Бокс. Мутлақ чемпион Девин Ҳейни украиналик Ломаченкони мағлуб этиб, камарларини ҳимоя қилди
Ўзбекистон вақти билан 21 май тонгида Лас-Вегас шаҳрида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди.
Мусобақанинг асосий жанги енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони Девин Ҳейни (30-0, 15 КО) ва собиқ чемпион Василий Ломаченко (17-3, 11 КО) ўртасида кечди.
Жангнинг биринчи раунди тенг курашлар остида ўтди ва америкалик боксчи бир оз фаолроқ бўлди. Кейинги икки раундда Ломаченко устунлик қайд этди. Жангнинг ўрта қисмида Ҳейни кўпроқ раундларни ўз фойдасига ҳал қила олди. 10 ва 11-раундлар украиналик боксчининг катта устунлиги остида ўтди. Сўнгги раундда яна Девин фаоллик намойиш қилди.
Якунда ҳакамлар бир овоздан Девиннинг ғалабасини қайд этди — 116:112, 115:113, 115:113.
Шу тариқа Ҳейни ғалабали сериясини давом эттирган ҳолда ўзига тегишли WBA Super, WBC, IBF ва WBO камарларини муваффақиятли ҳимоя қилди.