13:00 / 03.05.2023
700

Жалоловга кучли рақиб тушди ёхуд Кункабаев билан тўқнашув қачон?

Жалоловга кучли рақиб тушди ёхуд Кункабаев билан тўқнашув қачон?

Бугунги кундаги энг кучли ўзбек боксчиси – Баҳодир Жалоловнинг Тошкент шаҳри  мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионатидаги жангларини кўплаб мухлису мутахассислар алоҳида қизиқиш билан кутмоқда.

Қуръа натижасига кўра, ўзбек боксчиси иштирокини 1/16 финалдан бошлаши белгиланган. Жалоловнинг рақиби Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган асли россиялик Данис Латипов ва туркманистонлик Боқи Тўйчиев ўртасидаги тўқнашувда аниқланди.

Бу баҳсда маҳорат ва тажриба бобида рақибидан анча устун бўлган Данис Латипов ғалаба қозонди. У рақибини иккинчи раундда техник нокаут билан енгди.

Баҳодир Жалолов бўлажак рақиби билан илгари икки маротаба тўқнаш келган. Биринчи жанг 2020 йили Иорданияда ўтказилган Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи саралаш турнирида кузатилган. Унда ҳамюртимиз кескин ва муросасиз ўтган жангда баҳрайнлик боксчини очколар ҳисобида мағлубиятга учратган.

Кейинги беллашув ўтган йилнинг декабрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган “IBA чемпионлари кечаси” турнири доирасида бўлди. Абу-Дабидаги беш раундлик тўқнашувда ҳам Баҳодир Жалолов рақибидан устунлигини исботлади.

Данис Латипов ҳаваскор боксчилар ўртасидаги турнирларда жами 20 маротаба ғалаба қозонган ва 17 марта мағлуб бўлган. Унинг ҳисобида профессионал рингда ўтказилган битта муваффақиятли жанг ҳам бор.

Баҳодир Жалоловнинг ҳаваскор боксдаги кўрсаткичлари рақибидан анча яхши. Ўзбек боксчиси 95 та 95 та ғалаба ва 15 та мағлубият қайд этган. Баҳодир барча нуфузли турнирлар ғолиби ҳисобланади. У 2019 йили жаҳон чемпионати, бир йилдан кейин Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди.

Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритди. Баҳодир ўзи иштирок этган халқаро миқёсдаги финал жангларининг бирортасида мағлубиятга учрамаган.

Шунингдек, ҳамюртимиз профессионал боксчилик фаолиятини ҳам давом эттирмоқда. Кучли зарбага эга чарм қўлқоп устаси 12 та профессионал жангнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин таслим қилган.

Пойтахтимиздаги жаҳон чемпионатида яна бир боксчининг фаолияти бокс ишқибозлари эътиборида турибди. Қозоғистонлик Камшибек Кункабаев ҳам иштирокини 1/16 финалдан бошлайди. У дастлабки жангини россиялик Алексей Дроновга қарши ўтказади.

Кункабаев фаолияти давомида Олимпия ўйинлари совриндори, икки маротаба жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби, тўрт бор Осиё чемпионати финалчиси бўлган. Унинг рақиби – Алексей Дронов катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк бор қатнашмоқда. 22 ёшли боксчи шу пайтгача асосий совринларни ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларда қўлга киритган.

Қўшимча қилиб айтиш жоизки, бокс мухлислари Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев жангини жаҳон чемпионатининг ярим финалида кўриши мумкин. Ҳар икки боксчи қуръа жадвалинг юқори қисмидан жой олган ва олдиндаги босқичлардан муваффақиятли ўтса, финал остонасида тўқнашади.  

Баҳодир Жалоловнинг жаҳон чемпионатидаги илк жанги вақти аниқ бўлишига қўшимча тарзда хабар берилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалоловга кучли рақиб тушди ёхуд Кункабаев билан тўқнашув қачон?