Бектемир Мелиқўзиев (12-1, 9 КО) ва америкалик машҳур профессионал боксчи Габриэль Росадо (26-17-1, 15 КО) ўртасида АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ташкил этилган реванш жанги кўпчилик мухлису мутахассислар эътиборини қозонди.
Бу икки чарм қўлқоп устаси ўртасида 2021 йилги илк жангда Росадо ғолиб чиққан эди. Ўшанда рақибидан ҳар томонлама устун бўлган Мелиқўзиев қўпол хатога йўл қўйиб, кучли зарбани ўтказиб юборган ва нокаут ҳолатига тушиб қолганди.
Ниҳоят, Бектемирнинг орзуси ушалиб, реванш жангида рингга кўтарилиш имкониятига эга бўлди. Бу гал жангга жиддий қараган ҳамюртимиз ўн раунд давомида бехато ҳаракат қилди ва очколар ҳисобида Гадриэль Росадони мағлубиятга учратди.
Габриэль Росадо жангдан кейин Бектемир Мелиқўзиев ҳаққоний ғалаба қозонганини тан олди, ўзбек боксчисининг фаолиятига омад тилади ва профессионал боксчи сифатида бошқа рингга қайтмаслигини маълум қилди.
- Ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим, лекин доим бир қадам орқада қолиб кетавердим. Профессионал боксда 18 йил фаолият кўрсатиб, унинг бир бўлагига айландим.
Мен Мелиқўзиев билан жангга киришдим, бокс тушдим, бор имкониятимни ишга солдим, лекин ҳаракатларим рақибникидан анча секин бўлди. Лаҳзаларга бўлса ҳам ортда қолдим.
Бектемир ёш ва чаққон, унинг учун хурсандман. Биринчи жангда уни оғриқли нокаутга туширгандим, бу галги жангга у тўғри тайёрланибди.
Ҳеч қандай баҳоналар қидирмайман. Чунки жангга тайёр эдим. Энди ҳаммасини йиғиштириб, менежмент ва машғулотлар бўйича билимларимни ёшларга ўргатишни бошлайман. Улар билан тажрибамни ўртоқлашмоқчиман. Шунингдек, ўзимни бокс шарҳловчиси сифатида ҳам синаб кўриш ниятим бор, - деди Габриэль Росадо.
37 ёшли Габриэль Росадо профессионал боксда ўз номига эга бўлган тажрибали чарм қўлқоп усталаридан. Америкалик боксчи профессионал рингдаги фаолиятини 2006 йили бошлаган. Бир неча муҳим жангларда зафар қучган спортчи икки маротаба жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилган.
2013 йилнинг 19 январида IBO ва WBA йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлиги камарлари учун қозоғистонлик машҳур боксчи Геннадий Головкинга қарши рингга чиқиб, 12 раундлик жангнинг еттинчи раундида техник нокаут билан мағлуб бўлган.
Орадан ўн ой ўтиб, америкалик енгилмас боксчи Питер Куиллинга қарши жаҳон чемпионлиги жангида WBO йўналиши камарига даъвогарлик қилди. Росадо бу гал ўнинчи раундда техник нокаутга учраб, иккинчи уринишда ҳам жаҳон чемпиони бўла олмади.
Шунга қарамай, Габриэль Росадо ўз жанг услуби, кучли зарбалари, жанговар характери билан мухлису мутахассислар ҳурматини қозонди. Энди Бектемир Мелиқўзиевга қарши жанг унинг профессионал фаолиятидаги сўнггиси бўлиб қолади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг