Ўтган йили таркибни Мауро Икарди, Лукас Торрейра, Дрис Мертенс ва Хуан Маталар билан кучайтирган "Галатасарой" якунига етган мавсумда Туркия чемпионатини ғолибига айланди. Шу билан биргаликда, Чемпионлар лигасига ҳам йўл олиш имкониятига эга бўлди. Энг асосийси, жамоанинг қилган трансферлари ўзини оқлади. Икарди 26 та ўйинда 23 марта рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Торрейро ва Оливейра таянч ярим ҳимояда яхши жуфтлик бўлган бўлса, Мертенс, Аритикоглу ва Рашикалар ҳужум ташкил қилишда актив бўлишди.
"Шерлар" ҳимояси ҳам чакки ҳаракат қилгани йўқ. "Галатасарой" ўтган мавсумнинг энг кам гол ўтказган клубига айланди (Туркия суперлигасида). Аммо жамоа бу таркиб билан Чемпионлар лигасида иштирок этмоқчи эмас. Окан Бурук янада кўпроқ футболчиларнинг трансферини истамоқда. Раҳбарият ҳам бунга қарши эмас. Улар асосан ҳужумчилар билан шартнома имзолаш ҳақида ўйламоқда. Клуб айни дам испаниялик ҳимоячини ўз таркибига қўшиб олишга жуда ҳам яқин турибди.
Анхелиньо
"Манчестер "Сити"да бундан 3 йил олдин чап қанотда 3 та даражасига бир-бирига яқин бўлган футболчилар ўйнарди. Зинченко, Менди ва Анхелиньо. Уларнинг ҳеч бирига асосий таркиб кафолатланмаганди. Шу сабабли, кимдир жамоани тарк этишига тўғри келган ва бу 26 ёшли испаннинг чекига тушди. Дастлаб, "Лейпциг" уни бир мавсум ижарага олди. Яхши даврни бошдан кечирган ҳимоячи қолишга қарор қилди. Германия клуби ҳам уни 28 миллион еврога сотиб олишга рози бўлди. Жамоада эса мураббий алмашди. Нагельсманн "Бавария"га ўтиб кетди. Бу фулбекнинг кейинги фаолиятига таъсир қилмай қолмади.
Бир мавсумдан кейин "Хоффенхайм"га ижарага берилган Анхелиньо 35 та ўйинда майдонга туширилди. Келажаги сўроқ остида турган пайтда Уни "Галатасарой" ўз таркибига қўшиб олишга қароқ қилди. Туркия клуби футболчи сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқда. Агарда ҳимоячи тўлиқ сотиб олинса, "шерлар" билан 3 йиллик шартнома имзолайди. Тез орада у тиббий кўрикдан ўтиш учун Истанбулга йўл олиши кутилмоқда.
Давинсон Санчес
Санчес "Аякс"да келажаги порлоқ ҳимоячилардан бири сифатида қаралар эди. "Тоттенхэм"даги фаолияти давомида асосий таркибдан жой ололмаган футболчи ҳам "Галатасарой" вакилига айланиши мумкин. Лондон клубига дастлабки таклиф юборилди. Жамоа бу трансферга 9 миллион евро сарфламоқчи. "Шпорлар" ҳам уни сотишга қарши эмас. Аммо ҳимоячи учун бошқа клублардан ҳам қизиқишлар бор. Сўнгги қарорни Санчеснинг ўзи чиқариши ва ўзига янги жамоа танлаши керак бўлади.
Леандро Паредес
Яна бир ўз ўрнига эга бўла олмаётган футболчи. Передес ПСЖда яхши ҳаёт кечираётганди. Аммо европаликлар ва Жанубий америкаликлар ўртасида юзага келган вазиятдан кейин клуб унга чиқиш эшикларини кўрсатди. Бир мавсум "Ювентус"да ўйнаган ярим ҳимоячи мураббийда яхши таассурот қолдира олмаган шекилли, ҳар қолда туринликлар уни сотиб олмади. "Галатасарой" эса Паредесни ўз таркибига қўшиб олиш ниятида. Томонлар 6 миллион евролик келишувга эришиш арафасида турибди. Бу трансферга барча рози. 29 ёшли жаҳон чемпионининг жамоа билан тузган битими 2027 йилгача амал қилади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, уни олдинда яхшигина кураш кутмоқда. Торрейра ва Оливейра мураббийнинг ишончини оқлаб бўлган. Катта эҳтимол билан, бу икки ярим ҳимоячи асосий таркибда мавсумни бошлайди.
Мауро Икарди
Юқорида айтиб ўтганимиздек, "Галатасарой" ҳужумчилар сонини кўпайтиришни мақсад қилган. Биринчи навбатда ижарада ўйнаётган Мауро Икардини тўлиқ сотиб олишга ҳаракат қилган "шерлар" бунга деярли эришди ҳам. Мухлислар ёқимтойига айланиб олган страйкер ПСЖдан "Галатасаройга" 10 миллион евро эвазига ўтишга яқин турибди. Футболчи ва клуб ўртасида 3 йиллик шартнома имзоланиши кутилмоқда. Инсайдер Никола Шкиранинг сўзларига кўра, Икардига "Ал-Шабаб"дан 75 миллион евролик таклиф тушди. Аммо у қолиб, жамоа билан Чемпионлар лигасига қайтишга уриниб кўришни танлади. Маълумот учун, 30 ёшли аргентиналик "Галатасарой"да йилига 9 миллион евро маош олади.
Умуман олганда, Мауро учун ҳам сўнгги йиллар бир текис кетмаётганди. ПСЖдаги дастлабки мавсумида 20 та гол урган ҳужумчи кейинги 2 йилда 18 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. "Интер"га унинг трансферидан кўп пул ишлай олмагани алам қилса, ПСЖга захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтира олмаслиги маъқул келмади. Ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайдиган Икарди эътибордан четда бўлиб, яна ўзининг эски даражасини тикламоқда. Бошланаётган мавсум унинг учун жуда муҳим ҳисобланади.
Захира ҳужумчиси...
"Галатасарой"нинг иккинчи рақамли ҳужумчиси бўлган Бафетимби Гомис клуб билан хайрлашиб, эркин агентга айланди. Энди Туркия грандига янги стайкерлар керак. Вариантлар орасида ҳамюртимиз Элдор Шомуродовни кўриш ёқимли. "Рома"даги муваффақиятсизлик ва "Специя"даги бир дона голи билан ҳужумчининг кейинги фаолияти даргумонлигича қолаётганди. "Галатасарой" уни сотиб олиш шарти билан ижарага олиши мумкин. Аммо ҳали римликлар томонидан аниқ жавоб айтилмади. Шомуродовнинг ўзи ҳам сўнгги қарорни қабул қилмаганга ўхшайди. Албатта терма жамоамиз сардорини Чемпионлар лигасида кўриш қувонарли ҳолат, лекин битта муаммо бор.
Гап шундаки, "Fanatik" нашри "Галатасарой" "Ан-Наср" вакили Седрик Бакамбу билан келишиб олгани ва тез орада трансфер расман эълон қилишин ҳақда хабар берди. Катта эҳтимол билан, франциялик ҳужумчи жамоанинг иккинчи рақамли страйкери бўлади. Бу эса Шомуродовнинг 3-рақамли ҳужумчига айланишини англатади. Агарда 28 ёшли футболчи бунга рози бўлса, уни "Галатасарой" таркибида кўришимиз мумкин. Аммо Шомуродов айнан захирада кўп ўтиргани учун "Рома"ни тарк этмоқчи.
Суҳроб Холбеков
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг