23:43 / 06.06.2023
192

Саудия Арабистонида футбол клубларини хусусийлаштириш жараёни бошланди

Фото: Getty Images

Саудия Арабистонида футбол клубларини хусусийлаштириш лойиҳаси амалга киритилди. Бу ҳақда мамлакат ахборот агентлиги хабар берди.

Саудия Арабистонида спортни ривожлантириш учун мўлжалланган Vision 2030 лойиҳаси доирасида мамлакат шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон спорт клубларини хусусийлаштириш ва сармоя киритиш бўйича лойиҳани ишга туширди.

Қайд этилишича, лойиҳа ҳозирги босқичда икки йўналишдан иборат ҳисобланади. Биринчи йўналиш спорт клубларининг эгалик ҳуқуқини давлатдан йирик компанияларга ўтказиш эвазига сармоя киритиш имконини беради. Иккинчи йўналишга кўра, 2023 йилнинг охиридан бошлаб бир қатор спорт клубларини хусусийлаштириш кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, спорт соҳасига сармоя киритиш имкониятларини ошириш, шунингдек, клубларнинг рақобатбардошлиги ва инфратузилмаси сифатини ошириш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.

Бундан ташқари лойиҳа сабабли мамлакатда футболни ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш кутилмоқда. Таъкидланишича, бу Саудия Арабистони чемпионатини дунёнинг топ-10 лигалари қаторига киритиш имконини беради.

Саудия Арабистони чемпионатининг даромади йилига 450 миллион риёлдан (112 миллион евро) 1,8 миллиарддан кўпроқ риёлга (450 миллион евро) ошиши, шунингдек, лига қиймати уч миллиард риёлдан саккиз миллиард риёлдан кўпроққа кўтарилиши кутилмоқда.

Англиянинг “Ньюкасл” клубига эгалик қилувчи Public Investment Fund фонди ўзининг расмий Twitter саҳифасида Саудия Арабистонининг тўрт етакчи клубини сотиб олганини эълон қилди. “Ал-Иттиҳод”, “Ал-Аҳли”, “Ан-Насср” ва “Ал-Ҳилол” клублари фонд тасарруфига ўтди. Уларнинг ҳар бирида ПИФънинг улуши 75% ни ташкил этади.

Фото: Twitter/@PIF_en

Аввалроқ “Реал Мадрид”ни тарк этган франциялик футболчи Карим Бензема Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” жамоаси сафига ўтгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Лука Модрич ва Лионель Месси Саудия жамоаларидан таклифлар бўлганди. Криштиану Роналду ҳаракат қиладиган “Ал-Насср” жамоаси мураббий Зинедин Зиданга 150 миллион евролик таклиф билан чиққанди, бироқ франциялик мутахассис буни рад этганди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Саудия Арабистонида футбол клубларини хусусийлаштириш жараёни бошланди