21:00 / 10.12.2022
1 527

Азим Аҳмедовни "Навбаҳор"дан кетишига нима сабаб бўлди? Энди қайси клубда тўп суради?

Азим Аҳмедовни "Навбаҳор"дан кетишига нима сабаб бўлди? Энди қайси клубда тўп суради?
Наманган футболи тарбияланувчиси Азимжон Аҳмедов учун бу йил “Навбаҳор”даги охирги мавсум бўлиб қолди.
30 ёшли ярим ҳимоячи клубдан кетишга қарор қилди. Бу хусусида ўзининг инстаграмдаги саҳифасида ҳам ёзиб қолдирди.

Келаси йил Аҳмедов энди бошқа клуб шарафини ҳимоя қилади. Азим Sports.uz сайти учун интервью берди.

- Азимжон, “мавсум-2022” сиз учун нимаси билан ёдда қоларли бўлди?
- “Навбаҳор” учун 2022 йил жуда яхши ўтди, деб ўйлайман. Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди. Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Ҳар томонлама яхши келди. Ажойиб ўйинларни ўтказдик. Эсда қоларди давр бўлди, деб ҳисоблайман.

- “Навбаҳор” ўзининг яхши даврларини бошидан кечираётган пайтда у ердан кетишга қарор қилдингиз. Бунга нима жиддий туртки бўлди?
- Асосий сабаби ўйнамаётганим билан боғлиқ эди. Бошқа клубга бориб ўйнамоқчиман. “Навбаҳор”ни яхши ва ёмон кунларида ташлаб кетмаганман. Энди бу сафар яхши кунларида кетяпман, насиб экан. Айнан клубни мана шундай яхши ҳолатга чиқиб олганида кетаётганимдан хурсандман. Агар жамоа ёмон кунларга тушиб қолганида кетмасдим. Футбол ўйнашим керак. Захирада кўп ўтириб қолдим. Шунинг учун бошқа жамоада ўзимни синаб кўрмоқчиман.

- Албатта, жамоа етакчиси сифатида захирада қолишингиз балки мухлислар учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлган бўлиши мумкин. Бунинг сабаби нима эди? Рақобат ўта кучлимиди ёки мураббий билан ўртангизда нимадир бўлганмиди? Жамоада ўзингизни ортиқчадек ҳис қила бошладингизми?
- Мураббий билан муносабатим ҳамиша ёмон эмасди, яхши эди. Рақобатга келадиган бўлсак, ҳар бир майдонга тушган учрашувларда ёмон ҳаракат қилганим йўқ. Агар ёмон ўйнаганимда ўзимга айтарди. Тўғриси, ўзим ҳам нимага ўйинларга тушмаганимга ҳайрон бўлдим. Балки қайсидир жиҳатлар бўйича мураббийга тўғри келмагандирман. Кубок ўйинларида 120 дақиқадан ўйинлар бўлди.

Шунда ҳам захирадан ҳатто 5 дақиқага ҳам тушмадик. Бундай пайтда алам қилиб кетади-да. Худо хоҳласа, бошқа жамоада ўзимни синаб кўраман. Насиб қилган жойда ўйнаймиз. Қайси жамоага борсам ҳам жонимни бериб ўйнайман. Мени нима учун туширмаганини фақат мураббий билса керак. Балки у тайёр эмас ёки жароҳат деб айтиши мумкин.

Аммо менда ҳаммаси яхши эди. “Навбаҳор” учун ҳар доим жон куйдириб ўйнаганман. 1 дақиқага тушаманми, 10 дақиқагами ёки бир тайм бўладими, ҳар сафар жамоам учун жон куйдириб тўп сурганман. Захирада қолган пайтларимда анча мухлислар менга далда бўлишди. “Азим туш” деб бақиришди. Уларга раҳмат. Хуллас, бу вазиятда кетмасам бўлмасди.

- Шартномангиз тугаганмиди? Клубдан кетиш қарорингизни бош мураббий ва раҳбариятга айтдингизми?
- Шартномам ниҳоясига етди. Ҳеч кимга айтганим йўқ. Лекин кўпчилик билиб бўлди. Мен кетяпман деб биров билан гаплашганим йўқ. Қолаверса, мен билан ҳеч ким гаплашмади ҳам. Шартномам тугади ва кетишга қарор қилдим.

- Ёзда Жасур Яхшибоев билан ўртангизда машғулотда бироз келишмовчилик бўлиб қолганди. Балки якунда ўша воқеа ҳам кетишингизга туртки бўлгандир...
- Биринчи даврадан кейин ҳам кетмоқчи эдим. Лекин ҳокимимиз билан кўришиб гаплашгач қолгандим. Саволга келсак, билмадим, бу сабаб бўлмаган бўлса керак. У ҳолда одам ажратиб қолгандек бўлиб қолади. Ҳаммани ўз фикри бор. Айтганимдек, “Навбаҳор” учун 1 дақиқа бўладими ёки 90 дақиқами, майдонга тушганимда жонимни бериб ўйнадим. Бу клубда ўйнаганимдан хурсандман.

- Энди янги чақирувларга тайёрсиз. Билишимча, хизматингизга ўзимиздан ва хориждан жиддий қизиқиш билдираётган жамоалар бор. Қандай клубда тўп суриш истагидасиз?
- Ҳа, Худога шукр, таклифларим бор. Шартномага қўл қўйганимдан сўнг билиб оласиз. Ҳозир айтсам бўлмайди. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин. Шу боис олдиндан айтиб бўлмайди.

- Суперлигада қолмоқчимисиз ёки легионер сифатида хорижда тўп суриш хоҳишингиз борми?
- Айтдим-у, эртага нимадир бўлиб қолиши мумкин. Вариантлар бор. Балки четга кетарман, балки ўзимизда қоларман. Менимча, фаолиятимни Суперлигада давом эттирсам керак.

- Эшитишимча, “Нефтчи”, АГМК сингари клублар билан музокаралар олиб бораётган экансиз...
- Ҳали ҳеч ким билан музокара олиб борганим йўқ. Мен ҳам бир-иккита гап-сўзларни эшитиб турибман. Яқин кунларда билиб оласиз.

- “Навбаҳор”дан кетишингизга – акангиз Одил Аҳмедов қандай муносабатда бўлди? Барибир у сизга доим йўл-йўриқ кўрсатиб туради.
- Акам билан ҳар доим кўп нарсани маслаҳат қиламан. Ўзи ҳам мени кўп ўйнамаганимни ва сиқилганларимни кўрди. Сабр қил, деб маслаҳат берди. Акамга кетаман дедим ва у бу сени қароринг, ҳаммаси яхшиликка деб далда берди.

- “Навбаҳор”ни янги мавсумдаги имкониятини қандай баҳолайсиз? Масалан, ОЧЛга чиқди ва у ерда қандай натижа кўрсатади, деб ўйлайсиз?
- “Навбаҳор” учун ҳамиша яхши фикрда бўлиб келганмиз. “Пахтакор”да ўйнаб юрган пайтимда ҳам бу клуб учун ижобий муносабатда бўлганман. Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларини кўрамиз, мухлислик қиламиз. Ҳозирдан нимадир дейишим қийин. Ҳамма ўйинлар қийин ўтяпти. Фаворит билан аутсайдер ҳам майдонда тўқнаш келганида жиддий қаршилик кўрсатишяпти. Ҳаммасини чемпионат бошланганида кўрамиз.

“Навбаҳор” яхши ўринларни эгалласин, ҳашима омад тилайман. Шу фурсатдан фойдаланиб, жамоа мухлисларига катта раҳмат айтаман. Мени қўллаб-қувватлаб келишди. Вилоят ҳокимидан ҳам миннатдорман ва клубдаги барча инсонларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. “Навбаҳор” билан бошимиздан ёмон кунларни ўтказган пайтларимиз бўлди. Шунда ҳам клубни ташлаб кетмадим.

Энди клубга яхши кунлар келди. Ҳамма нарсаси бор. Мана шундай паллада кетиш ҳақидаги қарорни қабул қилдим. Оддийроқ жамоага бориб ҳам футбол ўйнасам бўлди. Футболчига захирада ўтириш ёқмайди, фақат ўйнашни хоҳлайди. Футбол ўйнаб туриб маош олсангиз маза қиласиз, роҳатини кўрасиз. Футбол ўйнамасдан пул топишни истамайман. Ҳаммага катта раҳмат. Қилган меҳнатларимга розиман, мухлислар ҳам мендан рози бўлишсин. Ҳаммиз биргаликда яхши ва ёмон даврларни ўтказдик.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азим Аҳмедовни "Навбаҳор"дан кетишига нима сабаб бўлди? Энди қайси клубда тўп суради?