Қишки трансферлар мавсумининг ўрталарида Элдор Шомуродовнинг бозори яна қайнай бошлади. Ҳамюртимизга анчадан бери харидор бўлаётган “Торино” мутасаддилари Милан шаҳрида Рим клуби вакиллари билан муҳим учрашувни ўтказди.
Ҳар икки клуб манфаатларига хизмат қилган ушбу учрашувда “Торино” томонидан Давиде Ваньятти ва Эмилиано Моретти, “Рома” тарафидан Тьягу Пинто иштирок этди.
Турин клуби спорт директори Давиде Ваньятти учрашув муваффақиятли ўтганини алоҳида таъкидлади.
- Биз учрашиб, ўзаро алоқаларимизни дўстона тарзда муҳокама қилдик. Бир қанча деталларни гаплашиб олдик. “Рома” билан ажойиб алоқаларга эгамиз. Шу боис, яқин кунларда янгиликлар бўлишини кутяпмиз.
Биз бир пайтнинг ўзида бир неча жараёнларни кузатиб боряпмиз. Хусусан, Элдор Шомуродов трансфери ҳам шулар жумласидан.
Ҳозир трансферни амалга ошириш ҳақида бош қотиряпмиз. “Рома” қаршисида молиявий фэйр-плей билан боғлиқ бир неча тўсиқлар бор, - деди Давида Ваньятти.
Эслатиб ўтамиз, “Торино” ўткир ҳужумчига жиддий эҳтиёж сезмоқда. Шу боис, улар Италия футболида етарли тажриба тўплаган Элдор Шомуродовни танлаган.
А Сериянинг бир неча клуби ўзбек ҳужумчиси дебют мавсумида “Женоа” сафида тўпурарлик қобилиятини намойиш қила олганини қадрлайди. Шунингдек, улар “Рома”да Тэмми Абрахам, Николо Дзаньоло, Пауло Дибала, Андреа Белотти каби юқори савияли ҳужумчилар йиғилиб қолгани туфайли бош мураббий Жозе Моуриньо Шомуродовга етарли даражада ўйин амалиёти беролмаётганини тўғри қабул қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Шомуродов ўзини олган жамоа уни ўйнатадиган бўлса, ишончни албатта оқлайди. Шу боис, Турин клуби ўзбек ҳужумчисини бир миллион евро эвазига ярим мавсумга ижарага олиб, ёзда 12 миллион евро билан трансферни якунлаш ҳуқуқини сўрамоқда.
“Торино” эса, харидорлардан белгиланган суммани дарров тўлаш ёки кейинчалик савдони якунлаш мажбуриятини олишни талаб қиляпти.
Шу ўринда, Элдор Шомуродовга А Сериянинг бошқа клубларидан ҳамда хориж чемпионатларидан таклифлар тушмоқда. Яқинда Испания вакили “Вальядолид”дан чорлов бўлаётгани ҳақида хабар чиққанди.
Энди Франциянинг “Лилль” жамоаси Шомуродов бўйича пойтахт клубига 13-14 миллион еврлик таклиф тайёрлаётгани маълум бўлди.
Бироқ, таниқли инсайдер Жанлуижи ди Марционинг таъкидлашича, Элдор Шомуродов фаолиятини Италияда давом эттирмоқчи. Гарчи “Рома”га французларнинг таклифи маъқул келган бўлса-да, Элдорнинг ўзи Францияга бормоқчи эмас.
Шомуродов фаолиятини А Сериянинг юқори мақсадлар сари курашадиган жамоаларидан бирида давом эттиришни истаяпти. Легионеримиз олдида “Торино”дан ташқари “Фиорентина” варианти ҳам бор. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»