Жорий йилнинг 1-14 май кунлари Тошкент шаҳри бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Айни пайтда мутахассислар, мураббийлар, чарм қўлқоп усталари пойтахимиздаги мусобақада иштирок этадиган боксчиларнинг имкониятларини таҳлил қилмоқда.
Қозоғистонлик профессионал боксчи Марат Мазимбаев бўлажак жаҳон чемпионатида ўта оғир вазн тоифасида қатнашадиган ҳамюрти Қамшибек Кункабаев ва амалдаги жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов имкониятларига баҳо берди.
Эслатиб ўтамиз, Марат Мазимбаев профессионал бокснинг IBA йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, WBO ҳамда IBF йўналишларида минтақалараро чемпионлик камарларини қўлга киритган машҳур боксчилардан биридир.
- Баҳодир Жалолов – амалдаги жаҳон чемпиони. Профессионал боксда ҳам фаолият олиб бормоқда. Унда ўзига бўлган ишонч юқори. Қўшимчасига, ўз уйида рингга чиқади.
Қамшибек Кункабаевга жуда қийин бўлади. У ғалаба қозониш учун бор кучини ишга солишига тўғри келади. Адолат нуқтаи назаридан баҳо берсак, Жалоловнинг имкониятлари юқорироқ, - деди Марат Мазимбаев.
Таъкидлаш жоизки, бир неча йилдан бери қўшни мамлакатларнинг бу икки боксчиси ўзаро рақобатчи ҳисобланади.
Ўзаро тўқнашувлардаги серия қозоғистонлик чарм қўлқоп устаси ғалабалари билан бошланган. Баҳодир Қамшибекка илк бор 2015 йили Болгариядаги турнирда ютқазган. Икки йилдан кейин Кункабаев ўз юртида кетма-кет иккинчи ғалабасини нишонлади.
Тошкентдаги учинчи тўқнашув 2017 йилга тўғри келди ва ундан илк бор Баҳодирнинг қўли баланд келди. Орадан бир неча ой ўтиб, Кункабаев Германиядаги мусобақада яна зафар қучди ва умумий ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келди.
Шундан кейинги тўртта жангда ғолиблик фақат Баҳодир Жалоловга насиб қилди. Ўта оғир вазнли боксчимиз 2019 йили дастлаб Таиландда, кейин Россиядаги жаҳон чемпионатида рақибидан устун келди. 2021 йили Дубайдаги турнирда ҳам ҳамюртимизнинг қўли баланд келди.
Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўртасидаги саккизинчи жанг 2023 йилнинг 23 февраль куни Болгариядаги “Странжа” турнирида ўтказилиши кутилганди. Лекин қозоғистонлик боксчи рингга чиқишдан бош тортди.
Шу тариқа, икки гигант боксчи ўртасидаги жанглар ҳисоби 5:3 кўринишида Баҳодирнинг фойдасига ҳал бўлди.
Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксчилар ўртасида барча нуфузли турнирлар ғолиби ҳисобланади. У амалдаги жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони. Жаҳон чемпионати бронза медаль совриндори. Уч карра Осиё чемпиони бўлган.
Қамшибек Кункабаев эса, Токио Олимпиадаси бронза медалини қўлга киритган. Жаҳон чемпионатлари икки маротаба, Осиё чемпионатларида эса тўрт маротаба кумуш медалга эга чиққан.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг