Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе бир неча соат олдин бўлиб ўтган U-23 Осиё кубоги саралаш босқичига ташланган қуръа натижалари бўйича фикрларини билдирди.
"Қуръа бўлиб ўтди, рақибларимиз маълум. Албатта гуруҳдаги учта рақиб орасида энг жиддийси Эрон. Лекин бу ерда қўрқадиган жойи йўқ, деб ўйлайман. Насиб қилса, уйда ўйнаймиз. Биринчи ўрин билан чиқишга ҳаракат қиламиз. Тайёргарлик кўрамиз. Мақсадимиз аниқ. Осиё кубогига йўлланма олиб, у ердан Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишимиз керак.
Эрон билан охирги турда ўйнаймиз. Гуруҳ ғолиблиги учун улар билан кураш олиб боришимиз аниқ. Ўтган Осиё кубогида Эрон билан гуруҳда тўқнаш келган эдик. Озми-кўпми маълумотга эгамиз. Афғонистон ва Гонконг ҳақида маълумот тўплаймиз. Бизга Эрон тушганининг ҳикмати бордир, кучли рақиб балки камчиликларимизни кўрсатиб берар. Кучимиз ва имконият даражамизни биламиз. Ўша паллада оптимал формада бўлиб, яхши натижа билан мухлисларни хурсанд қиламиз", - дейди Тимур Кападзе.