13:36 / 15.03.2023
265

УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб баҳсида Ҳоланд бир соатда 5та гол урди

УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб баҳсида Ҳоланд бир соатда 5та гол урди

УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб баҳси доирасида “Манчестер Сити” ўз майдонида “РБ Лейпциг”ни қабул қилди ва 7:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Манчестер Сити — Лейпциг 7:0
Голлар:
Ҳоланд (22 пенальти, 24, 45+2, 53, 57), Гундўған (49), де Брюйне (90+2).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке, Диаш, Аканжи, Стоунз (Гомес, 64), Гундўған (Маҳрез, 55), де Брюйне, Грилиш (Фоден, 55), Силва, Родри (Филлипс, 63), Ҳоланд (Альварес, 63).
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс (Клостерманн, 80), Орбан, Гвардиол, Раум, Кампль, Форсберг (Андре Силва, 63), Лаймер, Айдара (Симакан, 63), Собослаи (Ольмо, 72), Вернер (Поульсен, 63).
Огоҳлантиришлар: Ҳенрикс (21), Вернер (34), де Брюйне (67), Аканжи (77).
Биринчи ўйин — 1:1.

22 ёшда кўпчилик университетда ўқиётган ёки энди ўз ишини бошлаётган бўлади. Бундай ёшда одатда тажриба тўпланади ва кейинги фаолият учун илк қадамлар ташланади. Аммо Эрлинг Ҳоланд — ҳамма қатори эмас. Сешанба оқшомида у 22 ёш ва 236 кунлик эди. Кунигача аниқлик киритилиши бежиз эмас, чунки у ҳатто Килиан Мбаппени ортда қолдирди ва Чемпионлар лигасида 30 гол урган энг ёш футболчига айланди. Норвегиялик футболчи бошқа мезон бўйича ҳам энг яхшиси бўлиб олди — асосий еврокубокда бунча гол уриш учун унга 25 ўйин етарли бўлди.

«Манчестер Сити» форварди экстраординар мавсум ўтказмоқда. Мухлислар Месси ва Криштиану Роналдунинг рекордларига ўрганган эди, энди эса Мбаппе қайд этган рақамлар ҳам ҳайратланарли кўринмаяпти. Энди мухлислар Ҳоланд феноменига кўникишмоқда.

Скандинавиялик футболчи «Лейпциг» билан учрашув натижасини атиги 78 сония ичида ҳал қилди — Эрлингнинг биринчи ва иккинчи голлари орасида шунча вақт ўтди. Германияда ўтган биринчи ўйин дуранг натижа билан якунланганди, шундай экан, «Сити» 24-дақиқага келиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтириши меҳмонлар учун амалда ҳукм ўқилиши эди.

Ҳисоб газонда бўлаётган воқеаларни тўла акс эттирарди. Дастлабки ярим соатда майдон эгалари дарвозага йўлланган зарбалар сони бўйича 8:0 ҳисобида устунликка эга эди, шундан еттитаси жарима майдони ичидан берилди (Де Брюйне томонидан жарима майдонидан ташқаридан йўлланган ягона зарбадан кейин қайтган тўпни Ҳоланд дарвозага жойлаб қўйди). Инглизлар тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам тотал устунликка эга бўлди, аммо «Лейпциг» шу куни кўп жиҳатдан «Сити»га қулай ўйин кўрсатди — ўз дарвозаси атрофида ҳеч қандай автобус қўймади, қуйи мудофаа линияси ўрнатмади ва кичик фоллар тактикаси қўлламади. «МС» футболчилари Марко Розе жамоасининг юқори прессингидан хотиржам ўтишди ва рақиб футболчилари ортида кенг бўшлиққа эга бўлишди ва бу юқори суръатда амалга оширилди. Бундай ҳолатда немислар клубида имкон йўқ эди.

Учрашувга фақат ҳакамлик борасидаги баҳслар бироз соя солди. Ҳоланднинг биринчи голи тўп Ҳенрикснинг қўлига теккани учун қўйилган пенальтидан урилди, аммо барча ҳам бу вазиятни фол деб ҳисобламаганди. Кўп ўтмай «Сити» форварди дублни расмийлаштирди, кейин эса Эдерсон жарима майдони ташқарисига чопиб чиқиб,  Лаймерни йиқитди, бунинг учун унга қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Аммо арбитр Славко Винчич баҳслашгани учун Вернерга сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди.

Буларнинг барчаси биргаликда «Лейпциг»нинг руҳини туширди. Меҳмонлар ўзи хавфли вазиятлар ярата олишмади. Улардаги ягона хавфли вазият Родри жарима майдони ичида тўпни Лаймерга топшириб қўйганида бўлди. Биринчи бўлимнинг кейинги қисмидаги фаолликдан кейин немис жамоаси мухлисларида уйғонган умидни танаффус арафасида шафқатсиз Ҳоланд ўлдирди — форвард биринчи бўлимнинг ўзида ҳет-трикни нишонлади.

Бундай ҳолатда аксар мураббийлар тактикани ўзгартиради ва бошқа гол ўтказиб юбормаслик учун чуқур мудофаага ўтади ва қарши ҳужумлардан имкон излайди. Айримлар эса, йўқотадиган ҳеч нарса қолмагани туфайли олдинга ташланишда давом этиши мумкин.

Розе иккинчи тоифага киришини кўрсатди: «Лейпциг» «шаҳарликлар»га бўш зоналар қолдиришда давом этди ва 49-дақиқадаёқ тўртинчи голни қабул қилиб олди — бу сафар Гундўған узоқ масофадан зарба йўллаб дарвозани ишғол этди. Аммо Ҳоланд дастлабки 45 дақиқаликда ўз лимитидан фойдаланиб бўлмаганини кўрсатди — кейинги дақиқаларда яна иккита гол урди. Чемпионлар лигасининг асосий босқичида пента-трик — бундай даражани фақат Месси (2012 йилда «Барса» сафида «Байер»га қарши ўйинда) ва Луиз Адриану (2014 йилда «Шахтёр» сафида БАТЭ билан ўйинда) қайд этган.

Ҳоланд гекса-трикни расмийлаштиришга ҳам тайёр эди, аммо Пеп Гвардиола унга дам беришга қарор қилди ва 63-дақиқадаёқ Алваресга алмаштирди. «Сити» олтинчи голни ургач, ўйин темпини буткул пасайтирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса де Брюйне ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди ва ҳисоб янада йирик кўриниш олди. 

Сафар ўйинидаги дурангдан ғазабланган инглизлар барча рақибларга даҳшат солган ҳолда чоракфиналга йўл олди, Ҳоланд эса яна бир бор ўзининг киборг эканини намойиш этди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб баҳсида Ҳоланд бир соатда 5та гол урди