“Специя” А Сериянинг 32-турида ўз майдонида “Монца” жамоасини қабул қилади. “Альберто Пикко” аренасида бўладиган учрашув лигурияликлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамай, Леонардо Семпличи олдида таркиб танлаш борасида муаммо юзага келган.
Мезбонларнинг асосий ҳужумчиси Мбала Нзола жисмоний ҳолати туфайли ўйинда иштирок этмайди. Бошланғич таркибдан муқим жой эгаллай бошлаган Даниэль Мальдини учун мавсум эрта тугагани айтилмоқда.
Леонардо Семпличи олдида “Монца”га қарши баҳсда марказий ҳужумчи сифатида икки ўйинчидан бирини танлаш варианти бор холос. Улардан бири Италия футболида учинчи йилини ўтказаётган Элдор Шомуродов, иккинчиси январда олиб келинган ва ҳали А Серия темпига мослаша олмаган Раймондс Кроллис.
Италия футболини ёритиб бораётган манбалар бўлажак баҳсда Семпличи ўзбек ҳужумчиси хизматидан фойдаланишини таъкидламоқда. Хусусан, “Специя” ўйинларини ёритишга ихтисослашган cittadellaspezia.com сайти журналисти Андреа Белотти Элдор Шомуродов фаолиятидаги ажойиб маълумотга эътибор қаратди.
Маълумки, ҳамюртимизнинг 2020 йил октябридан бери А Серияда порлаган даври “Женоа”да ўйнаган мавсумнинг охирига тўғри келади. Элдор 2021 йилнинг 24 апрелидан 22 майигача тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган ва ана ўша бир ой давомидаги сермаҳсул ўйини туфайли катта клублар, жумладан, “Рома” эътиборига тушган эди.
Андреа Бонатти ўз мақоласида айнан мана шу даврни қаламга олди.
- Ўзбек ҳужумчисига ҳақиқий кучини кўрсатадиган давр келди. У “Салернитана”га қарши баҳсда машҳур дарвозабон Гильермо Очоани ожиз қолдирганидан ташқари, ҳозиргача нималарга қодирлигини намойиш қилгани йўқ.
Шомуродов “Женоа” учун уран саккизта голидан бештасини 2021 йилги мавсумнинг охирги бир ойи ичида киритганига эътибор қаратиш лозим. Ўшанда ўзбек легионери олтита баҳсда бешта гол урган ва умумий ҳисобда жамоасига 9 очко олиб келган эди. Бу очколарсиз “Женоа” 11-поғонани эгаллай олмасди.
Элдорнинг олдида яна олтита ўйин турибди. Бу баҳсларда у жорий мавсумни ўз фойдасига ёздириб қўйиши мумкин. Генуя клубида бўлгани каби “Специя”да ҳам из қолдириш учун Элдор жамоадоши Мбала Нзоланинг йўқлигини билдирмаслиги керак. Чунки анголалик тўпурар муҳим учрашувлар олдидан сафдан чиқди. Ўйин натижасини ўзгартиришга қодир футболчини йўқотиш Леонардо Семпличига қўшимча муаммо туғдиради, - деб ёзди Андреа Бонатти.
Таъкидлаш жоизки, “Монца” клуби раҳбарияти ўтган иккита трансфер ойнаси вақтида Элдор Шомуродовга жиддий қизиқиш билдирганди. Бироқ, ҳужумчимиз бу вариантни маъқулламади.
“Специя” ва “Монца” ўртасидаги учрашув 28 апрель куни Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг