Курашларга бой ўтган учрашувда амалдаги чемпион иродали тарзда ғалабага эришди, якуний ҳисоб 2:1. Учрашувдан сўнг "Пахтакор" жамоаси бош мураббийи Максим Шацких учрашувдан кейинги матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.
- Ўйин ҳақида қисқача фикрларингиз?
- Қийин ўйин бўлишини билган эдик ва шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Бугун ўйлайманки, мухлис намойиш этган ўйинимиздан рози бўлди. "ОКМК" яхши жамоа, Миржалол ака бошқарган жамоалар ҳар доим яхши ўйин намойиш этишади ва ақли футбол ўйнашади. Ғалабага эришдик ва энг муҳими шу деб ўйлайман.
- Жамоанинг биринчи таймдаги ўйинига баҳо бериб ўтсангиз?
- Биринчи таймда яхши ўйин намойиш эта олмадик. Бунга сабаб кўп футболчиларимиздан фойдалана олмаётганимиз. Дилшод бугун ярим йил деганда биринчи учрашувини ўтказди ва у ҳам бўлса ўзининг позициясида эмас, шу сабаб биринчи бўлим биз ўйлагандек ўтмади. Танаффусда бир нечта кичик ўзгартиришларга қўл урдик ва иккинчи таймда ўйинимизни анча яхшилаб олдик. Биринчи таймда қуёш халал бердими билмайман, иккинчи таймда ўзимизнинг ўйинимизни намойиш эта бошладик.
- Суперлигада 7та тур учрашувларини ўтказдингизлар ва секин асталик жамоалар ўйинини таҳлил қилса бўлади. "Пахтакор" 7та турнинг барча учрашувларида гол ўтказиб юбормоқда. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
- Мен аввалги матбуот анжуманларида ҳам бу нарсани таъкидлаб ўтган эдим. Машғулот жараёни тўғрилашингиз керак бўлган муаммо бўлмаса, машғулот олиб бориш зерикарли бўлиб қолади(кулади). Биз бу муаммолар устида иш олиб бормоқдамиз. Биз нафақат миллий чемпионатга тайёрланмоқдамиз, балки бир даража каттароқ учрашувларга ҳам тайёргарлик кўраяпмиз.
Мисол учун "Пахтакор"нинг деярли барча аъзоси терма жамоа ўйинчиси ҳисобланади. Терма жамоа таркибида ўйнаётган вақти эса футболчи бизнинг юзимиз. Биз телевизор орқали ўйинни томоша қилиб, улар "Пахтакор" футболчилари эканлиги учун мағрурланадиган даражага чиқишни ният қилганмиз ва шу даражага эришиш учун ҳаракат олиб бормоқдамиз.
- Бугунги ғалаба Саитовнинг индивидуал маҳорати эвазига қўлга киритилдими?
- Йўқ, фикрингизга қўшилмайман. Мен ҳар доим таъкидлаб ўтганман, бизда ҳамма ҳужумга ўтади ва ҳамма ҳимояланади. Индивидуал маҳорат ҳар бир футболчида бўлиши керак. Масалан ўша Саитов гол бўлиши учун тўпни қанотдан рақибнинг жарима майдончасига етказиб беради, лекин тўп қанот ўйинчисига етиб келгунга қадар, бошқа футболчилар меҳнат қилишади. Голда ҳам шундай вазият.
- "Пахтакор" бугун ўзгаришларсиз ўйнади ва учрашув сўнгида Турғунбоев ва Алижоновлар чарчаб қолишгани яққол кўзга ташланди. Ўйинни бузиб қўймаслик учун бугун ўзгаришларга қўл урмадингизми?
- Бундай учрашувда майдонда ҳаракат қилиш жуда қийин, ўз тажрибамдан келиб чиқиб ҳам шуни айта оламан. Қўшимчасига бизнинг захира ўриндиғимизда ҳозир футболчилар сони анча камайган. Агар учрашув сўнгида қайсидир футболчини алмаштирсам, у ўйинга киришиб кета олмаслиги мумкин эди.
- Фикрингизча, "Пахтакор"га чемпионлик пойгасида асосий рақобатчи ким?
- Мусобақани ўзингиз кузатиб боряпсиз. Ҳозирги вақтда ҳеч кимни осон мағлуб эта олмаймиз, хоҳ у етакчи бўлсин, хоҳ "аутсайдер". Барча чемпионатларда шундай ҳолат, ҳар бир рақибга индивидуал тарзда тайёргарлик кўрмоқдамиз, лекин ўзимизнинг услубимиздан келиб чиқиб.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг