Аргентиналик футболчида фаолиятини давом эттириш учун қандай вариантлар бор?
Шанба куни кечқурун Лионел Мессининг Париж билан боғлиқ тарихи якунига етди. Хайрлашув мавсумнинг иккинчи қисми каби юмалоқ-ёстиқ бўлди. Таркибларни эълон қилиш ва чемпионларни тақдирлаш маросими вақтида фанатларнинг бир қисми томонидан ҳуштакбозлик, ҳисоб 2:2 эканида юз фоизлик имкониятдан фойдалана олмаслик ва «Парк де Пренс»да икки тўп фарқини йўққа чиқара олган «Клермон»дан аламли мағлубият.
Мессининг «ПСЖ» футболкасидаги сўнгги дақиқалари ҳам рамзий кечди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда рақиб дарвозаси томонидан жарима зарбаси белгиланганида, бутун стадион ундан мўъжиза кутди, аммо дарвозанинг юқори бурчагига кириб кетаётган тўпни олиб чиққан дарвозабоннинг маҳоратига гувоҳ бўлди. Ўйин якунланганида эса шу куни жамоадаги сўнгги ўйинини ўтказган афсонавий футболчи алам билан стадионни барчадан олдин тарк этди. Бу ярим йил муқаддам боши узра жаҳон кубогини кўтарган ва дунёдаги энг бахтли одамга айланган Леога умуман ўхшамасди.
Энди Париж — аллақачон ёпилган саҳифадир. Агар ҳиссиётлар чиқариб ташланса, унда учта соврин (икки чемпионлик ва Франция Суперкубоги), 32 гол ва 35 голли узатмадан иборат рақамлар қолади. Буёғига — янги ҳаёт. Ва воқеалар ривожи бўйича турли вариантларининг муҳокамаси Лео янги клуби билан шартномага имзо чекмагунича тўхтамайди.
Янгиликлар пойгасида биринчи бўлиб Diario Sport нашри старт олди. Бир кун аввалроқ «Интер Майами» Мессига 200 миллион евро эвазига тўрт йиллик шартнома таклиф этаётгани ҳақида хабар тарқатганди. Бир кун ўтиб маълумот янгиланди — янги хабарда «Ал-Ҳилол» 6 июн куни Мессини ўзининг янги аъзоси сифатида таништириши айтилди. Аргентиналик билан туризм соҳасида тижорат шартномалари мавжуд бўлган Саудия Арабистонидагилар аллақачон улкан тақдимот тайёрлашаётганини айтишган.
«Барселона» ва молия масаласи
Мессининг отаси ўғлининг «Барселона»га қайтиш хоҳишини айтди. «Лео «Барса»га қайтишни истамоқда. Мен ҳам унинг бу клубга қайтишини истардим. Буни амалга оширишимизга ишонаман», деди Хорхе Месси Жоан Лапорта билан учрашувдан кейин.
«Барселона»да эса аллақачон бу сўзлар айтиб бўлинган. Кўк-анорранглиларнинг Лео билан дўстона алоқаларга эга бўлган бош мураббийи Хави Испания чемпионатининг сўнгги тури арафасида Месси қайтишини жуда исташини ва бу клуб учун устувор вазифа эканини айтди.
«Мен у билан гаплашдим. Аввал ҳам айтганимдек, барчаси Леонинг ўзига боғлиқ», — дея тан олди Хави. Бу билан у футболчи исталганча қарор қабул қилиши мумкинлигини билдирди. Нима бўлганда ҳам мураббий клубдаги молиявий ҳолатни ва лигада молиявий фейр-плей билан боғлиқ муаммолардан яхшироқ хабардор, Месси эса кутишни ва қарор қабул қилишни чўзишни истамаслиги мумкин.
Аммо дедлайн 6 июнга белгилангани тўғрисидаги маълумот ҳозирча жиддий манбалар томонидан тасдиқланмади. Аксинча, ҳамма нарсадан хабардор Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, бир ҳафта давомида аргентиналик футболчининг вакиллари «Барса»дан расмий таклиф келишини кутади. Каталонияликлар бу ишни мамнуният билан қилган бўларди, аммо ла лигадан Мессининг шартномасини рўйхатдан ўтказиш бўйича кафолат олмасдан таклиф юбора олмайди.
Каталонияликлар молиявий аҳволини июн ойи охиригача тартибга келтира олмаслиги турган гап. Уларнинг режаси бунга ёзнинг биринчи ойида бир неча жиддий сотувларни амалга оширган ҳолда эришишни кўзда тутган, шунинг учун улар учун идеал сценарий — тахминларга асосланган. Бу лига билан қандайдир келишув бўлиб, унга кўра, клуб муайян вақтгача бир неча футболчиларини трансфер қилиб, белгиланган миқдордаги маблағни ишлаб олиши керак бўлади.
Маълум вақт давомида гап 100 миллион евро ҳақида бораётгани айтилди ва бу «Барса»ни тарк этаётган спорт ишлари бўйича директор Матеу Алемани учун жиддий вазифа эди. Агар лига, аввал ҳам бир неча бор рўй бергани каби, принцип қилиб туриб олса, аргентиналик инсайдерларнинг прогнозлари амалга ошади, унга кўра Месси кўк-анорранглилардан таклиф келиб тушишини кутиб ўтирмаслиги ҳам мумкин. Қолаверса, бу клубга қайтиши учун маоши миқдори сезиларли даражада қисқаришига рози бўлиши талаб этиладиган вазият.
Британиядаги муқобил вариант
Агар «Барса» билан музокаралар барбод бўлса, воқеалар ривожи учун яна уч вариант қолади. Ёки апрелдан буён таклиф миқдорини оширмаётган (йилига 400 миллион евро) «Ал-Ҳилол». Ёки бундан саккиз баробар камроқ таклиф қилаётган МЛС чемпионати. Аммо икки вариант ҳам Мессининг камида Америка Кубоги-2024 турнирига қадар Европада тўп суриш бўйича режасига тўғри келмайди.
Кўҳна қитъадан бошқа вариант ҳам бўлиши шубҳасиз. Романо, муайян вариантни келтирмаган ҳолда, юлдузли футболчи учун курашга қатор клублар қўшилишга тайёрлигини айтган. Аммо нисбатан кичик манбалар бу билан чекланмасдан, футболчи АПЛ клубига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги мавзуни айлантирмоқда, бундай вариант илк бор май ойи охирида Аргентинадаги Ole нашрида янграганди.
Ҳеч ким «Манчестер Сити» клуби номини тилга олмаяпти, лекин «Челси» ва «Ньюкасл» номлари тилга олинмоқда. Кўкларнинг қизиқишига ишониш мумкин, Тодд Боэли кучли маркетинг юришлари қилишни истайди, аммо Томас Тухел Криштиану Роналду билан шартнома имзолашга вето қўйганди. Лекин кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этмаслиги лондонликларнинг бу трансфер учун имкониятини кескин пасайтиради.
Яқинда Неймарга ҳам қизиқиш билдирган «Ньюкасл» эса асосий еврокубокда қатнашиш имкониятига эга. «Қарғалар» танилиши керак, бу вариантда ушбу клуб хўжайинларининг пуллари туфайли Саудия Арабистони рекламаси ҳам қочиб кетмайди. Умуман олганда, Мессининг келажагига қайғураётган мухлислар учун келаётган ҳафталар жуда қизиқарли кечиши тайин.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг