Болалик, мактаб ва... гитара
Халк Хоган (ҳақиқий исми Терри Жин Боллеа) 1953 йил 11 августда Американинг Жоржия штати, Огаста шаҳрида қурувчи ва рақс ўқитувчиси оиласида туғилган. У туғруқхонада энг баҳайбат чақалоқ, мактабда энг новча ўқувчи, коллежда энг улкан талаба эди. «Биринчи синфда олдинги партада ўтирган қиз мени илк бор кўрганида шундай деб сўраганди: «Сенинг калланг ҳамиша шундай катта бўлганми?» – дея эслайди Халк Хоган. – Ўшанда мактабга борганимнинг биринчи куни эди. Бу гапдан роса кўнглим ўксиган».
Ҳа, Халк болалик давридан бесўнақай, баҳайбат эди. У бейсбол ва кураш билан шуғуллана бошлади. Ҳамиша ғалаба сари интилди.
Хоган Жанубий Флоридадаги университетга ўқишга кирди. Тижорат ва иқтисодни пухта ўргана бошлади. Университетни тугатгач, бизнес-маъмуриятчилик соҳаси бўйича маҳаллий банкка ишга кирди. Бўйи икки метрли Халк идорада у ёқдан-бу ёққа санқир, аммо унга мос иш столи топилмасди. Ишдан сўнг у гитара чалиш учун дўстларинининг олдига ошиқар – университетда ўқиган чоғларида мусиқага боғланиб қолган эди.
Халк жисмоний машқларни канда қилмади. У деярли ҳар куни спорт залига келарди. Кундузги ташвишлардан сўнг кечқурун яна бир хизмати бошланар – маҳаллий барлардан бирида қўриқчилик қиларди. Уни айнан ўшанда Жек Бриско пайқаб қолди.
Ниҳоят... рингда!
Бриско билан учрашувдан сўнг Халк банкдаги иши, мусиқий қизиқишлари ва тунги қўриқчилигига нуқта қўйди. Ахир, кимсан – машҳур тренер Хиро Мацуда бу йигитчани тайёрлашга рози бўлганди. Бир қадар оғир, аммо Хоган учун ҳузурбаш машғулотлар бошланди. Мацуда чинакам истеъдод эгаси эди. У Халк Хоганнинг профессионал спортчи сифатида танилишига улкан ҳисса қўшди.
Хоган рестлингда 1978 йили дев мисоли пайдо бўлди. 1980 – 1990-йиллар мобайнида машҳурлик чўққисига чиқди. У оғир вазнлилар бўйича 12 карра чемпион бўлди. Хоган рингда кўплаб номлар орттирди: Супер Бузувчи, Олтин Стерлинг, Терри Палахса, Мўъжизавий Халк Хоган, Халк Машина, Ҳолливуд Хоган, Жаноб Америка...
Халк Хоганни енгилмас рестлингчи сифатида билганларидан буён у спортдаги фаолиятида профессионал рестлингда мумкин ва мумкин бўлмаган барча ғалабаларга эришганди. 1984 йили профессионал рестлингчи бўлган Халк Айрон Шейк устидан мислсиз зафар қозониб, жаҳон чемпионатидаги илк ғалабасини қўлга киритди. 1984 йилдан 1991 йилгача жаҳон чемпиони унвонини ушлаб турди. Унинг рестлингдаги энг машҳур жанги эса франциялик 250 килограмм вазнли рақиби Баҳайбат Андрэ билан бўлиб ўтди. Хоган Андрэни даст кўтариб, рингга улоқтирди ва миллий қаҳрамонга айланди.
Баҳайбатлар экранга ҳам керак
Рестлинг юлдузи сифатида танилган Халк Хоган 1977 – 1986 йилларнинг телевизион сериали бўлмиш «Севги қайиғи»да роль ўйнашга таклиф қилинди. Ўшанда бошловчи актёр ўз кучи ва спортдаги уддабуронлигини ишга солиб, асосан, жангари фильмларда ўйнади. Катта экранга эса у Сильвестр Сталлоненинг 1982 йили суратга олинган «Рокки-3» эпопеясидаги кичик роли билан кириб келди. Бош ролларни Сильвестр Сталлоне, Талия Шайр, Берт Янг ижро этишди.
«Рокки-3» хитга айланиб, рестслерларнинг ёвуз бўлишига нуқта қўйилди ва ҳақиқий Халкомания бошланди. Сталлоне туфайли келган муваффақият Халк Хоганни диққатга сазовор миллат кишисига айлантирди. У рестлингни ўзгартирган биринчи жангчи, қолаверса, эстрада актёри, киноюлдуз ва салкам рок-н-роль юлдузи ҳисобланарди.
Шундан сўнг Халк Хоган «Қоидасиз» жангари фильмида, шунингдек, Зак Галлиган, Фиби Кэйтс, Жон Гловер билан бирга Жо Дантенинг фантастик комедияси бўлган «Гремлинлар-2: янги отряд»да роль ижро этди. У «Малибу қутқарувчилари», «А командаси» сериалларида ҳам фаол қатнашди. 1989 йили эса Жоан Сереренс билан бирга рестлинг ҳақида суратга олинган «Тақиқланган усуллар» фильмида Шеп Рэмси ролини ижро этиб, қай даражада машҳурлигини синаб кўрди.
«Рестлингдан ҳайдалсин»
1991 йили режиссёр Берт Кеннедининг «Шаҳар чеккасидаги коммандо» фильмида бош роль – халоскор-рицарни ўйнаган Халк Хоган кенг томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Режиссёр Майкл Готтлибнинг «Жаноб энага» номли оилавий комедиясида эса тарбияси оғир икки болага ҳам тансоқчи, ҳам энага қилувчи қаҳрамонни ижро этди. Бош ролларни актёрлар Шерман Хемэли ва Остин Пендлтон ўйнашди.
Ўша йили мухлислар Халк Хоганни Даглас Шварцнинг «Жаннатдаги бўрон» жангари фильмида ҳам кўришди. Ундаги Ж.Спенсер роли актёрни бутун жаҳонга танитди. Фильм, айниқса, болалар ва ўсмирлар ўртасида машҳур бўлди. 1994 ва 1995 йилларда мазкур киноасарнинг иккинчи ва учинчи қисмлари ҳам суратга олинди. Халқ Хоганнинг қаҳрамони талай жасоратлар кўрсатиб, томошабинлар кутган ишончни оқлади. Актёрнинг истеъдоди ва маҳорати қисқа фурсат ичида ўз мухлисларини топишига ёрдам берди.
1994 йили Хоганни стереоидлар истеъмол қилганликда айблашган ва у рестлингни тарк этишга мажбур бўлганди. Халк асосий вақтини бутунлай кинога қаратди ва ТВда чиқа бошлади.
1996 йили «Баҳодир Санта-Клаус» комедияси экранларга чиқди. Режиссёр Жон Марловски Халк Хоган, Дон Старк ва Робин Кертисни бош ролга таклиф қилганди. Фильм бошидан жароҳат олган, хотирасини йўқотиб, уйқудан уйғонган ва ўзини Санта-Клаус деб ҳисоблаган ҳолливудлик ярамас миллионер ҳақида ҳикоя қилади.
Шундан сўнг актёр режиссёр Жон Марловскининг «Жосуслар клуби» жангари фильмида Мэтью МакКерли ва Лесли-Энн Даун билан бирга роль ижро этди.
Хоҳиш амалга ошмади
Халк Хоган ҳамиша шов-шувли фильмда суратга тушиш ва Ҳолливудда ҳам худди рестлингдагидек танилишни хоҳларди, аммо бундай бўлмади. Унинг иштирокидаги энг томошабинбоп картина 1997 йили ишланган режиссёр Жон Кассарнинг «Кескин талаб» фильми бўлди. Бу сафар Халк Хоган ўз ишининг устаси ҳисобланган ёлланма жангчи Бен Каттерни ўйнади. Унинг қаҳрамони тинчлик ўрнатувчи гуруҳга раҳбарлик қиладиган командир эди. Ўша йили актёр иштирокидаги яна бир фильм – «Иблислар оролига ҳамла» экранларга чиқди.
