Ўртоқлик ўйини доирасида "Пахтакор" Қозоғистоннинг "Қайрат" жамоаси билан куч синашди. Жанговор ўтган ўйинда "шерлар" 4:3 ҳисобида рақибдан устун келди.
Учрашувдан кейин Тошкент клуби бош мураббийи Максим Шацких ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Марҳамат, қуйида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.
"Бугунги учрашувдан мухлисларнинг кўнгли тўлди, деб ўйлайман. Биз доим улар учун тўп тепамиз. Ўйинга келсак, голлар ҳам, вазиятлар ҳам етарли бўлди. Икки жамоа дарвозаси олдида кескинлик юқори кечди. Ўйинни муваффақиятли якунладик. Хатоларимиз йўқ эмас. Ишлашда давом этамиз.
Бундай голларга бой ўйинни ҳеч қайси мураббий кутмаслиги табиий. Боз устига, мавсум стартида турибмиз. "Қайрат"ни ўрганган эдик. Улар бугунгидек ўйин кўрсатишини кутгандим.
Қайсидир жойда фаол ҳолда прессинг қилишди. Рақиб сафидаги ҳужумчи яхши ҳаракат қилди. Катта тезлик, вазиятни ҳал қила олиш каби устун томонлари бор экан. Умуман олганда, бугун фаол футбол кўрсатдик дея оламан. Қолаверса, "Қайрат" ҳам маъқул келди.
Жамоамизга қўшилган футболчилардан қониқдим. Ҳозирча бизда таркиб шундай. Ёзда яна таркибни кучайтирамиз. Бу даврда кўзланган футболчиларимизни олдик", - деди мутахассис.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг