
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
7 феврал куни эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда 6 феврал куни содир бўлган зилзила марказларидан бири — Қаҳраманмараш вилоятидан олиб чиқилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Спортчилар Каҳраманмараш шаҳрида 3−6 феврал кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётганди. Бироқ мазкур ҳудуд зилзила марказига айланди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмаги билан терма жамоа Анқара шаҳрига олиб келинди.
6 феврал куни Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев уларни мамлакатга олиб келиш учун Истанбулга жўнаб кетган. У делегацияга қўшилиб, спортчи ва мураббийларнинг Тошкентга қайтиб келиш жараёнига бошчилик қилади.
«Ҳозирда барча спортчиларнинг саломатлиги яхши. Режага мувофиқ, улар даставвал Туркия пойтахтидан Истанбул шаҳрига йўл олишади ва у ердан Тошкентга қайтиб келишади», дейилган хабарда.
Шунингдек, қўмита велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Аланияда, байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётганини, зилзила ушбу ҳудудларга катта таъсир ўтказмагани ва машғулотлар режа асосида давом этаётганини маълум қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар