09:18 / 23.10.2023
233

"Нассажи Мозандарон"ни енгишига "Навбаҳор"га нима ёрдам беради?

"Нассажи Мозандарон"ни енгишига "Навбаҳор"га нима ёрдам беради?

Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи ўзининг авж палласига кирмоқда. 3-тур баҳслари клубларимизнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини белгилаб беради. Хўш, бу турда "Навбаҳор" рақиби бўладиган "Нассажи Мозандарон"дан бошлаймиз. Қуйида унинг имкониятлари, таклиф этиши мумкин бўлган футбол ва "лочинлар"нинг имкониятлари борасида сўз боради.

Ўйин услуби қандай?

Ўйин қуриш борасидаги жуда кўплаб аспектларда Эрон клуби "Навбаҳор" билан ўхшаш. Тезлик ва кескинликдан кўра балансни хуш кўрадиган эҳтиёткор қарши ҳужум жамоаси. Меҳди Раҳмати шогирдлари классик жисмоний футбол намойиш этадиган атлетлардан ташкил топган. Жамоа жуда содда ва шу билан биргаликда яхши эффект берувчи услубда ҳаракат қилади. 4-2-3-1 схемаси асосий бўлиб, қанот ҳимоячилари одатдагидан кўра кўпроқ олдинга ўтишга интилади. Вазиятдан келиб чиқиб, 2 таянч ярим ҳимоячиси чуқур ҳимояланишга қодир.

"Нассажи"нинг ҳимоя чизиғи ҳужум чизиғидан кўра анча кучлироқ. Айнан орқа чизиқдаги йигитларнинг тартибли ўйини эвазига "Мумбай Сити" билан меҳмондаги ўйинда жамоа 3 очко ишлаб олган эди. Марказий ҳимоячилар тандеми баланд бўйли (Жонмалаки/Раҳмати) бўлиб, иккинчи қаватдан бўладиган ҳужумлар чоғида деярли бехато ҳаракат қилади. Майдон маркази ёки қанот ярим ҳимоячилари масаласида бундай деб бўлмайди. Айнан шу зона "Нассажи"нинг энг ожиз нуқтаси. Ҳужумда эса Муҳаммад Ризо Азоди ҳаракат қилади. 9 рақам эгаси майдонда деярли икки футболчини ишини бажариб берганига бир неча бор гувоҳ бўлдик. У бўш зоналарга очилиш билан биргаликда тўпни ўзида ушлаб, ҳужумга темп қўшиши ҳам мумкин. Классик соф ҳужумчи. Тезлиги чакки эмас, аммо асосий козер қартаси майдонда юқори интеллект билан тўп тепиши.

Меҳди Раҳмати жамоаси ҳозир муаммоларга ўралашиб қолган десак, адашмаган бўламан. Жамоа сўнгги 3 ўйинда (битта ОЧЛ, 2 та Эрон ички биринчилигида) имкониятни бой бериб қўйди. Мухлислар мураббийнинг истеъфосини талаб қилишни бошлаган. Форс нашрлари ҳам Намангандаги баҳс мутахассиснинг келажагини белгилаб бериши борасида ёзмоқда. Эрон биринчилигида 6 ўйинда 5 очко жамғарган клуб халқаро майдонда ҳам мағлуб бўлса, Раҳматини ҳеч нарса ушлаб қолмаслиги турган гап.

"Навбаҳор"га ноқулайми?

Ўйин режаси ва вазиятга қараб ҳаракатланувчи "Нассажи" кўп аспектларда "Навбаҳор"га ўхшаб кетади, аммо ижрочилар маҳорати борасида "лочинлар"да устунлик мавжуд. Форслар эса ҳимоядаги тартибли ўйин ва жисмоний тайёргарлик билан жавоб қайтаришга уринади. "Нассажи" эрта прессингга деярли мурожаат этмайди. Жамоа рақибни асосан 2-зонада кутиб олишга ва кучни ўйиннинг сўнгги қисмида ишлатиш эвазига таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатишга уринади. Очиқ футбол ўйнайдиган жамоалар билан Самвел Бабаян шогирдлари ўзини "сувдаги балиқ"дек ҳис этиши ҳеч кимга сир эмас, аммо Мозандарондан келган рақиб унинг умуман акси.

Катта эҳтимол, контактларга бой, бироз пастроқ темпда ўтадиган футбол баҳси бизни кутиб турибди. Ўйинни эса "лочинлар" ғалаба билан тугатишни истаса, ҳимояда бехато ҳаракат қилиш камлик қилади. Майдон марказидаги устунлик билан биргаликда, индивидуал ёриб киришга қодир ижрочиларга кўпроқ имконият тақдим этиш лозим. Айнан креатив футболчиларнинг ўйинни ўзига олиши якунда ғалабани тақдим этиши мумкин. "Лочинлар" "Насажжи Мозандарон"дан кўплаб факторлар эвазига кучлироқ ва бу баҳсни ғалаба билан тугатиши шарт.

Асосийси, ўйин давомида қўпол хатоларга йўл қўймаслик. Барчаси вазиятдан келиб чиқиб, ўзгариб кетиши мумкин. Муҳими - биринчи голни биз киритишимиз. Бу омил, якунда баҳсни йирик ҳисобдаги ишончли ғалаба билан якунлаш имконини тақдим этади. Турнир жадвалидаги ҳолатимиздан келиб чиқсак, бу баҳсдаги ғалаба якунда "Навбаҳор" учун плей-офф йўлланмасини тақдим этиши ҳам ҳеч гап эмас.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Нассажи Мозандарон"ни енгишига "Навбаҳор"га нима ёрдам беради?