Жаҳон футболида миллий чемпионатларга қисқа танаффус берилди. Миллий терма жамоалар ФИФА кунлари муносабати билан халқаро ўйинларда иштирок этмоқда.
Бу гал Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тўпурари Элдор Шомуродов жисмоний ҳолатини яхшилаш учун “Кальяри”да қоладиган бўлди. Легионеримиз Сречко Катанец билан Хитой йиғинига бормади.
Футбол экспертлари лигаларда юзага келган танаффусдан фойдаланиб, турли таҳлилларни амалга оширмоқда. Хусусан, La Gazzetta dello Sport нашри таҳлилчиси Франческо Веллуцци “Кальяри”нинг муаммоли нуқталарини кўрсатиб берди.
Клаудио Раньери биринчи навбатда ҳимояга эътибор қаратиши керак. “Кальяри” энг кўп гол ўтказаётган икки жамоадан бири. Сардинияликлар ўз дарвозасидан 16 та олиб очиққан ва бу кўрсаткич бўйича фақат “Салернитана”дан олдинда холос.
Энг катта муаммо ҳужум чизиғида. “Кальяри” саккизта ўйинда атиги учта тўп киритди. Бу кўрсаткич бўйича ҳам жамоа охиридан битта юқорида жойлашган. Учта голдан иккитаси Зито Лувумбо ҳисобига ёзилган, учинчисини Найтан Нандес пенальтидан киритди.
Демак, мураббийлар штаби жамоани охирги ўриндан кўтариш учун ҳали кўп ишлашларига тўғри келади.
Яна бир нуфузли манба – www.tuttomercatoweb.com сайти эксперти Паола Паскалис спорт директори олдида турган вазифаларни қаламга олди. У қуйидаги маълумотларни тақдим қилди.
“Кальяри” мавсум бошидаги кўплаб муаммолар қаторида ўйинчилар билан шартнома масаласини ҳал қилиши керак. Ҳозирги таркибдан етти нафар футболчининг битими 2024 йилнинг 30 июнида якунига етади.
Энг катта йўқотишлардан бири – Найтан Нандес бўлади. 2019 йили “Бока Хуниорс”дан келган ўйинчининг келишуви мавсум охирида тугайди ва ҳали ҳамкорликни узайтириш бўйича келишувга келингани йўқ. Музокаралар муваффақиятсиз тугаган.
Ҳимоячилардан бир марта майдонга тушган Эдоардо Голданига, умуман ўйнамаган Элио Капрадосси, асосий таркибга киришга қийналаётган Николас Виола жамоа билан хайрлашишга тайёрлиги айтилмоқда.
Ёши катта ҳужумчи Леонардо Паволетти ва учинчи дарвозабон Симоне Арести бўйича якуний қарор ёзда қабул қилинади. Паволетти яқинда жамоада қолиш учун маошининг пасайтирилишига кўнишига тўғри келганди.
Тажрибали ярим ҳимоячи Марко Манкозу ҳам ҳали бирорта ўйинда қатнашгани йўқ. 35 ёшли футболчининг битими мавсум охирида тугайди ва томонлар ҳали янги шартнома бўйича битимга киришмади.
Энг катта масала – ёзда жамоага қўшилган ҳужумчилар Андреа Петанья ва Элдор Шомуродовнинг трансферлари. Тенгқур бу футболчилар кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан “Монца” ва “Рома”дан ижарага олинган. “Кальяри” улар ёрдамида ҳужум чизиғидаги муаммоларни тўлиқ ҳал қилмоқчи эди. Бироқ икки ҳужумчи ҳали ўзини кўрсата олгани йўқ. Энг катта муаммо уларнинг нархида. Андреа ва Элдорни камида 10 миллион еврога трансфер қилиш Сардиния клуби бюджетига оғирлик қилиши ҳозирдан маълум.
Экспертларнинг таъкидлашича, “Кальяри” фақатгина 21 ёшли ҳужумкор футболчи Гаэтано Ористаниони тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи. “Интер”га тегишли бўлган Ористанионинг ёши, ўйини ва трансфер нархи “Кальяри” раҳбариятига маъқул келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Кальяри” раҳбарияти жамоа мавсумни қай аҳволда якунлашига қараб бир қарорга келади. Агар Клаудио Раньери шогирдлари юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишни уддалай олмаса, клубнинг трансфер сиёсати ва таркиб бўйича режалари ҳам тубдан ўзгаради.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг