Самвел Бабаян "Навбаҳор"нинг ғалабаси, Козакнинг кетиши ва Ашурматовнинг қайтиши ҳақида гапирди
Суперлиганинг 2-турида “Навбаҳор” ўз майдонида “Металлург”ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Биринчи навбатда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга миннатдорчилик билдирган ҳолда уларни ғалаба билан табрикламоқчиман. Шунингдек, ўйин нисбатан осонроқ кечганига қарамай, сўнгги дақиқаларгача мухлисларга ёқадиган комбинацион, аниқ ва чиройли футбол намойиш этишгани учун футболчиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман.
- Жорий мавсум “Навбаҳор” ўйин пайтида турли тактикаларда ҳаракат қилмоқда. Айтингчи, ўтган мавсум сизга мана шундай ўйин пайти турли тактикалардан фойдаланиш учун ижрочилар етишмаганмиди ёки клубга ўз фалсафангизни сингдириш учун вақт керак бўлдими?
- Бизнинг олдимизга қўйилган жорий мавсумдаги талаб ўтган мавсумдагидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Ягона фарқ шуки, “Навбаҳор”нинг ҳозирги таркибидаги ижрочилар машғулотларда ҳам, ўйин пайтида ҳам биз берган кўрсатмаларни аниқ бажара олади. Тактик схемаларга келадиган бўлсак, жамоа ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек яхши ўйнаши керак.
- Владимирк Козакнинг “Навбаҳор”дан кетиши нима билан боғлиқ?
- У мавсум аввалидаги жамоамизнинг барча ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди, аммо трансфер ойнаси ёпилиши арафасида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўладиган вариантга эга эканини айтиб, рухсат беришимизни сўради.
- “Пахтакор”га қарши ўйинда “Навбаҳор”дан сюрприз кутса бўладими?
- Биз сюрприз қилмаймиз. Биз ҳар бир ўйин олдидан рақибни ўрганамиз, унга қарши тайёрланамиз ва майдонга чиқиб, ўз ишимизни бажарамиз. Биз сюрприз қиладиган жамоа эмасмиз. Биз мухлисларимизни хурсанд қиладиган ва натижа кўрсатадиган жамоамиз.
- Рустам Ашурматов ҳозирги жамоасидаги муаммолар туфайли яна “Навбаҳор”га қайтиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар бўлмоқда. Шу ҳақда фикрингиз.
- Рустам жамоамизда оз муддат бўлсада ҳаракат қилган бўлсада, бу ердаги атмосфера, жамоа, мухлислар унда илиқ таассурот қолдирган деб ўйлайман. Уни бу ерда худди оила аъзосидан қабул қилишди. Агар унинг фаолиятида қандайдир муаммолар бўлса, биз уни яна таркибда кўришдан хурсанд бўламиз. У буни яхши билади деб ўйлайман.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг