00:59 / 31.05.2023
486

Майк Тайсон фаолиятидаги энг қийин жанг ҳақида: “Бундай зарбаларга бошқаси дош беролмасди” (видео)

Майк Тайсон фаолиятидаги энг қийин жанг ҳақида: “Бундай зарбаларга бошқаси дош беролмасди” (видео)

Бундан роппа-роса 36 йил олдин, 1987 йил 30 май куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўша вақтда оғир вазн тоифасида WBC ва WBA камарлари соҳиби Майк Тайсоннинг собиқ жаҳон чемпиони Пинклон Томасга қарши жанги бўлиб ўтган. Олтинчи раунддаёқ Томасни нокаутга учратган Темир Майк кейинчалик фаолиятидаги энг кучли рақиби сифатида айнан Пинклонни кўрсатган. Қуйида ушбу жанг тафсилотлари ҳақида сўз боради.

Пинклон Томас 1984 йилда Тим Уизерспунни очколар ҳисобида мағлуб этиб, WBC камарига эга чиққанди. Кейин эса Майк Уиверга қарши ҳимоя жангини ўтказди ва ғолиб бўлди. 1986 йилда ўтказилган Тревор Бербикка қарши баҳсда эса сенсацион тарзда мағлубиятга учради. Ўша вақтда Томаснинг наркотик моддалар билан боғлиқ муаммолари борлиги маълум бўлганди.

Майк Тайсон эса 1986 йилда оғир вазнда WBC камари соҳиби Тревор Бербикка қарши жанг ўтказиб, ғалаба қозонган ва янги чемпионга айланган. 1987 йилнинг 7 март санасида эса Жеймс Смитга қарши WBC ва WBA камарлари учун рингга кўтарилиб, унда ҳам ғолиб чиқади. Темир Майк Пинклон Томасга қарши жангда ўзининг WBC ва WBA камарларини биринчи марта ҳимоя қилиши керак эди.

Жанг олдидан Томас Тайсонга қўл узатади ва имконият учун раҳмат айтади. Бироқ Майк бунга ҳақорат билан жавоб беради.

Тайсон биринчи раунддаёқ ғалаба қозониши мумкин эди

Жангда Майк Тайсон томошабинларга бир ёки икки эмас, балки кўпроқ раундлар давомида ўз маҳоратидан баҳраманд бўлиш имкониятини берди. У биринчи раунддаёқ ғалабани қўлга киритиши мумкин эди. Пинклон чап қўл жеб зарбалари билан Майкни масофада ушлашга ҳаракат қилди. Бироқ бу омадли чиқмади. Томас раунд тугашига 40 сония қолганда рақибининг ўнг ва чап қўлда берилган ҳук зарбаларидан ўзини йўқотди ва ринг бурчагига бориб қолди. Тайсон саккиз зарбали серияни амалга оширди, бироқ Пинклон бунга дош бера олди ва нокдаунга учрамади.

Томас тикланишга муваффақ бўлди ва кейинги тўртта раундда ҳам мувозанатни сақлай олди. У иккинчи раундни апперкот зарбаси билан бошлади. Клинчдан кейин Тайсон чап қўлда ёндан берган зарбаси билан жавоб қайтарди. Пинклон сериялар билан ишлашни бошлади, лекин уларнинг ҳеч қайсиси аниқ етиб бормади.

Учинчи раундда Томаснинг жеблари самаралироқ чиқишни бошлади ва Тайсоннинг баъзи ҳужумларини тўхтатиб ҳам қолди. Бу Пинклон ўтказган энг яхши раунд эди ва унда ҳақли равишда ғолиб чиққанди.

Фото: The Sun

Тўртинчи уч дақиқаликда Тайсоннинг ўнг қўлда берган кучли зарбаси ноаниқ чиқди. Майк бир оз саросимага тушди ва жангни қандай услубда давом эттиришни билмаётгандек кўринарди. Томас раунд охиригача Темир Майкнинг ҳужумларини муносиб зарбалар билан кутиб олишда давом этди. Жангчига бу раундда ҳам ҳакамлар томонидан ҳақли равишда кўпроқ очколар берилиши мумкин эди.

Бешинчи раунд клинч билан бошланди. Томас Тайсоннинг ҳужумларини жеблар билан тўхтатаётганди. Пинклон жанг тизгинини қўлига олганди ва уни бошқараётганди. Бироқ раунд сўнгида Майк яна бир кучли чап қўл зарбасини йўллади. Томас эса мувозанатни сақлаб қолишга эришди.

Тайсон олтинчи раундда иккала қўли билан апперкот ва ҳуклар сериясини уюштирди, уларнинг бир қисми рақибининг жағ қисмига аниқ етиб борди. Томас гандираклаб қолди ва навбатдаги ҳукдан кейин фаолиятида биринчи марта рингга қулади. Реферининг саноғи тугагунча Пинклон ўзига келишга улгурмади. Бу вақтда унинг мураббийи Анжело Данди рингга чиқди. Жанг тўхтатилди ва Тайсонга техник ғалаба ёзилди.

Темир Майк ўзининг ғалабали сериясини 30 та жангга етказади. Пинклон Томас орадан бир йил ўтиб, 1988 йилда рингга қайтди. Тайсондан учралган мағлубиятдан кейин мураббий Анжело Данди Пинклон билан машғулот ўтказмасликка қарор қилди.

Жангдан кейин

Пинклон Томасга қарши жангдан кейин Майк Тайсон мутлақ чемпион мақоми учун Тони Таккерга қарши рингга кўтарилади ва ғалаба қозонади. Орадан анча вақт ўтиб, 2023 йилда Тайсон фаолиятидаги энг кучли рақиб сифатида Пинклонни эътироф этди.

"Аввал Пинклон Томас ҳақида ўйламагандим. Лекин яқинда аввалги жангларимни қайта кўриб чиқиб, Пинклон Томас фаолиятимдаги энг қийин рақиб бўлганини тушундим. Ҳаммаси бир дўстимнинг Томас билан бўлган жангни қайта кўришни тавсия қилганидан сўнг бошланди ва ўзим учун илгари сезмаган кўплаб янги нарсаларни кашф қилдим. Гап шундаки унинг бош қисмига 17 та аниқ зарба бергандим. Ҳа, уни нокаутга учратдим, бироқ бунинг учун 17 та жуда кучли зарба керак бўлди. Ҳеч қайси рақибим Томас каби бу қадар кўп аниқ зарбага дош беролмасди", — дейди Тайсон.

Тайсонга қарши жангдан кейин Томаснинг фаолиятида пасайиш кузатилди. Боксчи Эвандер Ҳолифилд, Риддик Боу ва Томми Моррисонга ютқазди. Шундан сўнг иккинчи даражали боксчилар устидан қатор ғалабаларга эришди. 1993 йилда эса IBF камари учун Лоуренс Картерга қарши рингга чиқди ва мағлубиятга учради. Баҳсдан кейин Томас фаолиятини якунлашини эълон қилди.



Пинклон Томас, Майк Тайсон, Мутлақ чемпион, Энг кучли рақиб

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Майк Тайсон фаолиятидаги энг қийин жанг ҳақида: “Бундай зарбаларга бошқаси дош беролмасди” (видео)