Россиянинг “Матч ТВ” телеканали журналисти Василий Конов Sports.kz сайтига берган интервьюсида Тошкентдаги жаҳон чемпионатида рингга чиққан ўта оғир вазн тоифасидаги боксчилар – Алексей Дронов, Қамшибек Кункабаев ҳамда Баҳодир Жалолов ҳақида фикр билдирди.
- Қамшибек Кункабаевни ғалаба билан табриклаш керак. Ҳақиқатан, зўр жанг бўлди ва бу баҳс жаҳон чемпионатининг дастлабки босқичини безади. Қозоғистон томондан фанатлар кўп бўлди, россияликлар делегацияси ҳам ўз спортчисини фаол қўллаб-қувватлади.
Агар раундлар бўйича таҳлил қилсак, Алексей Дронов биринчи раундни ўз фойдасига ҳал қилди. Қамшибек рақиб услубига мослашиб, иккинчи ва учинчи раундларда устунлик қилди. Кескин ва муросасиз баҳсдаги ғалабага Қозоғистонлик боксчи муносиб кўрилди.
- Дронов учун бу аламли мағлубият бўлдими?
- Алексей Дронов ёш оғир вазнли боксчи. Узоқ йиллардан бери уни кузатиб келаман ва айтишим мумкинки, катта ўсишга эришяпти. Келажакда Дронов Россия боксида етакчилардан бўлади. Кункабаевга камида финалгача боришини тилайман.
- Бу жангни WBA ва IBF йўналишлари собиқ чемпиони Денис Лебедев билан муҳокама қилганингни биламан...
- Ҳа, Денис ҳам менинг фикримга қўшилди. У қозоқ боксчисига муваффақият тилади ва Алексейнинг савияси яхши эканини таъкидлади. Энг муҳими, Дронов бу мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарса, келажакда ҳаммаси яхши бўлади.
- Қамшибек Кункабаевнинг агар ўзаро тўқнашув юз берса, Баҳодир Жалоловдан реванш олиш имкониятини қандай баҳолайсан?
- Баҳодир Жалолов вазни 92 килограммдан ошиқ боксчилар ўртасида жаҳон чемпионатининг яққол фаворити. Уни бутун трибуна қўллаб-қувватлаяпти. Унинг биринчи жангига қараб баҳо беришим мумкин. Арена лиқ тўла эди, бўш жой қолмаганди, ҳамма уни қўллаб-қувватларди.
Ўзбекистонда унга эътибор жуда кучли. Бундай масъулият олдида куйиб қолиш ҳеч гап эмас, лекин бунга асос бор, дея олмайман. Жалолов жуда ҳам тажрибали спортчи.
Оғир вазнда ҳаммасини битта аниқ зарба ҳал қилиши ҳам мумкин. Лекин мен шундай дейман: Жалолов – мусобақанинг яққол фаворити. Агар у олтин медаль ололмаса, мен қаттиқ ҳайратга тушаман.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионатидаги дастлабки жангини Баҳрайн терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган асли россиялик Данис Латиповга қарши ўтказди. Беллашув давомида ҳамюртимиз рақибини катта устунлик билан енгди.
Баҳодир Жалолов бунгача Латипов билан икки бор – Иордания ва Бирлашган Араб Амирликларидаги мусобақаларда тўқнаш келиб, уларда ҳам рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган эди.
Тошкентдаги жаҳон чемпионатида энг катта қизиқишга сабаб бўлаётган жанглардан бири Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўртасида бўлиши кутилмоқда. Агар бу икки боксчи саралаш жангларини муваффақиятли якунласа, мусобақанинг чорак финалида ўзаро рўбарў келади.
Ҳозиргача Баҳодир ҳамда Қамшибек саккиз марта рингда тўқнаш келган ва умумий ҳисоб 5:3 кўринишида ўзбек боксчиси фойдасига ҳал бўлган.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг