date

Гарсия Царукянга 40 минг доллар беришдан бош тортди

Ярим ўрта вазн тоифасида WBC чемпиони Райан Гарсия ва UFC жангчиси Арман Царукян ўртасидаги 40 минг долларлик баҳс яна муҳокама марказига чиқди. Америкалик боксчи Арманга ютқазган пулини тўлаш нияти йўқлигини очиқ айтди.

Можаро апрель ойида бошланган. Ўшанда Гарсия Арман Царукяннинг дўстларидан бирини танага берилган зарба билан йиқита олмаслигига 40 минг доллар тикилган. Боксчи икки марта уриниш имкониятига эга бўлган, аммо рақибни йиқита олмаган. Шунга қарамай, ютқазилган сумма ҳалигача Царукянга берилмаган.

Райан Гарсия Complex нашрига берган интервьюсида нима учун пул тўлашдан бош тортаётганини тушунтирди. Унинг айтишича, вазият аввал бошиданоқ унга шубҳали кўринган. Боксчи дастлаб Арманнинг ўзини уришни хоҳлаган, аммо UFC жангчиси бу адолатли бўлмаслигини айтган.

“Мен унга бир доллар ҳам бермайман. Арман менга: ‘Йўқ, биродар, бу адолатдан эмас, чунки мен жангчиман ва зарбалардан ҳимоялана оламан’, деди. Кейин эса тўсатдан қўриқчига ўхшаш тасодифий одам пайдо бўлди. Шу пайт менда нимадир нотўғри деган фикр пайдо бўлди”, — деди Гарсия.

Боксчининг таъкидлашича, унга фақат маълум бир жойга зарба беришга рухсат берилган ва у вазиятни тўлиқ тушунмагани учун қаттиқ уришни истамаган. Гарсия бу шартлар унга ноқулай ва ғалати туюлганини айтди. Шунинг учун у ўзини алдангандек ҳис қилган.

“Мен уни бор-йўғи икки марта урдим, ҳолбуки уч марта уришим керак эди. Кейин ўйладим: ‘Йўқ, бу қандайдир бемаънилик. Менга бу ёқмаяпти’. Шундан сўнг ‘майли, пулни бераман’, дедим, лекин ичимда мени алдашди, деб ўйладим”, — дея қўшимча қилди у.

Гарсиянинг фикрича, Арман Царукян уни атайлаб ноқулай вазиятга туширган. Шу сабаб у 40 минг доллар тўлаш ниятида эмас. Ҳатто боксчи Царукянга қарата кескин чақириқ ҳам йўллади.

“Арман, эшит. Агар ўша пулни олмоқчи бўлсанг, қани уриниб кўр. Улар чўнтагимда!” — деди Гарсия.

Бу гаплардан кейин икки спортчи ўртасидаги можаро янада қизиши мумкин. Бир томонда — пулни талаб қилаётган UFC жангчиси, иккинчи томонда эса ўзини “тузоққа туширилган” деб ҳисоблаётган боксчи. Қисқаси, бу ерда 40 минг доллардан кўра кўпроқ нарса — обрў, характер ва спортчилар ўртасидаги принциплар ўйинга кирган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Гарсия Царукянга 40 минг доллар беришдан бош тортди