Coca Cola Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган "Пахтакор" — "Турон" учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз...
- "Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман. Уларга ОЧЛда омад тилайман. Бугун режадагидек ўйин бўлди. 1:0 ҳисобида ортда бораётганимизда, вазиятлар содир эта олдик. Бироқ бундан унумли фойдалана олмадик. Мувозанатни сақлай олмадик. Йигитлар ёмон ўйин намойиш этмади. Имкони борича ҳаракат қилишди.
- Биринчи бўлимдан сўнг кийиниш хонасига кечроқ йўл олдингиз, бунинг сабаби нимада?
- Бу жиҳатни "Сурхон"да ишлаган пайтларим испан мураббийларидан ўргандим. Чунки йигитларда илк эмоциялар юзага келади. Дастлабки муҳокама — уларнинг иши. Биз ҳам 3-4 дақиқа ичида ёрдамчилар билан футболчиларнинг ҳолати тўғрисида гаплашиб оламиз. Испанлардан бир нечта жиҳатларни ўргангандим, бу усул шулардан бири.
- Таркибда биратўла 5-6 нафар футболчининг жароҳат олиши ўз-ўзидан юз бердими? Бугун уларнинг йўқлиги сезилди. Масалан, Муртозаев голлар урарди...
- ФИФА кунларида "Навбаҳор" билан ўйнадик. Шу билан бирга, "Қўқон-1912" билан учрашув ўтказдик. Бундай жамоаларга қарши баҳслар назорат мақомида бўлса ҳам, росмана дерби бўлади. Муртозаев ушбу баҳсда жароҳат олди. Йўқотишларга келадиган бўлсак, асосий дарвозабонимиз дисквалификацияга учраганди, иккинчи посбонимиз эса жароҳат олди. Шу боис, учинчи дарвозабон дебют қилди.
- Жамоада жароҳатларнинг мунтазам юзага келиши машғулотлардаги босимнинг юқорилигидан далолат бермайдими? Чунки таркиб нисбатан ёшлардан шаклланган...
- Ёшларда таркибга кириш иштиёқи кучли. Бироқ уларда тажриба йўқ, шу боис, жароҳатга йўлиқишмоқда. Бу ҳолат машғулотларда ҳам юз бермоқда. Бу нормал ҳолат.
- Ёшларга кўп имконият берилиши жароҳатлар кўплигиданми ёки кейинги мавсум учун уларни тайёрлаб боришдан далолатми?
- Иккаласи ҳам тўғри. Ҳозир "Турон" ёшларга эътибор қаратмоқда. Келгуси йил ёш жамоа шакллантиришни мақсад қилганмиз.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг