Куба бокси афсонаси: Энг зўри Жалолов, у ҳали Тайсон Фьюри, Усик ва Жошуа билан тўқнашади!
Куба азалдан бокс бўйича юқори натижаларни қайд этиб келади. Ушбу мамлакатдан жуда кўп моҳир чарм қўлқоп усталари етишиб чиққан.
Ана шундай афсонавий боксчилардан бири Хулио Сезар ла Крусдир. 33 ёшли боксчи ҳаваскорлар ўртасида 283 та жангдан 260 тасида ғалаба қозонган. Барча нуфузли турнирлар шоҳсупасига кўтарилган.
Хусусан, Хулио Сезар ла Крус икки маротаба Олимпия ўйинлари, беш маротаба жаҳон чемпиони бўлган. Қитъа миқёсидаги мусобақаларда олтита олтин медалга эга чиққан. Бу боксчи катта мусобақаларда бирор маротаба финалда ютқазмаган.
Ўтган йили профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган кубалик боксчи кетма-кет иккита жангда рақибларини нокаутга учратди.
Хулио Сезар ла Крус Тошкентда бошланаётган жаҳон чемпионати арафасида ўта оғир вазн тоифасида амалдаги Олимпия чемпиони бўлган Баҳодир Жалолов ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Кубалик боксчи ўз муносабатини Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг инстаграмдаги саҳифасига ёзди.
- У ҳали Тайсон Фьюри, Александр Усик ва Энтони Жошуа билан бокс тушади. Энг зўр ҳаваскор боксчи, энг зўр профессионал боксчи ҳамдир, - деб ёзди Хулио Сезар ла Крус.
Тўлқин Қиличев кубалик чарм қўлқоп устасининг постига қуйидагича жавоб қайтарди.
- Буюк боксчи – беш карра жаҳон чемпиони, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Хулио Сезар ла Круснинг Баҳодир Жалолов ҳақидаги сўзлари шу, - деб ёзди Тўлиқ Қиличев.
Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксчилар ўртасида барча нуфузли турнирлар ғолиби ҳисобланади. У амалдаги жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони. Жаҳон чемпионати бронза медаль совриндори. Уч карра Осиё чемпиони бўлган.
Ўта оғир вазн тоифасидаги жангларда қатнашиб келаётган Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксчилар ўртасида жами 110 та жанг ўтказиб, шулардан 95 тасида ғалаба қозонган. 21 та жангда рақибларини нокаутга учратган.
Бундан ташқари, ҳамюртимиз профессионал рингда фаолиятини ҳам давом эттирмоқда. Баҳодир 2018 йилнинг 5 майидан бери шу кунга қадар 12 та жангда иштирок этди. Мустаҳкам ҳимоя, кучли техника, ўта залворли зарбага эга боксчимиз профессионал жанглардаги барча рақибларини муддатидан олдин таслим қилган.
Кўплаб бокс мутахассислари, мураббийлар ва чарм қўлқоп усталари Тошкентдаги жаҳон чемпионатида ўта оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалоловнинг чемпион бўлиш имкониятларини жуда юқори баҳоламоқда.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг