date
views 408

Бензема ва Канте жамоаси Эронда ўйнашдан бош тортди. Муаммо нимада?

Осиё чемпионлар лигасида янги можаро авж олмоқда. Саудиянинг таркибида Карим Бензема ва Нголо Канте каби юлдузлар бўлган «Ал-Иттиҳод» жамоаси мухлислар трибуналарга кириб бўлганидан кейин стадиондан чиқиб кетди. Энди бу жамоага 0:3 ҳисобидаги техник мағлубият хавф солмоқда.

Нималар бўлди?

ОЧЛ гуруҳ босқичининг 2-тури доирасида С гуруҳида Сепаҳон» ва «Ал-Иттиҳод» клублари учрашуви Эрондаги «Нақш-э Жаҳон» стадионида ўтказилиши белгиланганди. Аммо ўйин бошланиши арафасида сиёсий характердаги муаммо борлиги маълум бўлди — аренага генерал Қосим Сулаймонийнинг бюсти ўрнатилганди. Бу эса Саудия клубини норози қилди — жамоа ўйнашдан бош тортди ва аэропортга йўл олди.

Британия матбуоти ёзишича, «Ал-Иттиҳод» ўйиндан бир кун олдин стадионда машғулот ўтказган ва Сулаймонийнинг бюстини кўрмаслиги мумкин эмасди (айрим манбалар эса машғулотлар бошқа стадионда ўтганини айтишган). Саудияликлар бу ерда ўйнамоқчи эмаслиги ҳақида ўйин бошланишига 50 дақиқа қолганидагина хабар беришган — бу вақтга келиб «Нақш-э Жаҳон» стадионида 60 мингга яқин киши тўпланиб улгурганди. Бу вақтда меҳмонлар бош мураббийи Нуну Эшпириту Санту ўйин учун бошланғич таркибни эълон қилган — клубнинг ижтимоий тармоқларида эса шундай пост қолдирилганди: «Жамоа стадионга етиб келди! Ҳаяжонга тўла юраклар ва оловланаётган футболкаларда биз майдонни забт этиш ва ўз изимизни қолдиришга тайёрмиз!»

«Сепаҳон» стадионида генерал Қосим Сулаймонийнинг бюсти 

Сулаймоний билан қандай муаммо бор?

Генерал Қосим Сулаймоний — Саудия Арабистонида нафратга, Эронда эса ҳақиқий қаҳрамон сифатида иззат-икромга сазовор бўлган. У Эрондаги элита ҳарбий бўлинма саналган Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг кўзга кўринган арбобларидан эди ва хориждаги амалиётларни бошқаргани, Яқин Шарқда жосуслик тармоғини ташкил этгани билан шуҳрат қозонган ҳамда минтақадаги энг катта таъсир доирасига эга шахс сифатида тан олинарди.

ОАВ маълумотларига кўра, Сулаймоний Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонасига ҳужум уюштиришда ҳам иштирок этган ва бунинг учун АҚШ уни террорчилар рўйхатига киритган. Табиийки, генерал саудияликларни ёқтирмаган — саудияликлар ҳам уни душман сифатида кўрган. Шундай экан, «Ал-Иттиҳод»нинг бундай реакция қилиши кутилган ҳол эди.

Генерал Сулаймоний  2020 йилда Америка ҳарбий-ҳаво кучлари ўтказган амалиёт натижасида ўлдирилади. Америка ҳарбийлари дрони Бағдод халқаро аэропортида у кетаётган автомобилга ҳужум қилади — Пентагондагиларнинг тан олишича, Сулаймонийни ўлдириш тўғрисидаги топшириқ шахсан ўша вақтдаги президент Доналд Трамп томонидан берилган, Трамп ўшанда Сулаймоний миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлгани ҳақида гапирганди.

«Сепаҳон» ва «Ал-Иттиҳод» ўйинига йиғилган мухлислар

Буёғига нима бўлади?

Амалда, Саудия клубининг Эронга келишининг ўзи катта воқеага айланганди — Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 2016 йилда Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилганидан бери ушбу мамлакат клублари Эронга меҳмон бўлиб келмаётган, ўзаро учрашувлар бетараф стадионларда ўтказилаётганди. 2023 йил мартида Хитой воситачилигида икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлади, сентябр ойида эса Саудиянинг таркибида Роналду бўлган «Ан-Наср» жамоаси етти йил ичида Эрон билан чегарани кесиб ўтган илк жамоаси бўлди, ўшанда Теҳронда «Персеполис»га қарши ўйин кўнгилдагидек кечган, маҳаллий фанатлар ичида Криштиану Роналду бўлган автобус ортидан югуришганди. Португалиялик футболчи учун фантастик қабул уюштирилган ва ўйин бекор бўлиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаганди. Аммо иккинчи сафар дилхиралик билан тугамоқда.

ОФК бу масала юзасидан шундай баёнот берди: «Душанба оқшомида Исфаҳондаги «Нақш-э-Жаҳон» стадионида Эроннинг «Сепаҳон» ва Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» жамоалари ўртасида ОФК Чемпионлар лигасининг 2023-2024 йиллар мавсуми доирасида ўтказилиши керак бўлган учрашув кутилмаган сабаб туфайли бекор қилинди. ОФК футболчилар, расмий шахслар, мухлислар ва ўйиндаги бошқа барча томонлар хавфсизлиги таъминланишига содиқ эканини таъкидлайди».

Агар ўйин ўтказилмаса, катта эҳтимол билан, «Ал-Иттиҳод»га техник мағлубият ёзилади — 0:3. Аммо айни вақтда ҳодиса оқибатлари бўйича маълумот йўқ. «Масала тегишли қўмиталар муҳокамасида кўриб чиқиш учун юборилди», дейилган ОФК хабарида.

Энди ташкилот ҳодисани текшириш билан шуғулланмоқда. Бу ҳодиса ортидан Эрондаги яна бир учрашув ҳам бекор бўлиши мумкин. 3 октябр куни маҳаллий «Нассажи» жамоаси Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клубига қарши ўйнаши керак. Иккинчи ўйин бекор қилиниши тўғрисида ҳозирча расмий маълумот йўқ, аммо бу вариантни истисно этиб бўлмайди.

Дарвоқе, Сулаймонийнинг бюсти «Сепаҳон»нинг мухлисларини ҳам норози қилган. Трибунада йиғилганларнинг айримлари ҳарбий зобит ҳайкали томон турли буюмларни улоқтиришган. Аммо бу ўйин бекор қилиниши бўйича қарорга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Ҳозирча ўйин бошқа жойда ўйналиши ёки саудияликларга техник мағлубият ёзилиши борасида аниқ қарор йўқ.

Араб нашрларидаги манбаларга кўра, «Ал-Иттиҳод» бу муаммо юзасидан ОФК делегатларига алоқага чиққан. Расмийлар эса, ўз навбатида, «Сепаҳон»дан бюстни олиб ташлаш, шунингдек, сиёсий мавзудаги баннерларни йўқотишни сўраган. Эрон клуби вакиллари эса бунга кўнмаган, шундан кейингина меҳмонлар стадиондан чиқиб кетишган. Карима Бензема, Н’Голо Канте ва Фабинио каби юдлузларни кўриш учун йиғилган мухлислар ҳам сухандоннинг эълонидан кейин аста-секин стадионни тарк этишган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бензема ва Канте жамоаси Эронда ўйнашдан бош тортди. Муаммо нимада?