"Андижон" жамоаси Суперлиганинг илк турида Қаршида "Насаф" майдонидан ғалаба билан қайтди. Мазкур ўйиндан сўнг жамоа ҳимоячиси Илдар Маматказин фикрларини билдириб ўтди. "Бургутлар" сардори қўлга киритилган уч очкони қуйидагича изоҳлади.
- "Насаф" майдонида "Андижон"нинг омади келдими ёки ўйинга танланган режа иш бердими?
- Аввало Андижон халқини ғалаба билан табриклайман. Ҳа, кўпчилик имкониятларимизни паст баҳолаганди. Лекин тўғри танланган тактика иш берди. Мураббийимизнинг кўрсатмаларини бажардик. Қолаверса, омад ҳам биз томонда бўлди. Энг асосийси узоқ йўл босиб келган мухлислар далдаси катта ёрдам берди, деб ўйлайман. Уларга раҳмат айтмоқчиман.
- Ҳаммага "бош оғриқ" бўлиши айтилаётган "Андижон" исботлашни бошладими? Балки ҳали эйфорияга берилишга эртами?
- Тўғри. Эйфорияга берилиш керак эмас. Тўхтаб қолмасдан ўйиндан ўйинга кучайиб боришимиз лозим. Бизда асосийси жамоа бор. Муҳим қуролимиз биз бир оиламиз. Яна айтиб ўтишим керак, "Андижон" кучли мураббийга эга.
- Ўз вақтида "Насаф"да ўйнагансиз. Жамоа ўзгарганми?
- "Насаф" Ўзбекистондаги энг кучли жамоалардан бири. "Насаф" анча ўзгарган. Йилдан-йилга ўсишга эришган. Мен ўйнаган вақтимда Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Шерзод Насруллаев ўринбосарлар таркибида тўп тепарди. Бугун улар етакчи футболчилар. Менга 4-рақамдаги ҳимоячиси ёқди. Ҳусниддин Алиқулов. У келажакда Европада ўйнаши керак.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг