13:00 / 11.11.2023
205

Даврон Файзиев: "Кубок финалида ғолиб пенальтилар сериясида аниқланади"

Даврон Файзиев: "Кубок финалида ғолиб пенальтилар сериясида аниқланади"

12 ноябрь куни Қаршида Ўзбекистон Кубоги финали бўлиб ўтади. Унда ғолиблик учун “Насаф” билан ОКМК куч синашишини яхши биласиз. Энди барча эътибор ушбу учрашувга қаратилган.

Ҳамма нарса фақат битта ўйинда ҳал бўлади. Жамоалар бундай пайтда ўзидаги ички захира кучларини ҳам сарфлашлари табиий ҳол. Кўпчилик беллашув олдидан жамоаларнинг кучи ва имконияти борасида турли фикрларни билдиришяпти. Бу борада жиззахлик мутахассис Даврон Файзиев Sports.uz учун қуйидагиларни айтди.

“Учрашувда ҳамма нарса юқори ўринга чиқади”

- Ўзбекистон Кубоги финалидаги ғолиб пенальтилар сериясида аниқланади. Лекин қайси бири ғолиб бўлишини айта олмайман. Нима учун пенальтилар серияси? Иккала жамоани тажрибасига таянган ҳолда айтяпман. “Насаф” ҳам, ОКМК ҳам Осиё Чемпионлар лигасида қатнашишяпти. Ҳа, ОКМКнинг сенсацион тарздаги мағлубиятидан кейин финалда кўпроқ ҳимояга эътибор қаратиб пенальтилар сериясигача боради, деган фикрдаман. “Насаф”нинг плюс томони ички чемпионатда ҳам, ОЧЛда ҳам яхши ўйин кўрсатяпти. Ўз майдонида ўйнаётгани қайсидир томонлама устунлик беради, чунки мухлислари кўз ўнгида тўп суришади. Аммо ишқибозлар томонидан босим ҳам бўлади. Барибир “Насаф” асосий вақтда ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Бу ўйин мураббийларнинг қандай тактика қўллашига ҳам боғлиқ бўлади. Ушбу учрашувда ҳамма нарса юқори ўринга чиқади.

“Ўйинни стадионда томоша қиламан”

- Тўғрисини айтсам, жамоаларни финалга етиб келишини кутмагандим. Масалан, “Насаф” ярим финалда “Динамо”га қарши катта қийинчиликка дуч келди. ОКМК “Навбаҳор” билан дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Масалан, “Пахтакор”нинг Кубокдан барвақт чиқиб кетиши ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. “Насаф”ни “Турон”дан қандай қийинчилик билан ўтганини эслаш керак. Балки “Турон” ёки “Динамо”ни финалда кўриш ҳам мумкин эди. Бу ҳам омадга боғлиқ. Омад ҳар доим кучлиларга кулиб боқади. Адашмасам, охирги марта пенальтилар серияси “Бунёдкор” – “Пахтакор” ўйинида юз берганди, 2008 йили бўлса керак. Бу йилги Кубок финалини Қаршида, стадиондан туриб томоша қиламан, Худо хоҳласа. Бундай ўйинлар ҳар доим бўлавермайди.

“Агар ОКМК Кубокни ютса, барча омадсизликлари унутилади”

- ОКМК ОЧЛда кутилмаганда йирик ҳисобда ютқазди ва энди Кубок финалида жамоанинг ўзига бўлган ишончи асосий ўринга чиқади. Руҳий томонлама бу мағлубиятдан кейин финалда ўйнаш оғир бўлади. Инсонни ички кучи бўлади, бу ҳаммада бор. Шу нарсани ишга солишса барча нарса эсдан чиқади. Агар ОКМК Кубокни ютса, омадсизликлар унутиб юборилади. Шу боис уларда ҳам умид бор. Аслида йирик мағлубиятлар ҳар қандай жамоа билан содир бўлиши мумкин. Ҳа, бундай натижани биров кутмаганди. Пешонада бор экан, шуни кўришди. Кубок финалида имкониятлар 50х50. Ғолиб жамоа келаси йили яна ОЧЛда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

“Чемпионат қизиқ ўтяпти”

- Бу йилги чемпионат қизиқ ўтяпти. Масалан, “Пахтакор” мағлубиятлари билан ҳам барибир чемпионликка яқинроқ турибди. Бошқа клублар унинг мағлубиятларидан фойдалана олмади. Масалан, “Насаф”ни ўз уйида “Қизилқум” билан дуранг ўйнаши ёки “Бунёдкор”га ютқазиб қўйишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. ОКМК ҳам уйида бир қанча очколарни бой берди. “Навбаҳор”да ҳам йўқотилган очколар бўлди. Интрига кучли бўляпти. Пастки ўринларда ҳам худди шунақа.

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Даврон Файзиев: "Кубок финалида ғолиб пенальтилар сериясида аниқланади"