Куни кеча Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида шахмат бўйича нуфузли Qatar Masters турнири ўз якунига етди.
Жаҳон тождори Магнус Карлсен, рейтинг етакчилари Хикару Накамура, Аниш Гири, Аржун Эригаси сингари дунё шахмат юлдузлари иштирок этган мусобақа бош соврини ҳамюртимиз Нодирбек Якуббоевга насиб этди.
Нодирбек чемпионлик учун кечган ҳал қилувчи тай-брек учрашувида жамоадоши Нодирбек Абдусатторовни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Абдусатторов турнир вице-чемпионига айланди. Учинчи ўриндаги ҳинд шахматчиси сингари 6,5 очко жамғарган Жавоҳир Синдаров қўшимча кўрсаткичларга кўра 4-ўринни банд этди.
Шу тариқа, шов-шувли тарзда Qatar Masters Chess-2023 турнири ғолибига айланган Нодирбек Якуббоев бош соврин билан бирга 25 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини ҳам қўлга киритди.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 108 минг 250 долларни ташкил этади. Иккинчи ўрин соҳиби Нодирбек Абдусатторов 15 000, 4-ўринни банд этган Жавоҳир Синдаров эса 7500 АҚШ долларига эга бўлди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг