22 апрель куни бутунжаҳон бокс оламининг диққат эътибори биргина жангга қаратилади, десак муболаға бўлмайди. Айнан шу куни енгил вазн тоифаси юлдузлари Жервонта Дэвис ҳамда Райан Гарсия тўқнаш келади. Албатта, ушбу қарама-қаршилик ўзбекистонлик бокс ихлосмандларини ҳам бефарқ қолдирмаса керак. Биз айнан мазкур омилларни инобатга олиб, ўзбек бокс юлдузларининг бу жанг борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
Баҳодир Жалолов – боксчи
- Аввло, барчасини Аллоҳ билгувчи! Бироқ, Дэвисни кучлироқ деб ўйлайман. Гарсия ҳали, хеч нарсани исботлагани йўқ. Дэвис эса кучли рақибларини устидан ғалаба қозонди. Шунинг учун Жервонта ғалаба қозонса, керак деган фикрдаман. Лекин бу бокс, олдиндан бирор нарса дейиш қийин.
Ҳасанбой Дўсматов – боксчи
- Албатта, қизиқарли жанг бўлади. Ҳар иккисини яхши савиядаги боксчилар деб биламан. Ўйлашимча бу жанг охирига қадар бормаслиги ҳам мумкин. Катта эҳтимол, билан бу тўқнашувда Жервонта Дэвисни имконияти юқорироқ.
Исроил Мадримов – боксчи
- Жервонта Дэвис-Райан Гарсия ўртасидаги жанг борасида гапирадиган бўлсак, Жервонтада имконият кўпроқ, деб биламан. Сабаби, унда тезлик ва зарба кучи ҳам бор. Гарсияда эса тезлик юқори эканлигини айтишимиз мумкин. Шунинг учун ҳамма нарса бўлиши ҳам мумкин. Менинг наздимда юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Дэвисда имконият кўпроқ.
Мужибулло Турсунов - боксчи
- Тўғриси жуда қизиқарли жанг бўлади. Менимча ушбу жангни барча кутаётганлиги аниқ. Иккиси ҳам яхши даража кўрсата олишган. Аммо, барибир Жервонта Дэвис унга нисбатан кучлироқ ва ушбу жангда ғалаба қлзонса керак.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев – боксчи
- Бу жангда ким ютиши ҳақида бирор фикр билдиришим қийин. Бироқ, Жервонта Дэвисга мухлислик қиламан. Унинг рингдаги ҳаракатлари, услублари умуман ўзини тутиши ёқади. Шунинг учун Жервонта ютади, деган умиддаман.
Абдумалик Халаков – боксчи
- Бу жангни мен ҳам роса кутяпман. Менимча Жервонта 4 ёки 5-раундда нокаут қилади. Райан Гарсиянинг даражаси Жервонта Дэвисдан анча паст, деб ўйлайман.
Лазизбек Мулложонов - боксчи
- Ҳар иккиси кучли боксчи ва ўзи услублари бор. Шунингдек, уларнинг "панчер"лигини айтиб ўтиш ҳам лозим. Бироқ, барибир бу жангда Дэвис ғалаба қозонса керак, деган фикрдаман.
Аълохон Абдуллаев – боксчи
- Бу жанг томошабоп ва қизиқарли ўтиши аниқ. Сабаби, икки енгил вазн юлдузлари тўқнаш келади. Ҳали улар мағлубият аламини тотиб кўришмаган. Ғалабага чанқоқ боксчилар саналади. Аммо, барибир Жервонтанинг имконияти бироз юқори, деб ўйлайман. Сабаби, Жервонта “ударник” боксчи ҳисобланади. Шу нарса ҳам жанг тақдирига жуда катта таъсир қилади, деган фикрдаман.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг