“Галатасарой” Туркияда яна чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди

Туркия Суперлигасида мавсумнинг энг муҳим саволларидан бирига жавоб топилди. Истанбулнинг “Галатасарой” клуби навбатдаги бор ўз кучини намойиш этиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Окан Бурук бошчилигидаги жамоа Туркия чемпионатида кетма-кет 4-марта ғолиб бўлиб, ўз устунлигини яна бир бор исботлади.
Чемпионатнинг 33-турида “Галатасарой” ўз майдонида “Анталяспор”ни қабул қилди. Қизиқарли ва голларга бой ўтган баҳс 4:2 ҳисобида истанбулликлар фойдасига якунланди. Бу ғалаба клуб учун оддий уч очко эмас, балки чемпионликни расмийлаштирган тарихий натижа бўлди.
Учрашувда “Галатасарой” сафида Лемина ва Ойхон биттадан гол урди. Жамоанинг асосий юлдузларидан бири Виктор Осимҳен эса дубл қайд этиб, ғалабага катта ҳисса қўшди. Нигериялик ҳужумчи ҳал қилувчи паллада ўз даражасини кўрсатиб, мухлислар ишончини яна бир бор оқлади.
Бу муваффақиятдан кейин “Галатасарой” очколари сонини 77 тага етказди ва турнир жадвалида етакчиликни мустаҳкамлади. Клубнинг азалий рақиби “Фенербаҳче” эса иккинчи ўринда бормоқда. Истанбул дербиси руҳи бутун мавсум давомида сезилиб турди, аммо якунда чемпионлик байроғи яна “Галатасарой” қўлида қолди.
Окан Бурук жамоаси учун бу чемпионлик алоҳида аҳамиятга эга. Чунки кетма-кет 4 марта чемпион бўлиш — фақат кучли таркиб эмас, балки барқарор тизим, руҳий мустаҳкамлик ва ғалаба маданияти борлигини англатади. Бир мавсум ютиш мумкин, икки мавсумда омад ҳам ёрдам бериши мумкин, аммо тўрт марта кетма-кет чемпион бўлиш — бу аллақачон доминация.
Шу тариқа, “Галатасарой” ўз тарихида 26-марта Туркия Суперлигаси ғолибига айланди. Бу рақам клубнинг мамлакат футболидаги ўрни, анъаналари ва улкан нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Истанбул клуби бу мавсумда ҳам муҳим ўйинларда характер кўрсатди, етакчилари керакли паллада ўз сўзини айтди ва жамоа чемпионликка муносиб эканини майдонда исботлади. Мухлислар учун эса бу яна бир катта байрам: “Галатасарой” яна тахтда, рақиблар эса навбатдаги мавсумда уни тушириш йўлини излайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!