Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати тобора қизғин паллага кириб бормоқда.
Дунёнинг юздан зиёд мамлакатидан 600 нафардан ортиқ чарм қўлқоп устаси 13 вазн тоифасида рингга чиқаётган нуфузли мусобақада кутилмаган ва сенсацион натижалар ҳам қайд этилаётган мухлис-у мутахассислар эътиборини жалб қилмоқда.
Ҳар қандай яккакураш турида бўлгани каби боксда ҳам энг оғир вазнли спортчиларнинг тўқнашуви доимо атрофдагиларда катта қизиқиш уйғотади.
Жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазнли боксчилари беллашувида дастлабки шов-шувли вазиятга биринчи рақамда сараланган арманистонлик Давид Чалоян тушиб қолди.
2021 йилги жаҳон чемпионатининг финалчиси ҳисобланган Чалоян мусобақани 1/16 финалдан бошлади ва илк жангида Хитой шарафини ҳимоя қилаётган этник қозоқ – Данабиека Байкевузига қарши рингга чиқди.
Бу баҳсда тажриба ва маҳорат бобида рақибидан устун ҳисобланган Арманистоннинг беш карра чемпиони Тошкент рингларида ўзини кўрсата олмади. Данабиека Байкевузи жаҳон чемпионлигига номзод бўлган рақибини очколар ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди.
Учрашувда зарбалар ҳисоби билан шуғулланган ҳакамларнинг барчаси бир овоздан Хитой вакилининг ғалабасини тасдиқлади.
Жаҳон чемпионатида ўта оғир вазн тоифасида кўпчилик ўзбек боксчиси Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Қамшибек Кункабаев иштирокини алоҳида қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
2019 йилги жаҳон чемпиони ва 2020 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов Тошкент рингларида чемпионлик учун курашаши кутилмоқда. Бу гал машҳур боксчимиз учинчи рақамда сараланган.
Баҳодир жаҳон чемпионатидаги илк жангини бир соатдан кейин ўтказади ва нимчорак финал босқичи учун бўладиган баҳсда Баҳрайн терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган асли доғистонлик боксчи Данис Латипов билан тўқнаш келади.
Бу икки чарм қўлқоп устаси бунгача Иордания ва Бирлашган Арабис Амирликларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда ўзаро икки маротаба тўқнаш келиб, ҳар икки жангда ҳамюртимизнинг қўли баланд келган.
Қамшибек Кункабаев ҳам илк жангини бугун ўтказади ва у россиялик ёш боксчи Алексей Дроновни имтиҳондан ўтказади.
Шу ўринда, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобда 5:3 ҳисобида ҳамюртимиз устунлик қилаётганини эслатиб ўтиш даркор.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг