таркибда дунёнинг энг яхши 11 нафар футболчиси тўпланиши мумкин, лекин улар бирга ўйнашни истамаса, бу жуда оғир, муваффақиятсиз бўлади. Жамоавий руҳ – футболчиларни майдонда бирлаштирадиган нарса», дейди Ренар.

Саудия саргузашти

2019 йилда Ренар Саудия Арабистони миллий жамоасига бош мураббий қилиб тайинланди. Унинг маоши йилига 2 миллион еврога тенг. Унинг қўл остида жамоа сезиларли даражада ривожланиб, мураккаб саралаш босқичидаги 18 та ўйинда атиги 1 марта ютқазиб, жаҳон чемпионатига йўл олди.

Қанчалик аламли бўлмасин, Ренар йигитлари саралашда Ўзбекистон миллий жамоасини икки марта мағлуб этишга муваффақ бўлишди. 2019 йил ноябр ойида Тошкентда ўтказилган баҳсда, 1:2 ҳисобида ютқазаётган бўлишига қарамай, саудияликлар сўнгги 5 дақиқада 2 та гол уриб, кучли иродани намойиш этиб, ғалабани илиб кетишган эди.

Қатардаги жаҳон чемпионатида олдин Ренар ўз жамоаси билан 35 кунлик йиғинни ўтказди. У ўз йигитларининг имкониятларини чамалаб, шундай деган эди:

«Саудиялик мухлислар футболни яхши тушунишади. Улар биз Аргентина ёки ҳатто Мексика ва Польша каби кучли жамоа эмаслигимизни тушунишади. Бу жамоалар биздан кучлироқ. Лекин футболда бу ҳеч нарсани англатмайди - психология фарқ қилади. Жамоавий руҳ, мамлакат учун катта иштиёқ билан ўйнаш - барчаси ўзгаришларга олиб келиши мумкин».

Ренар бу гаплари билан қанчалик ҳақ бўлиб чиққанини Аргентинага қарши ўйиндаги ғалабадан кейин англамоқдамиз.

Фото: Getty Images
Олдинда Саудияни Мексика ва Польшага қарши бундан ҳам қийинроқ ўйинлар кутмоқда. Ренар йигитлари бу синовлардан қандай ўтишини вақт кўрсатади. Кузатишда давом этамиз.

Нурмуҳаммад Саид

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фаррошликдан Мессини мағлуб этишгача. Эрве Ренар – Саудия мўъжизасининг асосий муаллифи