12:04 / 18.03.2023
514

Шомуродовни нархига қараб ўйнатмайман!

Шомуродовни нархига қараб ўйнатмайман!

“Специя”ни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқариш учун олиб келинган Леонардо Семпличи илк мағлубиятини қабул қилиб олди.

Унинг шогирдлари аввалги турда “Интер”дек гранд клубни ер тишлатганидан кейин “Сассуоло” майдонига белгиланган кейинги баҳсда ҳам мухлис-у мутахассислар лигурияликлардан ижобий натижа кутган эди.

Бу гал ҳам Семпличи шогирдлари охиригача курашди. Ўйин тақдирини биргина пенальти ҳал қилди.

Мағлубиятдан қутилиб қолиш учун Семпличи ўйиннинг сўнгги ўн дақиқасига Даниэле Верде ва Элдор Шомуродовни туширди. Икки қанотни эгаллаган бу ҳужумчилар ҳақиқатан жамоани қутқаришга лойиқ ўйин кўрсатди. Бироқ, уларга вақт етишмагани яққол билиниб қолди.

Учрашувдан кейин Семпличи ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Сассуоло” – жуда кучли жамоа

Биз “Сассуоло”дек жуда кучли рақибга қарши ўйнадик. Айрим вазиятларда жуда яхши ўйин кўрсатганимизни айтишим керак. Умуман олганда, жамоанинг ўйини менга маъқул келди. Жамоага келганимдан бери шогирдларим онгига муҳим фазилатларни сингдира олдим, деб ўйлайман. Энди олдинда нималарга дуч келишимизни кўрамиз. Мақсадга эришиш учун имкониятимиз бор.

Пенальти – бу хатони энди тўғрилаб бўлмайди

Афсуски, бўлар иш бўлди. Энди пенальтига олиб келган хатони тўғрилай олмаймиз. Мана шундай кичик хатолар орқали кўп нарсани ўрганиб оламиз. Мен йигитларга худди шундай ўйнашда давом этишларини айтдим. Биз бир жамоа бўлиб ҳаракат қилдик.

Мальдини кучли футболчи

Даниэль Мальдини техникаси кучли ҳужумчи бўлгани учун уни илк дақиқалардан майдонга туширдим. У ўйин марказида бўлишга қодир. Мальдини кучли ўйинчи.

Нзола кейинги баҳсни ўтказиб юборади

Мбала Нзоланинг сариқ карточка олгани учун мен узр сўрайман. У огоҳлантиришлар сони туфайли кейинги баҳсни ўтказиб юборади. Бу галги ўйинда ҳам жамоадошларини ўз ортидан эргаштириш, рақиб дарвозасига босим қилишда фаол бўлди. Мбала муҳим ўйинчи, асосийси, унинг ёнига ана шундай яна бир неча футболчи қўшиш.

Шомуродов қанча туришини билмайман!

“Интер”га қарши беллашувдан кейин Элдор Шомуродов навбатдаги баҳсни захира ўриндиғида бошлади. “Сассуоло”га қарши тўқнашувнинг охирги палласида Нзола билан бирга жамоани мағлубиятдан қутқаришга ҳаракат қилди. Лекин нишон урилгани йўқ.

Мен Шомуродов қанча туришини билмайман. Футболчиларни нархига қараб ўйнатмайман. Мен уларнинг ҳаракатларини ва ҳолатларини ҳафта давомида кузатаман ва ўйинга туширишга мунофиқ келса, таркибга киритаман.

Элдор “Интер” билан ўйинда бошланғич таркибда эди. Бу гал ундай бўлмади. Ҳозир олдинда ягона марказий ҳужумчи билан яхши ўйнаяпмиз. Мен Элдордан ғалаба қозониш учун ёки бу галгидек жамоани қутқариш мақсадида фойдаланаман. Шомуродовни муҳим ўйинчи, деб биламан ва жамоани икки ҳужумчи билан ўйнай оладиган даражага олиб чиқишга ҳаракат қиламан.

“Специя” мақтовга лойиқ

Учрашув якунланганидан кейин мағлубиятга қарамай, ҳаммани табрикладим. Бу жуда муҳим баҳс эди ва унда муваффақиятга эришишга қодирлигимизга ишонгандим. Машғулотларни ўтказаётганимга кўп бўлгани йўқ. Лекин ўзим кутган муносабатни шогирдларимда кўра бошладим. Биз ўзимизга бўлган ишончни оширишимиз керак.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовни нархига қараб ўйнатмайман!