Халк Хоган ижро этган киноасарлар алоҳида диққатга сазовор бўлиб, якка тарзда ва оилавий томоша қилинарди. 1998 йили болалар жангари фильми – режиссёр Шон МакНамарнинг «Уч ниндзя: Мега тоғидаги жазирама чошгоҳ» экранга старт олди. Бош ролларда Халк Хоган, Лони Андерсон, Жим Вэрни ва Мэтью Ботучислар «чақнаб» турарди. Фильм жиу-житсу ва кунг-фу каби жанг санъатини эгаллаган уч нафар ажралмас ака-ука – Роки, Кольт, Там-Там ҳақида ҳикоя қилади. Улар телеюлдуз Дэйв Аждарҳони ўғирлаб кетган ёвуз Медузага қарши курашга отланадилар. Шундан сўнг Хоган режиссёр Сэм Фирстенбергнинг «МакКинси ороли» фильмидаги иккинчи даражали ролга тасдиқланди, бош ролларга Том Эйкос, Билли Берд, Ли Брайант таклиф қилинганди.
1999 йилда Хоган спортга қайтди. Айнан у туфайли рестлинг қўшма штатларда мислсиз равишда оммалашди ва сон-саноқсиз мухлислар орттирди. Кинодан заррача узоқлашмаган Хоганнинг рўйхатида «Айтиб бўлмас Сьюзан», «Иблислар оролига ҳамла-2: Ўлим тоғи» каби машҳур фильмлар ҳам жой олди. Омадли ишларидан бири эса 1999 йили ишланган Тим Хиллнинг «Коинотдан келган маппет-шоу» фантастик комедиясидаги кичик роли бўлди.
2008 йили Халк Хоган «Ёш Геркулеснинг 3D даги саргузашти» оилавий комедиясида Зевс ролини ижро этди. Фильм сюжети бўйича Зевс итоатсиз ёш Геркулесни жазолаш учун ерга юборади. Гуноҳкор заминда эса Геркулесни биринчи романтик муҳаббат, биринчи дискотека, мактабдаги оғир дамлар кутиб турарди.
Гладиаторлар шоуси
2007 йилдан бошлаб Хоган «Америкалик гладиаторлар» шоусини олиб бора бошлади. У шундай деди:
«Бизнинг реалити-шоумиз шунинг учун машҳурки, томошабинлар оилалардаги ҳаддан ошишлардан чарчашган. Осборнлар шоусини қаранг: нуқул хонадонларда рўй берадиган тартибсизлик, масалан, гиёҳвандлик, номутаносиб қилмишлар, қуюшқондан чиққан болалар ва ҳоказолар борасида назорат ўрнатиш шарт. Томошабинлар учун эса рисоладагидек хонадонни, эр-хотин ўзаро жанжаллашишса-да, меъёрдан чиқмайдиган соғлом оилани кўриш ёқимли».
Актёр бўш вақтларида бемор болалар марказига ташриф буюриб, ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзади. У китоб ҳам ёзган.
Кинодаги роллари, хайриясидан ташқари Халк Хоган анимацияли фильмларга овоз беришда қатнашган. У «Қоидасиз», «Шаҳар ташқарисидаги коммандо», «Жаннатдаги бўрон», «Иблислар оролига ҳамла» ва «Иблислар оролига ҳамла-2: Ўлим тоғи» фильмларига продюсерлик қилди.
Бир қиз, бир ўғил, аммо...
1982 йилнинг сентябрида Халк Хоган Лос-Анжелесдаги дискотекалардан бирида маникюрчи Линда Клэриж билан танишганди. Бир йил ўтиб, уларнинг тўйи бўлди. Оилада фарзандлар дунёга келди: қизалоқ Брук ва ўғил бола Николас. Бироқ...
Йигирма беш йиллик биргаликдаги турмушдан сўнг улар ҳаммани ҳайрон қолдириб ажрашишди.
«Рестлингда жирканч қоидалар кўп. Бироқ кейинги пайтларда хотинимдан кўрган жабр-ситамларим олдида рингдаги рақибларимнинг зарбалари ҳеч нима бўлмай қолади. Нақадар жирканч бу».
Худди шу сўзларни айтган Халк Хоган Женнифер МакДаниэл билан топишди. Ўшанда 2010 йил эди. Орадан 11 йил ўтиб, 2021 йилда Хоган бу рафиқаси билан ҳам ажрашди...
Акбар Фатҳуллаев
Манба: Xabar.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг