Adidas компанияси реклама акцияси доирасида футбол оламининг икки афсонаси Лионель Месси ва Зинедин Зидан учрашувини ташкил этди.
“Барселона”нинг собиқ футболчиси ва “Реал”нинг собиқ мураббийи футбол қандай ўзгараётгани, эски хотиралар ва шунчаки суҳбат учун йиғилди.
Суҳбат давомида юлдузлар бир-бирига ҳурмат кўрсатди:
Зидан: “Мана бугун “ўнлик” билан шу ердамиз. Биз билан эса озроқ мўъжиза ҳам (Леонинг оёғига ишора қилиб) бор.
Афсус, бирга тўп суриш насиб этмаган, лекин ҳозир сенга тўп узатиш имкониятим бор. Жуда узоқ йўл босдим, ҳозир эса сен билан футбол ҳақида суҳбатлашиш учун шу ерда эканлигимдан мамнунман. Бу одамлар учун ҳам қизиқарли. Уларга футболдан ҳам кўпроқ нарса керак”.
Месси: “Бу мен учун ҳам қувончли. Сизни қанчалик ҳурмат қилишимни биласиз. Ҳа, бирга тўп сурмаганимдан афсусдаман, лекин бир-биримизга қарши ҳаракат қилганмиз. Кейин эса мураббий ва футболчи сифатида ҳам қарама-қаршиликлар бўлган. Мен сиз қилган ва қилаётган ишлардан доимо ҳайратдаман”.
Суҳбат давомида Зизудан Мессини таърифлаш сўралди.
“Биттагина сўз етарли: “мўъжиза”. Лео билан доим ҳам кўришмаймиз, шунинг учун бугун унинг ўйинидан қанчалик ҳайратланишимни айтиб қолишим керак. Футболни тушунадиган инсон биладики, у қилаётган ҳаракатлар мўъжизани ўзгинаси. Бундай футболчилар жуда кам. Улар ҳам Леога ўхшамайди. Месси — ягона”.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг