Тошкентда давом этаётган катталар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатида мухлису мутахассислар диққат марказида турган боксчилар Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев мусобақага киришишдан олдин учрашди.
Сир эмас, ўта оғир вазн тоифасида бир неча йилдан бери давом этиб келаётган ўзбек ва қозоқ паҳлавонлари рақобати кўпчиликнинг эътиборини қозонган.
Ўзаро рақобат Кункабаев ғалабалари билан бошланган бўлса-да, кейинчалик устунлик Жалолов томонига ўтди.
Айни пайтда Баҳодир ҳисобида бешта, Қамшибекда учта ғалаба бор.
Ҳар икки боксчи жаҳон чемпионатидаги иштирокини 4 май куни бошланди. Ундан олдин улар ўзаро учрашди. Учрашувга оид суратларни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади.
Икки гигант боксчи ўта оғир вазн тоифасидаги иштирокини жаҳон чемпионатининг 1/16 финалидан бошлайди.
Қуръа натижасига кўра, ўзбек боксчиси Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган асли россиялик Данис Латипов билан тўқнаш келади. Баҳодир Жалолов бўлажак рақиби билан илгари икки маротаба тўқнаш келган. Биринчи жанг 2020 йили Иорданияда ўтказилган Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи саралаш турнирида кузатилган. Унда ҳамюртимиз кескин ва муросасиз ўтган жангда баҳрайнлик боксчини очколар ҳисобида мағлубиятга учратган.
Кейинги беллашув ўтган йилнинг декабрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган “IBA чемпионлари кечаси” турнири доирасида бўлди. Абу-Дабидаги беш раундлик тўқнашувда ҳам Баҳодир Жалолов рақибидан устунлигини исботлади.
Қамшибек Кункабаев Тошкентдаги биринчи жангини россиялик Алексей Дроновга қарши ўтказади.
Жалолов ҳам, Кункабаев ҳам жаҳон чемпионатидаги илк жангини ўтказиш учун бугун кечки пайт – Тошкент вақти билан соат 20:00 дан кейин рингга кўтарилади.
Жаҳон чемпионатининг қуръа жадвалига эътибор қаратсак, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев барча рақибларини мағлубиятга учратган тақдирда ярим финалда ўзаро тўқнаш келишини кўриши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг